Андижон вилоятида меҳнат шароитлари ва ижтимоий ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.

Жорий йилнинг 4 март куни Ўзбекистон металлургия ва машинасозлик саноати тармоқлари ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши раиси ўринбосари Ш.Ш.Исроиловнинг Андижон вилоятига ташрифи доирасида бир қатор учрашув ва амалий тадбирлар ўтказилди.
Ташриф давомида Вилоят Кенгаши аппарати ходимлари ҳамда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Андижон вилояти Кенгаши раиси ўринбосари Н. Абдурахмонова билан учрашув ташкил этилиб, тармоқда касаба уюшмалари фаолиятини янада такомиллаштириш, меҳнаткашларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Шунингдек, ҳар йили “Узметмашсаноат” касаба уюшмаси Республика Кенгаши ҳамда “Узавтосаноат” АЖ билан ҳамкорликда ўтказиладиган “Хавфсиз меҳнат шароитларини таъминлаш, юқори эстетика ва ишлаб чиқариш маданиятини яхшилаш” кўрик-танлови доирасида 2025 йилда турли номинациялар бўйича ғолиб бўлган корхоналарга ташриф буюрилди.
Жумладан, “АвтоКлимат Контроль” МЧЖ, “UzAuto Austem” МЧЖ ва “Auto Rubber” МЧЖ корхоналарида бўлиб, мазкур танловда совриндор бўлган меҳнат жамоаларига “Узметмашсаноат” касаба уюшмаси Республика Кенгаши ҳамда “Узавтосаноат” АЖнинг дипломлари тантанали равишда топширилди.
Ташриф давомида корхоналар раҳбарлари — “АвтоКлимат Контроль” МЧЖ бош директори Мухиддин Бобурбек Зайлобиддин ўғли, “UzAuto Austem” МЧЖ бош директори Сарварбек Абдурахмонов ва “Auto Rubber” МЧЖ бош директори Фаррухбек Марахимов билан ҳам учрашувлар ўтказилди. Учрашувларда корхоналар фаолияти, ишчи-ходимлар учун яратилган меҳнат шароитлари, уларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар ҳақида суҳбатлашилди.
Суҳбатлар давомида Республика Кенгаши раиси ўринбосари Ш.Ш. Исроилов томонидан меҳнат шароитларини янада яхшилаш, ишлаб чиқариш маданиятини юксалтириш ҳамда ходимларнинг ижтимоий ҳимоясини мустаҳкамлаш юзасидан тегишли тавсия ва маслаҳатлар берилди.

Print Friendly, PDF & Email