Андижон вилояти тармоқ корхоналарида фаолият юритаётган хотин-қизлар учун семинар — тренинг ташкил қилинди

Ўзбекистон металлургия ва машинасозлик саноати тармоқлари ходимлари касаба уюшмаси Республика Хотин-қизлар Кенгашининг 2017 йил иш-режасига асосан Республика Кенгаши ходимлари жорий йилнинг 16-18 май кунлари тармоқнинг Андижон вилоятидаги корхоналарда фаолият юритаётган хотин-қизларнинг иш шароитлари, уларга яратилган имтиёзлар кўздан кечирилди. Бундан ташқари  аёллар билан иш жараёнида сайёр қабул ўтказилиб, уларни қийнаётган муаммолар ўрганиб чиқилди.

Ташриф давомида Андижон вилоятидаги 20 дан ортиқ корхона кўздан кечирилиб, хар бир корхонада меҳнат қилаётган аёллар билан суҳбат ўтказилди.  Суҳбат давомида аёллар  ойлик иш хақлари вақтида тўланаётганлиги, дам олиш ва гигиена хоналари мавжудлиги, махсус кийим-бош ва пойабзал ҳамда химоя воситалари билан таъминланганлиги, корхонада ўтказилаётган маданий тадбирлар, уюштирилаётган саёхатлар, бола парвариши учун вақтида тўланаётган  нафақа пуллари ҳамда қўшимча равишда яратилган имтиёзлар тўғрисида сўзладилар ва ўз иш шароитларидан тўлақонли равишда мамнунликлари тўғрисида тўхталиб ўтдилар.

Бундан ташқари тармоқнинг Андижон вилоятида мехнат қилаётган хотин-қизларининг меҳнат хуқуқлари билимларини янада ошириш мақсадида “Хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари ҳимояси” мавзусида семинар-тренинг ташкил этилди. Республика Хотин-қизлар Кенгаши томонидан ташкил этилган мазкур семинар-тренингда 120 дан ортиқ аёллар иштирок этдилар. Бахс-мунозараларга тўла бўлган ушбу семинарда хотин-кизларнинг ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, меҳнат қонунчилиги ва меҳнат муносабатлари, хавфсиз иш ўринлари яратиш, зарарли шароитларда фаолият юритаётган аёлларга қонун доирасида белгиланган имтиёзларни тўлиқ яратиш, уларни махсус кийим-бош, хавфсизлик воситалари ва бепул сут маҳсулотлари билан вақтида таъминлаш, касаначиликни янада ривожлантириш каби мавзулар атрофлича мухокама қилинди.

Семинар давомида Республика Кенгаши бош юристконсульти иштирокида ишлаб чиқаришда учрайдиган, асосан аёлларга тегишли бўлган казус холатлар бўйича амалий машғулотлар ўтказилди.  Амалий машғулотларда барча йиғилган аёллар фаол қатнашиб, ўзларининг фикр мулохазаларини билдирдилар.

Тадбир якунида ишлаб чиқаришда аёлларнинг энг катта муаммолари сархисоб қилиниб, уларни бартараф этиш бўйича таклифлар мухокама қилинди.

 

 

Print Friendly, PDF & Email