Энг фаол ёш мутахассислар аниқланди

 Пойтахтимиздаги Турин политехника университетида «Йилнинг энг фаол ёш мутахассиси» кўрик-танловининг машинасозлик ва электротехника йўналишлари бўйича ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда тегишли давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, металлургия ва машинасозлик саноати корхоналари мутахассислари, журналистлар иштирок этди. 

      Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши раиси ўринбосари Т.Тешабоев ва бошқалар жисмонан соғлом, маънан етук, Ватанимиз тақдири ва келажаги учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир бўлган баркамол авлодни вояга етказиш Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида юритилаётган сиёсатнинг устувор йўналишини ташкил этишини таъкидлади. 

       Давлатимиз раҳбарининг 2014 йил 6 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишлар кўламини янада кенгайтиришда муҳим дастуриламал бўлаётир. 

       Мазкур йўналишларда белгиланган вазифаларни ҳаётга татбиқ этишда жамоат тузилмалари ҳам фаол иштирок этмоқда. Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси кенгашининг “Йилнинг энг фаол ёш мутахассиси” лойиҳаси бунга мисолдир. Мазкур танловдан кўзланган мақсад ёш авлодни эртанги кунимизнинг муносиб давомчилари этиб тарбиялаш, турли соҳаларда фаолият юритаётган малакали мутахассисларни аниқлаш, уларнинг салоҳиятини янада ривожлантириш, инновацион ғоялар, лойиҳа ва технологияларни такомиллаштириш орқали янги иш ўринлари яратишга кўмаклашишдир. 

Танловнинг металлургия ва машинасозлик саноати корхоналарида бўлиб ўтган дастлабки босқичида икки юздан ортиқ ёш мутахассис иштирок этди.
Танловда асосий эътибор, ёшларимиз томонидан ишлаб чиқаришда янги технологияларни жорий этиш, махсулот сифатини яхшилаш, тежамкорликни таъминлаш, янги махсулотлар ишлаб чиқариш, ишлаб чиқаришда янги инновацион ғояларни жоий этиш йўналишида эришилаётган ютуқлар, амалга оширилаётган ишлар ва таклифларга асосий эътибор қаратилди.
«GM Uzbekistan» Акциядорлик Жамияти Қўшма Корхонасининг техник хизмат кўрсатиш бўлими муҳандиси Темур Маликов ана шундай ёшлардан бири. У Андижон машинасозлик институтини тугатиб, ўн йилдан буён мазкур корхонада меҳнат қилмоқда. Автомобилсозлик саноатидаги замонавий илм-фан ва амалиёт сирларини чуқур эгаллаётган, хорижий тажрибаларни мукаммал ўрганаётган ёш мутахассиснинг соҳада ишлаб чиқаришни ривожлантириш билан боғлиқ икки юз элликка яқин таклифи амалиётга татбиқ этилган. Бу меҳнат унумдорлиги ва маҳсулот сифатини ошириш, ишлаб чиқариш жараёнини такомиллаштириш, техника хавфсизлигини кучайтиришда муҳим омил бўлмоқда. Темурнинг бу борадаги ютуқлари танловда алоҳида эътироф этилиб, машинасозлик йўналишида “Йилнинг энг фаол ёш мутахассиси”, деб топилди.

– Президентимизнинг машинасозлик тармоғини ривожлантиришга қаратаётган доимий эътибори натижасида мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган замонавий машиналар нафақат юртдошларимиз, балки хорижликларга ҳам манзур бўлаётгани барчамизга фахр-ифтихор бахш этмоқда, – дейди Т.Маликов. – Бундай ютуқлар кўламини янада кенгайтириш, Ватанимизнинг дунё миқёсидаги шон-шуҳратини юксалтиришга муносиб улуш қўшиш, ёшларнинг зиммасидаги энг муҳим вазифадир.

Танловнинг ёш электротехниклар ўртасида ўтказилган йўналишида пойтахтимиздаги “Электроаппарат-электрошит” қўшма корхонаси конструктори Евгений Воеводин ғолиб, деб топилди. Металлургия ва машинасозлик саноати тармоқлари корхоналарининг бошланғич касаба уюшма қўмиталари бўйича номинациялар ғолиблари ҳам аниқланди. Ғолиб ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.

 

Print Friendly, PDF & Email