«Ўзметкомбинат» АЖ меҳнат жамоасининг 2022 йил биринчи ярим йиллигида жамоа шартномаси ва унинг иловаларининг бажарилиши тўғрисидаги конференцияси бўлиб ўтди.

Бугунги кунда комбинат ходимларига қулай шарт-шароитлар яратиш ва сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш мақсадида комбинат таркибий бўлинмаларида 10 дан ортиқ ошхоналар капитал таъмирдан чиқарилди ва Ферроқотишмалар ишлаб чиқариш цехида 120 ўринга мўлжалланган бир сутка давомида ўртача 350 нафар ишчи-ходимларга хизмат кўрсатадиган янги замонавий ошхона барпо этилди.

Шунингдек, комбинат ишчи-ходимларига замонавий тиббий хизмат кўрсатиш мақсадида янги поликлиника комбинат маблағлари ҳисобидан замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланиб тўлиқ реконструкция қилиниб, фойдаланишга топширилди.

Шу билан бирга, 50 нафардан зиёд уй-жойга муҳтож ишчи-ходимларни уй-жой билан таъминлаш учун «Ипотека» кредити асосида бошланғич бадал маблағлари тўлаб берилди.

Комбинат касаба уюшмаси қўмитаси раиси Қодиров Иброхим Махаматхонович — жамоа шартномасининг 2.12.8 бандига ўзгартириш киритиш яъни асосий ишидан озод этилмаган сайланган цех касаба уюшмаси қўмиталари фаоллари учун ҳафтанинг сешанба кунида ярим кун ва ҳафтанинг қолган иш кунларида бир соатдан вакиллик фаолияти билан шуғулланишлари учун ўртача ойлик маоши сақланган ҳолда асосий ишидан озод этилиши таклифини киритди.

Шунингдек касаба уюшмаси қўмитаси раиси муҳтарам Президентимиз топшриқларининг ижросини таъминлаш мақсадида ҳамда ўндан ортиқ ижтимоий объектларнинг фаолиятини ташкил этиш ва яхшилаш учун кўплаб молиявий маблағлар талаб этилади. Шу муносабат билан Касаба уюшмаси қўмитаси томонидан юқори Касаба уюшмалари органларига ўтказиладиган 30% фоизлик аъзолик бадалларини 10% фоизга туширишни таклифини киритди.

Иқтисод қилинган маблағлар Касаба уюшмаси аъзоларининг ижтимоий-иқтисодий, тиббий, маданий, оммавий-спорт ва хуқуқий масалаларини ҳал этиш ва соҳани янада ривожланиришга йўналтирилади.

Конференция якунида яқинда Туркиянинг Кония шаҳрида 5-Ислом бирдамлик ўйинларида спортнинг пара сузиш тури бўйича муносиб иштирок этиб, бронза медалига сазовор бўлган  «Металлург» спорт мажмуаси сузиш ҳавзаси тарбияланувчиси Исломбек Нуриддинов ҳамда 11 — 14 август кунлари Шаҳрисабз шаҳрида спортнинг «Усманов Комбат Системс» тури бўйича  Ўзбекистон кубоги мусобақасида 70 кг вазн тоифасида муносиб иштирок этиб накдаун (А) йўналиши бўйича ғолибликни қўлга киритган комбинатимиз ишчиси Хабибулло Ибадуллаевлар комбинат Касаба уюшмаси қўмитасининг «Ташаккурномаси» ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланишди.

Print Friendly, PDF & Email