“Союзметалл” Халқаро касаба уюшмаси VIII-Конгресси Санкт-Петербургда бўлиб ўтди.

2026 йил 24–27 март кунлари Россия Федерациясининг Санкт-Петербург шаҳрида “Союзметалл” Халқаро касаба уюшмаси марказининг VIII-Конгресси ўтказилди. Конгрессда Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Беларус ва Ўзбекистон делегациялари иштирок этди.
Тадбир давомида ташкилотнинг 5-йиллик фаолияти юзасидан ҳисобот тақдим этилди ва тафтиш комиссияси далолатномаси эшитилди.
Конгрессда “Ўзметмашсаноат” касаба уюшмаси Республика Кенгаши раиси Талъат Усмонов маъруза билан иштирок этди. У маърузасида Ўзбекистонда металлургия ва машинасозлик саноатида касаба уюшмалари томонидан амалга оширилаётган ишлар, ижтимоий шерикликни ривожлантириш, ходимларнинг меҳнат ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда халқаро ҳамкорликни кенгайтириш бўйича олиб борилаётган фаолият ҳақида маълумот берди.
Конгресс давомида “Союзметалл” Марказининг раҳбар органларини шакллантириш бўйича ташкилий масалалар кўриб чиқилди ва натижада Талъат Усмонов “Союзметалл” Халқаро касаба уюшмаси маркази Ижроия қўмитаси аъзолигига сайланди.
Тадбир якунида тантанали тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Халқаро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш ва касаба уюшмаларидаги илғор фаолияти учун иштирокчиларга “Союзметалл” Халқаро касаба уюшмаси марказининг мукофотлари ҳамда фахрий ёрлиқлари топширилди.

Print Friendly, PDF & Email