Қозоғистонда Ўзбекистон иштирокида автомобиль ишлаб чиқариш ўсмоқда

Қозоғистондаги автомобилсозлар ишлаб чиқариш ҳажмларини кўпайтирмоқда. Импорт қилинаётган транспорт воситалари миқдори эса камаймоқда. Бу ҳақда мамлакат автобизнес уюшмасига таяниб, «Халқ сўзи» хабар берди.

Хусусан, бозорда четдан сотиб олинаётган автомобиллар билан маҳаллий автоуловлар паритети у қадар катта эмас. Жорий йил ярмида Қозоғистон автосаноатининг бу борадаги кўрсаткичи 47,04 фоизни ташкил этиб, унинг маҳсулотлари сотуви икки ярим баробар ошди.

Ҳисобот даврида мамлакатда барча турда 14660 дона транспорт воситаси ишлаб чиқарилди. Жумладан, 13725 та енгил автомобиль(+76,4 фоиз), 486 та юк машинаси (-0,2 фоиз), 153 та автобус (-51,1 фоиз), 210 та тиркама ва ярим тиркама(+60,3 фоиз) ва 86 дона бошқа махсус техника воситаси(+60,3 фоиз) етказиб берилди.

Бироқ 2018 йил июнь ойида чиқарилган автосаноат маҳсулотлари 16 миллиард 741 миллион тенге (48,4 миллион доллар)ни ташкил этди. Бу май ойига нисбатан 10,4 фоиз камдир. Шунга қарамай жорий йил ярмидаги кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 36,8 фоиз ўсган.

Бунда Ўзбекистон билан ҳамкорликда Костанай шаҳрида Ravon Nexia R3 маркасини йиғишни йўлга қўйган «СариаркаАвтоПром» компанияси энг юқори кўрсаткичга эришди. Мазкур корхона жорий йилнинг дастлабки 6 ойида 5297 та енгил, юк машинаси ва автобус ишлаб чиқарди. Ўсиш ҳажми эса 123,2 фоизни ташкил этди.

Print Friendly, PDF & Email