Қўлланилган интизомий жазо устидан қайси органга шикоят қилиш мумкин?
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 184-моддасига мувофиқ интизомий жазо устидан якка меҳнат низоларини кўриш учун белгиланган тартибда шикоят қилиниши мумкин. Бундай меҳнат низоларини меҳнат низолари комиссияси, суд, айрим тоифадаги ходимлар учун бўйсунув тартибида юқори турувчи органлар кўришга ҳақли ҳисобланади. Прокуратура ва меҳнат ҳуқуқ инспекциялари эса фақат мазкур ваколатли органларга интизомий жазони бекор қилиш билан мурожаат қилишлари мумкин, яъни интизомий жазони бекор қилишга ҳақли эмаслар. Меҳнат низосини кўриб чиқаётган орган содир этилган ножўя хатти-ҳаракат қандай вазиятда юз берганлигини, ходимнинг олдинги хулқ-атворини, меҳнатга бўлган муносабатини, интизомий жазонинг содир этилган ножўя хатти-ҳаракатнинг оғирлик даражасига қанчалик мос келишини, иш берувчининг интизомий жазо бериш тартибига риоя қилганлигини ҳисобга олиб, ходимга нисбатан қўлланилган интизомий жазони ғайриқонуний деб топиш ва уни бекор қилиш тўғрисида қарор чиқаришга ҳақли.
Ходимларни рағбатлантириш тартиби қандай амалга оширилади?
Ходимни рағбатлантириш учун асосий омил бўлиб унинг ишда эришган ютуқлари ҳисобланади. Шунингдек, ходимлар ўз меҳнат вазифаларини ҳалол ва виждонан бажарганлиги учун ҳам рағбатлантирилиши мумкин.
Рағбатлантириш турлари, қўллаш тартиби, афзаллик ва имтиёзлар бериш жамоа шартномалари, ички меҳнат тартиби қоидалари ва бошқа локал ҳужжатларда, жамоа келишувларида, интизом тўғрисидаги устав ва низомларда белгилаб қўйилади. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида 1999 йил 14 июнда 746-сон билан рўйхатдан ўтган «Идоравий мансублиги, мулкчилик ва хўжалик юритиш шаклларидан қатъи назар, корхона, муассаса, ташкилот ички меҳнат тартиби намунавий қоидалари»нинг 3.2-бандига асосан меҳнат мажбуриятларини тегишли равишда бажариш, меҳнатда юқори натижаларга эришиш, корхонада узоқ муддат намунали ишлаш ва ишдаги бошқа ютуқлари учун корхона ходимларига нисбатан қуйидаги рағбатлантиришлар қўлланиши мумкин:
- миннатдорчилик;
- пул мукофоти билан тақдирлаш;
- қимматбаҳо совға билан мукофотлаш.
Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексида рағбатлантириш турлари назарда тутилмаган, аксинча интизомий жазо чоралари аниқ белгилаб қўйилган. Таъкидлаш лозимки, интизомий жазо чоралари Меҳнат кодексида белгиланган ҳамда уларнинг рўйхати локал ҳужжатлар орқали кенгайтирилиши мумкин эмас. Рағбатлантириш турлари эса локал норматив ҳужжатлар орқали белгиланиши боис уларнинг рўйхати иш берувчи ва ходимлар вакиллик органлари томонидан келишиб кенгайтирилиши мумкин. Шунингдек, интизомий жазо чораларидан фарқли равишда бир вақтнинг ўзида ходимга нисбатан бир неча рағбатлантириш тури қўлланилиши мумкин. Масалан, ходимларни рағбатлантиришнинг моддий(пул мукофоти билан тақдирлаш) ва маънавий(миннатдорчилик) турларини бир вақтда қўллаш мумкин бўлади.
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 180-моддаси 3-қисмига асосан иш ҳақи, мукофотлар, қўшимча тўловлар, устамалар ва меҳнат ҳақи тизимида назарда тутилган бошқа тўловлар рағбатлантириш турларига кирмайди. Шунингдек, ходимнинг меҳнатда эришган ютуқлари учун эмас, балки алоҳида муҳим саналар ёки бошқа воқеаларни нишонлаш муносабати билан бериладиган мукофотлар ҳам рағбатлантириш тури бўлиб ҳисобланмайди.
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 180-моддаси 4-қисмига асосан интизомий жазо амал қилиб турган муддат мобайнида ходимга нисбатан рағбатлантириш чоралари қўлланилмайди. Интизомий жазонинг амал қилиш муддати эса жазо қўлланилган кундан бошлаб бир йилни ташкил қилади.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида 1999 йил 14 июнда 746-сон билан рўйхатдан ўтган «Идоравий мансублиги, мулкчилик ва хўжалик юритиш шаклларидан қатъи назар, корхона, муассаса, ташкилот ички меҳнат тартиби намунавий қоидалари»нинг 3.3-бандига асосан тақдирлашлар одатда мазкур ходим ишлаётган таркибий бўлинма раҳбарининг ёки меҳнат жамоасининг илтимосномасига кўра корхона раҳбари томонидан чиқариладиган буйруққа биноан эълон қилинади.
Саволларга Республика Кенгаши юрисконсульти Х.Қучқаров жавоб берди
Сообщить об опечатке
Текст, который будет отправлен нашим редакторам: