Ёшларни меҳнатга жалб қилишнинг ўзига хос хусусиятлари ва улар ўртасидаги хуқуқбузарликларнинг олдини олиш чоралари

Муҳтарам Президентимиз Ислом Каримовнинг Наврўз байрамига бағишланган тартанали маросимдаги сўзларида “Бизнинг таянчимиз ва суянчимиз бўлмиш Ўзбекистон ёшларига қарата айтмоқчиман: бошимиздан кечираётган, шиддат билан ўзгариб, тобора мураккаблашиб бораётган давр барчамизнинг, биринчи навбатда, сиз, азиз фарзандларимизнинг олдига замонавий билим ва касб-ҳунарларни, интеллектуал бойликларни чуқур эгаллаш, шу билан бирга, мамлакатимизнинг халқаро майдонда рақобатдошлигини янги босқичга кўтариш, иқтисодиётимизни янгилаш, модернизация ва диверсификация қилиш, буларни тараққиётимизнинг локомотивига айлантириш каби вазифаларни қўймоқда.

Айни шу улкан долзарб мақсадларга эришиш йўлида сиз, азизларнинг халқимиз, Ватанимизнинг ишончини оқлашга қодир эканингизга ишонаман ва барчангизни доимо қўллаб-қувватлашга тайёрман.” – дея, ёшларга юксак ишонч билдирилди.

Ҳақиқатдан, мамалакатимизда ёшларга оид амалга оширилаётган давлат сиёсатининг асосий мақсади келажагимиз ишончи ва таянчи бўлган ёшларнинг бахту камоли учун қайғуриш, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, иқтидорли ёшларни шакллантириш, мустақил ҳаётга қадам қўяётган ёш оилаларга зарур шароитлар яратиш, ёшларни фойдали касб-ҳунарга йўналтириш ва иш билан таъминлашдир. Юртимизнинг турли гўшаларида қад кўтараётган, жаҳон стандартларига тўлиқ жавоб берадиган замонавий ўқув даргоҳлари, спорт-соғломлаштириш ва бошқа шу каби иншоотларнинг, шунингдек ёшлар учун қўшима иш ўринларининг яратилиши барча-барчаси фикримизнинг яққол мисол бўла олади.

Эзгу ният билан бошланган мазкур ислоҳотлар замирида баркамол авлод орзуси мужассам бўлиб, “1998 йил – Оила йили”, “2000 йил – Соғлом авлод йили”, “2002 йил – Оналар ва болалар йили”, “2005 йил – Сиҳат-саломатлик йили”, “2008 йил – Ёшлар йили”, “2010 йил – Баркамол авлод йили”, “2012 йил – Мустаҳкам оила йили”, “2013 йил – Обод турмуш йили”, “2014 йил – Соғлом бола йили” деб эълон қилиниши ва шу йилларга мантиқан ҳамоҳанг бўлган 2016 йилнинг Юртбошимиз томонидан “Соғлом она ва бола йили” деб эълон қилинганлиги бу каби хайрли ишларнинг изчил давом этилаётганлигидан далолат беради.

Ёшларга эътибор – келажакка эътибордир эканлиги бежиз эмас, шу маънода Ўзбекистон Республикасининг меҳнат қонунчилигида ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар меҳнатини қўллашни, уларга бериладиган қўшимча кафолат ва имтиёзларни инобатга олган ҳолда уч босқичга бўлишимиз мумкин:

Биринчи босқич – ишга қабул қилиш жараёни ва меҳнат шартномасини расмийлаштириш билан боғлиқ муносабатлар;

Иккинчи босқич – меҳнатга киришиш ва меҳнат жараёни билан боғлиқ муносабатлар;

Учинчи босқич – меҳнат шартномасини бекор қилиш жараёни.

Ҳар бир босқич ўзига хос муносабат ҳисобланиб, тегишлича қонун нормалари билан тартибга солинади ва бир бутунликда меҳнат муносабатининг асосий доирасини вужудга келтиради.

Ўн саккиз ёшга тўлмаган ўсмир ёшдагиларни ишга қабул қилишнинг умумий белгиланган тартибидан фарқланувчи бир қатор ўзига хос хусусиятлари мавжуд. Жумладан, бу хусусиятлар ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларни ишга жойлаштиришга кўмаклашиш, ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар меҳнатидан фойдаланилиши тақиқланадиган ишларга жалб қилмаслик, улар меҳнатини муҳофаза қилиш тўғрисидаги ғамҳўрлик ва бошқалар.

Ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар учун белгилинган меҳнат кафолатларни уларни ёшига қараб бўлиш орқали ҳам кўриш мумкин. Бунда иш вақтининг муддати ўн олтидан ўн саккиз ёшгача бўлган ходимларга ҳафтасига ўттиз олти соатдан, ўн бешдан ўн олти ёшгача бўлган шахслар учун эса ҳафтасига йигирма тўрт соатдан ошмайдиган қилиб белгиланган.[1]

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 77-моддаси иккинчи бандига кўра “Ёшларни меҳнатга тайёрлаш учун умумтаълим мактаблари, ўрта махсус касб-ҳунар ўқув юртларининг ўқувчиларини уларнинг соғлиғига ҳамда маънавий ва ахлоқий камол топишига зиён етказмайдиган, таълим олиш жараёнини бузмайдиган енгил ишни ўқишдан бўш вақтида бажариши учун улар ўн беш ёшга тўлганидан кейин ота-онасидан бирининг ёки ота-онасининг ўрнини босувчи шахслардан бирининг ёзма розилиги билан ишга қабул қилишга йўл қўйилади”.

Ўн олти ёшга тўлмаган шахсларни ишга қабул қилиш тўғрисидаги отаси ёки онасининг розилиги у маҳаллий меҳнат органидан ёки вояга етмаганлар ишлари бўйича туман (шаҳар) комиссияси йўлланмаси билан ишга жойлашаётганда ҳам талаб қилинади. Бунда ота ёки онанинг (ёхуд ота-онасининг ўрнини босувчи шахсларнинг) ёзма равишда берилган розиликлари ўсмирни ишга қабул қилишдан олдин олиниши лозимлиги назарда тутилади. Ота-отанинг розилиги ўсмирни нафақат ишга қабул қилиш учун балки, муайян меҳнат шароитларида ва аниқ касб ёки малака бўйича ишлаши учун ҳам бериши мумкин.

Юқорида айтганимиздек, меҳнат қонунчилигида ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларни ишга қабул қилишнинг ўзига хос хусусиятларини санаб ўтишимиз мумкин. Булар:

Биринчидан, Белгиланган минимал иш жойлари ҳисобидан иш жойларига ишга жойлаштириш тартибида маҳаллий меҳнат органи ёки бошқа органлар томонидан юборилган ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларни иш берувчи ишга қабул қилиши шарт.

Белгиланган минимал иш жойлари ҳисобидан ишга қабул қилишни рад этиш тақиқланади ва бундай рад этиш устидан судга шикоят қилиш мумкин.

Иккинчидан, Ўн саккиз ёшга тўлмаган барча шахслар дастлабки тиббий кўрикдан ўтгандан кейингина ишга қабул қилинадилар ва кейинчалик улар ўн саккиз ёшга тўлгунларига қадар ҳар йили мажбурий тарзда тиббий кўрикдан ўтказиб турилиши керак. Бу тоифа шахсларнинг ишга қабул қилишда ва меҳнат фаолиятида даврий тиббий кўрикдан ўтишлари меҳнатга оид муносабатларда балоғат ёшига етмаган шахсларнинг соғлиғини муҳофаза қилишга қаратилган муҳим кафолат бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг 2012 йил 10 июлдаги 200-сон буйруғи билан тасдиқланган Ходимларни тиббий кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга асосан ходимларни дастлабки тиббий кўриксиз ишга қабул қилиш ишга қабул қилишнинг белгиланган нормаларини бузиш сифатида баҳоланади. (Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2012 йил 29 августда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 2387)

Учинчидан, ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар меҳнатидан шу тоифа ходимларининг соғлиғи, хавфсизлиги ёки ахлоқ-одобига зиён етказиши мумкин бўлган меҳнат шароити ноқулай ишларда, ер ости ишларида ва бошқа ишларда фойдаланиш тақиқланади.

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг қўшма қарори билан ўн саккиз ёшдан кичик шахсларнинг меҳнати қўлланиши тақиқланадиган ноқулай меҳнат шароитлари ишлари рўйхати тасдиқланган ва унга мувофиқ ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларнинг белгилаб қўйилган нормадан ортиқ оғир юк кўтаришлари ва ташишларига йўл қўйилмайди (Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2009 йил 29 июлда 1990-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган).

Тўртинчидан, ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларни ишга қабул қилинаётганда фақатгина Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг
80-моддасида назарда тутилган ҳужжатлар талаб қилиниши мумкин. Жумладан, ўн беш ёшдан ўн олти ёшгача бўлган ёшлар туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома ва турар жойидан маълумотнома тақдим этсалар, ўн олти ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган ўсмирлар паспорларини тақдим этадилар.

Бундан ташқари, ёшларни меҳнатга тайёрлаш учун умумтаълим мактаблари, ўрта махсус, касб-ҳунар ўқув юртларининг ўқувчиларини уларнинг соғлиғига ҳамда маънавий ва ахлоқий камол топишига зиён етказмайдиган, таълим олиш жараёнини бузмайдиган енгил ишни ўқишдан бўш вақтида бажариши учун – улар ўн беш ёшга тўлганидан кейин ота-онасидан бирининг ёки ота-онасининг ўрнини босувчи шахслардан бирининг ёзма розилиги билан ишга қабул қилишга йўл қўйилади.[2]

Бешинчидан, ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларни ишга қабул қилишда бериладиган яна бир муҳим кафолатлардан бири ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг ҳамда олий ўқув юртларининг тегишли таълим муассасасини тамомлаган кундан эътиборан уч йил ичида биринчи бор ишга кираётган битирувчилари ишга қабул қилинганда дастлабки синов белгиланмайди.[3]

Олтинчидан, ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларни ишга қабул қилиш ва улар билан пул ёки товар бойликларига хизмат кўрсатиш билан боғлиқ ишларга қабул қилишни таъқиқламаган ҳолда, улар билан тўлиқ моддий жавобгарлик ҳақида шартнома тузилиши мумкин эмаслиги белгилаб қўйилган.[4]

Муҳтасар айтганда, ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар меҳнатини тартибга солиш ва муҳофаза қилиш, давлатимиз томонидан уларнинг ҳар томонлама баркамол шахс бўлиб вояга етишлари учун яратиб берилган шарт-шароитларни бирдек қўллаб-қувватлаш, уларнинг маданий ва ахлоқий муҳитини яхшиланиши учун эътиборни янада ошириш, профилактик суҳбатлар ташкил қилиш, ёшлар меҳнати билан боғлиқ қонун нормаларини амалиётга тўлиқ ва тўғри тадбиқ этиш чоралари орқали вояга етмаган шахслар бандлигини таъминлаш мумкин бўлади.

Ушбу тадбирлар вояга етмаган шахслар томонидан содир этилаётган тартиббузарлик, жиноятчилик ҳамда бошқа турдаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш каби масалаларга ўз таъсирини кўрсатади.

Зеро, келажак авлод пойдевори, аниқроғи, инсон шахсини шакллантириш аввало оиладан бошланади. Шу боис, оилада фарзанд тарбиясига эътиборни кучайтириш ҳамда оилани мустаҳкамлаш масаласи ўта муҳим ҳисобланади. Дарҳақиқат, оила қанчалик аҳил, мустаҳкам бўлса, жамият шунчалик ривожланади. Жамият ривожи эса давлатнинг буюк бўлишига олиб келади. Оилада тинчлик, тотувлик, файзу барака бўлсагина жамият тинч, осойишта, юртда эса барқарорлик ҳукм суради. Оила – маънавият қўрғони, тарбия маскани бўлиб, айнан оилада Ватан келажаги камол топади.

[1] Ўзбекистон Республикаси МК 242-модда. Расмий нашр – Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги. – Т.: “Адолат”, 2014 й.

[2] Ўзбекистон Республикаси МК 77-модда.

[3] Ўзбекистон Республикаси МК 84-модда.

[4] Ўзбекистон Республикаси МК 203-модда биринчи қисми.

 

Шавкат ХАМРАҚУЛОВ

Print Friendly, PDF & Email