Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Бош кенгаши ва Ўзбекистон фахрийларининг фаолиятини ижтимоий қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси Васийлик Кенгаши аъзоларининг қўшма мажлиси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ва “Нуроний” жамғармаси Бошқаруви, Тармоқ касаба уюшмалари Республика ҳамда ҳудудий кенгашлари, “Нуроний” жамғармасининг ҳудудий ва туман шаҳар бўлимлари мутасаддилари ва масъул ходимлари иштирок этдилар.
Қўшма Мажлисда Ўзбекистон касаба уюшмалари фаоллари ва республика нуронийларининг Ўзбекистон халқига Мурожаати қабул қилинди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Бош кенгаши ва Ўзбекистон фахрийларининг фаолиятини ижтимоий қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси Васийлик Кенгаши аъзоларининг қўшма мажлисида аввало ўтган 7-8 йил давомида Президентимиз ташаббуслари билан халқимизнинг турмушини тубдан ўзгартиришга йўналтирилган ва “Инсон қадри учун” ғоясини илгари сурувчи тарихий аҳамиятга эга оламшумул эзгу ишлар амалга оширилаётгани эътироф этилди. Хусусан, 2020 йилда Давлатимиз раҳбари томонидан илгари ҳеч бир раҳбар томонидан айтилмаган, аммо, халқимизни қийнаб келаётган “камбағаллик” ва унинг иқтисодий чегаралари очиқ-ошкора эълон қилинди ва мамлакатимизда камбағалликни таг-томири билан бартараф этиш бўйича зарур чоралар амалга ошириб келинмоқда.
Ўша вақтда 7,5 млн ёки 23 фоиз аҳолининг даромади камбағаллик чегарасидан пастда эди.
Ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида ўтган 4 йил давомида жуда катта ва салмоқли ишлар амалга оширилди.
Натижада 2023 йил якуни билан мамлакатимизда камбағаллик даражаси аҳоли сонига нисбатан 23 фоиздан 11 фоизга тушди.
Қисқа муддатда мамлакатимизнинг сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маданий-гуманитар йўналишлардаги тараққиёт суръатлари кескин ўзгариб, янгича сифат ва мазмун касб этиб, беқиёс қудрат ва шиддатга эга бўлиб бормоқда. Энг муҳими, юртимизда давлат ва жамият таянчи бўлган халқимизга, унинг бунёдкорлик салоҳиятига муносабат тубдан ўзгарди. Инсон, унинг эркин ва фаровон ҳаёти барча ислоҳотлар марказида турадиган бош мақсадга айланди.
Мажлисда Президентимиз томонидан 11 сентябрь куни камбағалликни қисқартириш ишларини кейинги сифат босқичига олиб чиқиш масалаларига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида Давлатимиз раҳбари мамлакатимизда камбағалликни қисқартириш бўйича олиб борилаётган ишларни умуммиллий ҳаракатга айлантириш бўйича янги ташаббусни илгари сургани таъкидланди.
Президентимизнинг мазкур ташаббусларини қўллаб-қувватлаб, Ўзбекистон касаба уюшмалари ва республика нуронийлари томонидан бу борада амалга оширилаётган ишларда муҳтарам Юртбошимизга елкадош бўлиш мақсадида аниқ вазифаларни белгилаб олган ҳолда, ҳамжиҳатликда Ўзбекистон халқига мурожаат билан чиқиш таклифи илгари сурилди.
Шундан Ўзбекистон касаба уюшмалари фаоллари ва республика нуронийларининг Ўзбекистон халқига Мурожаати ўқиб эшиттирилди.
Таъкидлаш зарурки, жамиятнинг бу оғриқли муаммосини бартараф этиш юзасидан комплекс ёндашган ҳолда кураш олиб бориш ва бу борада барча бирдек даҳлдор эканлиги ўз ифодасини топган мазкур Мурожаат барча юртдошларимизни, хусусан, халқимизнинг илғор фикрли зиёлилари, тадбиркорлари, кенг жамоатчилик вакиллари, ва албатта касаба уюшмалари фаоллари, нуронийларни камбағалликка қарши кураш бўйича умуммилий сафарбарликка чорлади.
Мурожаатда Президентимиз ташаббуслари билан бундан буён аҳоли даромадларини оширишдек эзгу мақсад давлат ҳокимияти органлари масъулларининг энг муҳим вазифаларидан бири сифатида белгилангани, камбағаллик жамиятнинг умуммиллий сафарбарлиги, бирлиги, шундай истак ва интилиш билан яшаши ҳисобига камайиши, Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ушбу м асала бўйича махсус “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури ишлаб чиқилаётгани алоҳида таъкидланди.
Жамиятда ҳеч бир киши бу ишга бефарқ қараб турмаслиги зарурлиги, бу муаммони бартараф этиш жамиятнинг барча аъзосига дахлдор масала эканлиги қайд этилиб, шу азиз юртни чин қалбдан севадиган ҳар бир инсонни шу муқаддас ғоя, олижаноб ташаббус атрофида бирлашишга чақирилди.
Жамиятимизда камбағалликни кескин камайтириш бўйича муҳтарам Президентимизнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаган ҳолда, камбағалликни кескин камайтиришга қаратилган қатор долзарб вазифалар ҳам қайд этилди.
Қўшма Мажлис иштирокчилари ҳам ушбу мурожаатнома бўйича ўз таклиф ва фикр-мулоҳазаларини билдиришди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Бош кенгаши ва Ўзбекистон фахрийларининг фаолиятини ижтимоий қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси Васийлик Кенгаши аъзолари томонидан ушбу Мурожаатнома бир овоздан маъқулланди. Мурожаатномани 50 минг нусҳада кўпайтириш ва барча маҳаллалар, касаба уюшмалари бошланғич ташкилотлари, Нуроний жамғармасининг ҳудудий бўлимлари, олий ва ўрта махсус таълим ташкилотларига тарқатиш юзасидан тегишли топшириқлар берилди.
Тадбир якунида бу борада касаба уюшмалари ва нуронийлар барчага намуна бўлиши, “Биз бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – Ватанмиз!” деган ғоя асосида ҳамжиҳатликда тизимли ишлар олиб борилиши бўйича вазифалар белгилаб олинди.
Сообщить об опечатке
Текст, который будет отправлен нашим редакторам: