Самарқанд вилоятига амалга оширган хизмат сафаримизнинг иккинчи куни SamAvto қўшма корхонасига ташриф билан бошланди. Маълумки, корхонанинг 75,2 фоиз улуши Туркиянинг Anadolu Group корпорациясига тегишли бўлиб, бу завод фаолиятида халқаро бошқарув тажрибаси жорий этилганидан далолат беради.
Ташриф доирасида завод бош директори Neshet Fatih билан учрашув бўлиб ўтди. Суҳбат бир соатдан ортиқ давом этиб, ўзаро очиқ ва самимий руҳда кечди. Учрашувда ходимлар билан ишлаш бўйича раҳбар Olena Vilgel ҳам иштирок этди.
Музокаралар давомида Фатих бейга касаба уюшмасининг асосий вазифалари, устувор йўналишлари ва амалга оширилаётган ишлар юзасидан атрофлича маълумот берилди. Ўз навбатида, корхона раҳбарияти ҳам завод фаолияти, ишлаб чиқариш кўрсаткичлари ҳамда истиқболли режалар ҳақида батафсил ахборот тақдим этди.
Эътиборли жиҳати шундаки, биз ташриф буюрган кундаёқ ишчи-хизматчиларнинг ойлик маошларини ошириш бўйича ҳужжат лойиҳаси тайёрлаб қўйилгани маълум бўлди. Бу ҳолат корхона раҳбариятининг ходимлар фаровонлиги ва ижтимоий ҳимоясига жиддий эътибор қаратаётганини кўрсатади.
Ташриф давомида ишчилар учун яратилган ижтимоий-маиший шароитлар билан яқиндан танишилди, меҳнат жамоаси билан очиқ мулоқотлар ўтказилди. Шунингдек, касаба уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштириш юзасидан қатор амалий таклиф ва тавсиялар берилди, айрим масалалар бўйича зарур амалий ёрдамлар кўрсатилди.
Учрашувлар ўзаро ишонч ва ҳамкорлик руҳида ўтди. Хизмат сафаримиз давом этмоқда ва навбатдаги манзилларда ҳам меҳнаткашлар манфаатларини ҳимоя қилиш, ижтимоий шерикликни мустаҳкамлаш йўлида ишларни изчил давом эттирамиз.
SamAvto қўшма корхонасига ташриф

Сообщить об опечатке
Текст, который будет отправлен нашим редакторам: