Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясида Туркия Металлар иттифоқи касаба уюшмаси бош котиби Талифан Киймаз билан учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда охирги йилларда Ўзбекистон ва Туркия мамлакатлари ўртасидаги дўстона ҳамкорлик алоқаларининг ривож топиб, янги босқичга кўтарилгани, шу аснода икки мамлакат касаба уюшмалари ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларининг ривожланиб бораётгани хусусида сўз борди.
Дастлаб Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиков меҳмонларга мамлакатимизда Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуслари билан инсон қадрини улуғлаш ва манфаатларини таъминлаш борасида амалга оширилаётган тизимли ислоҳотлар ва уларнинг натижалари тўғрисида батафсил сўзлаб берди. Мазкур жараёнларда Ўзбекистон касаба уюшмаларининг фаол иштироки, юртимизда Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ва Иш берувчилар Конфедерацияси ўртасида имзоланган Бош келишув доирасида амалга оширилаётган тизимли ишлар билан таништириб ўтди. Шунингдек, Туркий давлатлар касаба уюшмалари ташкилоти таъсис этилгани, Туркий давлатлар касаба уюшмалари ташкилотини таъсис этишдан кўзланган мақсад – Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар касаба уюшмаларининг саъй-ҳаракатларини уйғунлаштириш, ходимларнинг меҳнат, касбий, ижтимоий-иқтисодий ҳамда бошқа қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда касаба уюшмаларининг ўзаро ҳамкорлигини мустаҳкамлашдан иборат эканлиги таъкидланди. Бугунги кунда мазкур ташкилот меҳнаткашлар манфаатларини таъминлаш ишларини янада такомиллаштириш, мамлакатлараро касаба уюшмаларнинг дўстона алоқаларини янада мустаҳкамлаш ва асосий вазифаларни амалга оширишда тажриба алмашишлар, ютуқларни ўрганиш ва амалиётга татбиқ этиш йўналишларида иш олиб бораётганини қайд этди.
Ўз навбатида Туркия Металлар иттифоқи касаба уюшмаси бош котиби Талифан Киймаз икки давлат Президентлари саъй-ҳаракатлари билан ўзаро манфаатли дўстона ҳамкорлик алоқаларининг тобора ривож топиб бораётгани, мазкур жараён икки мамлакат касаба уюшмаларининг ҳамкорлигида ҳам акс этаётганини алоҳида таъкидлади.
– Юртингизга келиб Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуслари билан амалга оширилаётган туб ислоҳотларнинг натижаларини ўз кўзим билан кўриб жуда қувондим, – деди жумладан Талифан Киймаз. – Тошкентнинг гўзаллашиб кетганини кўриб ҳайратландим. Ўзбекистон касаба уюшмалари фаолияти билан танишар эканман, шунга амин бўлдимки, сизлардан ўрганадиган жиҳатларимиз жуда кўп экан. Ўзаро ҳамкорлик алоқаларимизни бундан буён ҳам ривожлантириш орқали Ўзбекистон касаба уюшмаларининг меҳнаткашлар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш борасидаги илғор тажрибаларини оммалаштиришга эришамиз деган умиддаман. Бу жараёнда албатта, таъсис этилишида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси алоҳида ўрин тутган Туркий давлатлар касаба уюшмалари ташкилоти айни муддао эканлигини таъкидламоқчиман.
Учрашув якунида Ўзбекистон Металлургия ва машинасозлик саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши ва Туркия Металлар иттифоқи касаба уюшмаси ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш ва ўзаро тажриба алмашиш хусусида келишиб олинди.
Сообщить об опечатке
Текст, который будет отправлен нашим редакторам: