Иложи бўлса, ушбу постни фуқаролик судлари судьяларига, меҳнат ҳуқуқ инспекторларига, юристлар ва кадрларга ҳамда жойлардаги касаба уюшма қўмиталарига юбориб қўйинг.
Маълумки, Меҳнат кодексининг 164-моддасига асосан агар жамоа келишуви ёки жамоа шартномасида белгиланган бўлса, меҳнат шартномасини иш берувчи ташаббусига кўра бекор қилишдан аввал касаба уюшмаси қўмитасини розилигини олиш шарт.
Билганлар билади, Касаба уюшмалари федерацияси Ижроия қўмитасининг 2023 йил 23 майдаги 9-5-сонли қарори билан тасдиқланган “Касаба уюшмаси қўмитаси органида меҳнат шартномасини иш берувчи ташаббусига кўра бекор қилиш тўғрисидаги тақдимномасини кўриб чиқиш тартиби” тасдиқланган.
Бу Тартибда МК 164-моддасида кўрсатилган ўша касаба уюшмаси қўмитасини розилигини олиш тартиблари кўрсатилган ва ушбу ҳужжатда меҳнат қонунчилигида, жумладан, Меҳнат кодексида кўрсатилмаган бошқа қўшимча қоидалар мавжуд. Масалан, касаба уюшмаси қўмитаси йиғилишига ходимни расман чақиртириш лозимлиги, агар ходим меҳнатга лаёқатсизлик ҳолатида бўлса, иш берувчининг тақдимномасига рад жавоби берилиши, касаба уюшмаси қўмитасининг розилик қарорлари ва баённомаларини расмийлаштириш билан боғлиқ бир-биридан мураккаб қоидалар кўрсатилган бу Тартибда.
Тўғрисини айтадиган бўлсам, унча-мунча иш берувчи Федерациянинг ушбу 9-5-сонли Тартибига тўлиқ риоя қилиши қийин ва амалиётда ҳам кўряпмиз, аксар иш берувчилар меҳнат шартномасини бекор қилишда бу Тартибда кўрсатилган талабларни билиб-билмай бузмоқда ва оқибатда ходимлар ишга тикланмоқда.
❗️Лекин, бир нарсани тушуниб олиш керак, ушбу 9-5-сонли тартиб ва ундаги қоидалар барча ташкилотларга ва барча касаба уюшма қўмиталарига тегишли эмас.
Чунки Касаба уюшмалари федерацияси Ижроия қўмитасининг 2023 йил 23 майдаги 9-5-сонли қарори билан тасдиқланган “Касаба уюшмаси қўмитаси органида меҳнат шартномасини иш берувчи ташаббусига кўра бекор қилиш тўғрисидаги тақдимномасини кўриб чиқиш тартиби”нинг 2-бандида (https://t.me/yuristkadr/12701?single) ушбу тартиб Федерация тизимига кирган касаба уюшма қўмиталарига нисбатан тадбиқ этилиши кўрсатилган.
Шундан келиб чиқадиган бўлсак, бу тартиб ва ундаги қоидалар:
➖биринчидан, Касаба уюшмалари федерацияси тизимига кирмаган ва ушбу Федерацияга аъзо бўлмаган касаба уюшмалари ва касаба уюшма қўмиталарига;
➖иккинчидан, ходимлари бирор-бир касаба уюшмаси ташкилотига аъзо бўлмаган ва шунга кўра “касаба уюшмаси қўмитаси” ўрнига тузилган “ходимларнинг бошқа вакиллик орган”ларига тегишли ҳам ва мажбурий ҳам эмас.
Маълумот сифатида айтиб ўтамиз, Касаба уюшмалари федерациясининг расмий сайтига кўра Федерация тизимидаги касаба уюшмаларига: Авиация ходимлари касаба уюшмаси, Агросаноат ходимлари касаба уюшмаси, Ахборот технологиялари ва оммавий коммуникация ходимлари касаба уюшмаси, Давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари касаба уюшмаси, Тадбиркорлик, бизнес ва хизмат кўрсатиш соҳалари ходимлари касаба уюшмаси, Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси, Металлургия ва машинасозлик саноати ходимлари касаба уюшмаси, Энергетика, нефт-газ ва геология ходимлари касаба уюшмаси, Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси, Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси, Темирйўлчилар ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси, Транспорт, йўл ва капитал қурилиш, қурилиш индустрияси ходимлари касаба уюшмаси, Маданият, спорт ва туризм ходимлари касаба уюшмаси, «Олмалиқ кон-металлургия комбинати» АЖ ходимлари касаба уюшмаси киради.
Энди 9-5-сонли тартибни айнан кимга тегишли эканини биласиз.
Сообщить об опечатке
Текст, который будет отправлен нашим редакторам: