Ногиронларни ижтимоий ҳимоялаш (унинг ҳуқуқий асослари такомиллаштирилди)

   Мамлакатимизда ижтимоий-иқтисодий хаётида 2017 йил ҳам тарих саҳифаларига мухрланди. Тарихан қисқа, бироқ амалга оширилган ишлар кўлами ва самарадорлиги жиҳатидан бир неча ўн йилликлар билан том маънода бахслаша оладиган мазкур йилда юртимизда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоялаш, унинг манфаатларини таъминлаш борасида янгича қараш ва фикрлаш асносида бир қатор ижобий ишлар амалга оширилди. Жумладан, жисмоний ва юридик шахсларнинг ўз ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоялаш мақсадида давлат органлари ва мансабдор шахсларга йўлланган мурожаатларини кўриб ҳал қилиш тизими “Халқ билан мулоқат ва инсон манфаатлари йили” талаблари асосида янада такомиллаштирилди.

   Муҳтарам Президентимиз Ш.Мирзиёев ўзининг ҳар бир маърузаси ва чиқишида давлат органларининг масъул раҳбарлари зиммасига бажарилган ишлар сарҳисобидан кўра, келгусида ҳал қилиниши зарур бўлган мавжуд муаммолар ечимига доир амалий таклифлар тайёрлаш ва бу борада жонбозлик кўрсатиш борасида қатъий талабнинг қўйилаётганлиги бугунги кундаги мавжуд муаммолар тез ва қисқа муддатларда қоғозда эмас аксинча амалда бажарилишига эришилмоқда ва бу ҳолат юртимизнинг барча фуқаролари томонидан мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар истиқболига бўлган ишончнинг мустаҳкамланишига хизмат қилмоқда. Якунланган 2017 йилнинг сўнги кунларида одатланиб қолганимиздек, йил сарҳисобидан кўра, инсон манфаатларини ҳимоялашга қаратилган, йил бошида белгиланган ишларнинг якунига етказишга, қолаверса жамият ҳаётида ўзининг муносиб ўрнини топишда бошқаларнинг кўмагига мухтож шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга қаратилган аниқ чора тадбирларга асосланган яна бир ҳуқуқий ҳужжатнинг қабул қилиниши 2018 йилда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини рўёбга чиқариш ва бу борадаги амалга ошириладиган ишларнинг кўлами ва залворлилигини оширишга хизмат қилади.

   Жисмоний имконияти чекланган, турли сабабларга кўра ногирон бўлиб қолганларнинг жамиятга қўшилиши учун шароит яратиб бериш, атрофдагиларнинг уларга нисбатан меҳр-оқибатли бўлишини таъминлаш ҳамда уларни рағбатлантириш жамиятнинг комиллик даражасини белгилаб беради. Давлатимиз сиёсати ногиронларга болалик чоғидан бошлаб ғамхўрлик кўрсатишни назарда тутади. Шунга асосланган ҳолда республикамизда қонунлар, фармонлар ва бошқа норматив актлар ишлаб чиқилди, аҳолининг ҳимояга муҳтож қатламини ижтимоий ҳимоя­лашнинг ҳуқуқий асослари яратилди.

    Ижтимоий ҳимоя сиёсатининг илк босқичида мамлакатимизда ижтимоий таъминот тизими тамомила қайта қурилди, ногиронларни ижтимоий ҳимоялашнинг янги шакллари жорий этилди.

    Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 12 июлдаги Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон экологик ҳаракати вакиллари билан бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишидаги маърузасида, мамлакатимизда фаолият олиб бораётган сиёсий партия вакиллари мазкур соҳадаги мавжуд муаммоларни аниқ таклифлар асосида бартараф этишга қаратилган ташаббускорлиги етишмаётганлиги, “Мурувват”, “Саховат” ва “Меҳрибонлик” уйлари фаолиятини яхшилаш бўйича амалий ҳаракатлар сезилмаётганлиги, пенсионерларни дори-дармон билан таъминлашдаги муаммоларнинг ҳал этилишида давлат органлари фаолияти устидан депутатлик ва жамоатчилик назоратини амалга оширишда кўзга кўринадиган ташаббуслар кўрсатмаётганлиги танқид қилинган эди.

    Мазкур соҳани янада такомиллаштириш мақсадидаПрезидентимиз томонидан 2017 йилнинг 1 августида қабул қилинган фармойиш билан ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга қаратилган таклифларни тайёрлаш бўйича комиссия тузилди.

   Комиссия томонидан соҳада амалда бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар базаси, шунингдек, давлат органларининг фаолияти танқидий таҳлил қилинди, шаҳар ва транспорт инфратузилмасида ногиронлар учун қулайлик яратилгани ҳолати ўрганилди, ногиронларнинг яшаш муҳити имкониятлари, таълим олиши ва бандлигини таъминлаш, уларнинг тиббий-ижтимоий реабилитацияси, протез-ортопедия буюмлари ва техник реабилитация воситалари ишлаб чиқарилиши масалалари бўйича хорижий давлатларининг тажрибаси ўрганилиб, таклифлар тайёрланди.

   2017 йил 1 декабрида соҳа фаолиятини янада яхшилаш, ногиронларга қўшимча шароитлар яратиш мақсадида Президентимиз томонидан “Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди.

  Мазкур фармон асосида “ногирон” тушунчаси муомаладан чиқарилди ва у энг аввало, инсон эканлигини ҳисобга олган ҳолда умумэътироф этилган “ногиронлиги бўлган шахс” атамаси киритилди. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясини ратификация қилишга тайёргарлик кўриш бўйича амалий чора-тадбирлар ташкил этилмоқда. Хусусан, “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги Қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш вазифаси белгиланди.

   Мазкур фармон билан 51 банддан иборат чора-тадбирларни амалга ошириш назарда тутилган ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.

   Дастурда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳаёт сифати ва даражасини ошириш, ногиронликнинг олдини олиш, ногиронлиги бўлган шахсларга тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш ва уларни реабилитация қилиш самарадорлигини ошириш, ногиронлиги бўлган шахсларнинг таълим олиши, уларни махсус касб-ҳунарга тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, шунингдек, ногиронлиги бўлган шахсларни ишга жойлаштиришни таъминлаш, ногиронлиги бўлган шахслар учун қулай ва мақбул муҳитни таъминлаш, тиббий-ижтимоий муассасаларнинг моддий-техник жиҳозланишини яхшилаш белгиланди.

   Фармонга кўра, кўзи ожиз ногиронлиги бўлган шахслар саводхонлигини ошириш мақсадида вилоятлар, туманлар марказларида умумтаълим мактаблари негизида Брайль алифбосини ўқитиш бўйича махсус курслар ташкил этишга оид чора-тадбирлар кўриш, шу билан бирга, овоз орқали бошқариш мақсадида компьютер операцион тизимлари учун махсус дастурлар яратиш, давлат органлари ва ташкилотларининг расмий сайтларида ногиронлиги бўлган шахслар учун қўшимча имкониятлар жорий этиш назарда тутилди.

   Шу билан бир қаторда, 2018 йил 1 мартдан ногиронлиги бўлган шахсларга мослаштирилмаган шаҳар йўловчи транспорти воситаларини сотиб олиш тақиқланмоқда. Хусусан, шаҳар йўловчи транспортларини махсус ускуналар билан жиҳозлаш, ногиронлиги бўлган шахсларнинг иш жойи ва бошқа муассасаларга етиб бориши учун светофорлар ва пиёдалар йўлакчалари қўшимча товуш ёрдамида бошқариш ускуналари билан таъминлаш, бекат ва йўналишларни овоз ёрдамида эълон қилиш орқали қулайлик яратиш, келгусида ишлаб чиқариладиган миллий енгил автомобиллар ногиронлиги бўлган шахслар фойдаланиши учун мослаштирилган ҳолда махсус ускуналар билан қайта жиҳозланиши белгиланди.

    Ногиронлиги бўлган шахсларнинг умумий саводхонлиги, олий таълим муассасаларида ўқиш учун комплекс имкониятга эга бўлишини таъминлаш мақсадида 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасаларига абитуриентлар қабулининг умумий сонидан ногиронлиги бўлган шахслар учун қўшимча равишда икки фоизли квоталар киритилмоқда.

     Ногиронлиги бўлган шахсларни ишга қабул қилишни кенг рағбатлантириш, шунингдек, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ўзи томонидан тадбиркорлик билан шуғулланишга шароит яратиш мақсадида 2018 йилнинг 1 январидан бошлаб якка тартибдаги тадбиркорлик билан шуғулланувчи I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар, шунингдек, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларни ходим сифатида ёллаган якка тартибдаги тадбиркорларга қатъий белгиланган солиқнинг имтиёзли ставкаси белгиланди.

  Фармонда Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепциясини амалга ошириш доирасида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида ихтисослаштирилган идора  ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида Ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш жамғармасини ташкил этиш ҳам белгиланди.

   Шунингдек, 2018 йилнинг 1 июнидан бошлаб ногиронлиги бўлган шахслар тўғрисида комплекс маълумотларни (ногиронлиги бўлган шахсларга оид шахсий маълумотлар, пул тўловларининг турлари ва миқдори, ажратилган техник реабилитация воситалари, протез-ортопедия буюмлари ва бошқалар) ўз ичига олган ногиронлиги бўлган шахсларнинг ягона электрон реестри жорий этилади.

   Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш ўринли бўларди, ушбу фармонни ўқиб ўрганиш жараёнида, фармоннинг 13 банди, учинчи хатбошисида белгиланган қуйидаги қоида, яъни ногиронликни белгилаш тизимига яққол белгилари бўлган арз қилувчини ногиронлик белгилангунга қадар қўллаб-қувватлаш механизмини жорий этиш, бунда унинг ушбу ҳолат мавжудлигини исботлаш мажбуриятини бекор қилиниши, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ўз ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишларида сунъий тўсиқ ва ортиқча оворагарчиликлардан озод қилади. Яъни туғма ёки меҳнат вазифасини бажариш муносабати билан, йўл транспорт ҳодисаси ёҳуд табиий офатлар натижасида ногиронликка учраган шахсларнинг ногиронликни белгилаш жараёнида кўриниб турган аломатларнинг тиббий ёки бирор бир ҳужжат билан тасдиқланиши кимлар учундир мансаб ваколати сифатида кўрилса яна кимлар учундир ортиқча оворагарчилик ва ҳам руҳан, ҳам маънан изтироб чекишига олиб келаётган эди. Бунинг натижасида бир қанча фуқаролар ногиронлиги бўлганлиги учун давлат томонидан кўрсатилаётган ғамхўрликдан бебаҳра қолишларига сабаб бўлаётган асосий омиллардан бири эди.

   Бир сўз билан айтганда, фармонда кўрсатиб ўтилган барча масалалар ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлашлашга, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳаёт сифати ва даражасини оширишга хизмат қилади.

Print Friendly, PDF & Email