Жиззах вилоятида ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассалари ўқувчилари ўртасида ўтказилган “Меҳнат ҳуқуқи билимдони” танловининг иккинчи босқичи якуни ҳақида

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерация Кенгаши, Ўрта махсус касб-ҳунар таълими маркази ҳамда Тошкент давлат юридик университетининг қўшма қарорига (бундан кейинги матнда Қўшма қарор деб юритилади) мувофиқ жорий йилнинг апрель-май ойларида ўрта махсус касб-ҳунар таълими муассалари ўқувчилари ўртасида “Меҳнат ҳуқуқи билимдони” танлови ўтказилмоқда.

Қўшма қарор билан тасдиқланган Меҳнат ҳуқуқи билимдони танлови тўғрисидаги Низомга мувофиқ (бундан кейинги матнда Низом деб юритилади) биринчи босқич саралаш натижаларига кўра ўз таълим муассасида ғолиб бўлган ўқувчилар иштирокида жорий йилнинг 1-15 май кунлари оралиғида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳрида ҳудудий (иккинчи) босқичлар ўтказилиб, натижалар аниқланди.

Жорий йилнинг 11-13 май кунлари Жиззах вилоятининг Ғаллаорол, Дўстлик ҳамда Зомин туманларида жойлашган ўрта махсус касб-ҳунар таълими муассаларида жами 36 нафар ўқувчилар билан меҳнат муносабатларига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар доирасида билимлари синовдан ўтказилди.

Жумладан, ўқувчилар ёшларнинг меҳнат қилиш ҳуқуқига оид кафолатлари, касаба уюшмалари фаолиятига оид кафолатлар ва касаба уюшмаларига аъзоликнинг афзалликлари, меҳнат дафтарчаларини юритиш тартиби, ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларни ишга қабул қилишдаги кафолатлар ҳамда яратилган имкониятлар, халқаро меҳнат стандартлари ҳамда ижтимоий-меҳнат соҳасига оид бошқа саволлар билан билимлари
25 та тест саволларига ҳамда билет асосида 5 та саволларга (оғзаки) жавоб бериши натижасига кўра баҳоланди.

Низом талабларига кўра, иккинчи босқични ўтказиш учун Ўрта махсус касб ҳунар таълими марказининг ҳудудий бирлашмалари ҳамда касаба уюшмалари ташкилотлари ҳудудий бирлашмаларининг қўшма қарори билан  Жиззах вилояти бўйича саралаш комиссиялари ташкил этилиб, ушбу комиссияга Касаба уюшмалари ташкилотлари Жиззах вилояти ҳудудий бирлашмаси юридик бўлими мудири Э.Умирзаков раислик қилди.

Қизғин руҳда ўтказилган саралаш босқичи якуни бўйича 36 нафар иштирокчи ўқувчидан 3 нафари “Меҳнат ҳуқуқи билимдони” танловининг республика финал босқичига йўлланмани қўлга киритди.

Жумладан, Жиззах вилояти Ғаллаорол ижтимоий-иқтисодиёт касб-ҳунар коллежи 2-курс ўқувчиси Исмаилбеков Акмалбек Исроил ўғли
79 балл тўплаб, I-даражали диплом билан, Дўстлик тиббиёт касб-ҳунар коллежи 1-курс ўқувчиси Абдуллаева Махлиё Абдурасул қизи 78 балл тўплаб, II-даражали диплом билан, Зомин агросаноат касб-ҳунар коллежи 2-курс ўқувчиси Усмонов Нурбек Караматилла ўғли 78 балл тўплаб, II-даражали диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Меҳнат ҳуқуқи бўйича ташкил этилган ушбу танлов нафақат ўрта махсус касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчи-ёшларда, балки муассаса раҳбарияти ҳамда ўқитувчиларида ҳам катта қизиқиш уйғотди.

Маълумки, мамлакатимизда кадрлар тайёрлаш ва тегишли тармоқ соҳалари бўйича ёш мутахассисларни етказиб беришда шубҳасиз муҳим бўғинни – ўрта махсус касб-ҳунар таълими муассасалари эгаллайди. Шу сабадан, ушбу таълим муассасаларига замонавий техника, технологияларни эгаллаган, бозор иқтисодиёти, ҳуқуқий давлат мазмун-моҳиятини тушунган, ўз ишини севадиган, ўқитиладиган фанлар орқали ўқувчиларни ўзи эгаллаётган касбига бўлган мухаббат туйғусини шакллантира оладиган малакали педагог-кадрларни жалб қилиш мамлакатимизда таълимга оид олиб борилаётган ислоҳотлардан биридир.

Ўрта махсус касб-ҳунар таълими муассасаларида ҳуқуқшунослик соҳалари бўйича, айниқса меҳнат ва тадбиркорлик ҳуқуқига оид фанларнинг янада кенгроқ ўргатилишига ҳамда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерация Кенгаши ташаббусига кўра ташкил этилаётган барча тановларда ўқувчи-ёшларнинг янада фаоллик билан иштирок этишларига умид билдирамиз.

Мухтасар айтганда, “Меҳнат ҳуқуқи билимдони” каби танловларнинг ташкил этилиши ва ўтказилиши эртанги куннинг эгалари бўлган бугунги ўқувчи-ёшларнинг ҳуқуқий билим ва кўникмаларини янада ошишига хизмат қилади.

Зеро, таълим ва тарбия каби инсоннинг ажралмас икки қаноти бўлиб, илм ва меҳнат билан банд бўлишлик нафақат ёшлар келажагини таъминлашда, балки юрт равнақида ҳам муҳим аҳамиятга эгадир.

 

Шавкат ХАМРАҚУЛОВ

Print Friendly, PDF & Email