Куни кеча металлурглар маданият саройида комбинат касаба уюшмаси қўмитаси томонидан жамоат арбоби, садоқат ва вафо куйчиси Ўзбекистон халқ шоираси Зулфияхоним таваллуд кунига бағишланган «Зулфия — садоқат тимсоли» номли адабий-бадиий тадбир ўтказилди.
Тадбир аввалида касаба уюшмаси қўмитаси раиси Ахмаджон Узоқов бугунги кунда давлатимиз раҳбари томонидан ижод аҳлига қаратилаётган эътибор, Зулфияхонимнинг ўзбек адабиётида тутган ўрни, инсоний фазилатлари, хусусида таъкидлаб ўтди.
Тадбирда сўзга чиққан 2012 йилги Зулфия давлат мукофати сохибаси Ситора Тошматова садоқат ва вафо куйчиси Зулфияхонимнинг ҳаёти ва ижоди, ёшларга ибратли ўтмишдаги машаққатли меҳнатлари, хусусан, садоқатли ёр, меҳрибон она, жамиятда ўз ўрнига эга бўлган адиба эканлиги ҳақида айтиб, ўз ижодида шеърлар ўқиб берди.
Шунингдек тадбирда сўз олган «Бекобод янгиликлари» «Новости Бекабада» газеталари рахбари Абдуллажон Исматов, комбинат бошқаруви раиси бош директорнинг маънавий ишлар бўйича маслахтчиси Нигора Атаханова Зулфиянинг ибратли ҳаёти, бетакрор ижоди, ҳаётнинг ҳар қандай сурон ва тўфонлари қаршисида ўзини йўқотмай, сабр-тоқат ва шукроналик билан яшаган ўзбек аёли, ўзбек шоирасининг тимсоли эканлиги ҳақида айтиб ўтишди.
Адабий-бадиий тадбир давомида комбинатнинг ижодкор ёшлари ва шаҳримизнинг 2-мактаби ўқувчилари томонидан шоира ижодидан энг сара шеърлар ўқилди. Шу билан бирга металлурглар маданият саройи бадиий хаваскорлик тўгарак аъзолари ижросида шоира шеърлари билан айтиладиган қўшиқ ва рақслар тараннуми барчага манзур бўлди.
Тадбир сўнгида Ситора Тошматовага ҳамда фаол иштирокчи ижодкор ёшларга комбинат касаба уюшмаси қўмитаси томонидан эсдалик совғалар топширилди.
Сообщить об опечатке
Текст, который будет отправлен нашим редакторам: