Эндиликда Тошкент шаҳридаги Турин политехника университети талабалари 2-курсни тамомлаб, ўқишини AҚШдаги Питсбург университетида давом эттиришлари мумкин. Университетлар бу борада махсус «2+2» дастурини ишлаб чиқди.
2 ноябрь куни айни мавзуда томонлар ўртасида онлайн мулоқот бўлиб ўтди. Унда расмийлар билан бирга Тошкент шаҳридаги Турин политехника университети талабалари ҳам иштирок этди.
Онлайн мулоқот давомида талабаларга «2+2» дастурининг мазмун-моҳияти, Питсбург университетига кириш шартлари ва талаблари ҳамда ўқиш давомида ва ўқишни тамомлагандан кейинги имкониятлар ҳақида маълумот берилди. Талабалар ўзларини қизиқтирган саволлар бўйича ҳам жавоб олишди.
Питсбург давлат университети вакилининг айтишича, талабалар ўқишни тамомлаб, AҚШнинг нуфузли компанияларида ишлаш имкониятига ҳам эга бўлишади.
«Чет эллик талабалар дипломини қўлга киритганларидан сўнг, АҚШда 3 йил давомида талабалик визалари билан нуфузли компанияларда ишлашлари мумкин. Ҳар йили Питсбург давлат университети “job fair”, яъни меҳнат ярмаркалари бўлиб ўтади. Уларда 200га яқин маҳаллий компаниялар Питсбург университетини яхши баҳолар билан битирган талабалар билан меҳнат шартномаларини тузиб, ўз компанияларига олиб кетишади», – дейди университет вакили.
Турин политехника университети ректори Жамшид Иноятходжаевнинг айтишича, эндиликда талабалар AҚШнинг нуфузли университетларида ўз малака ва тажрибаларини ошириб, машинасозлик бўйича етакчи мутахассисга айланишади.
«Ушбу дастур 2018 йилнинг май ойида Питсбург давлат университети ва Тошкент шаҳридаги Турин политехника университети ўртасида имзоланган ҳамкорлик меморандуми асосида ишлаб чиқилди.
Эндиликда, талабаларимиз 2-курсни якунлаб, ўқишни AҚШда давом эттиришлари мумкин. Бу – бизнинг катта ютуғимиз. Чунки эндиликда талабаларимиз машинасозлик соҳасида ўз билим ва тажрибаларини ошириб, келажакда Ўзбекистонда машинасозлик ривожига ўз ҳиссасини қўшади деган умиддамиз», – деб таъкидлади университет ректори Жамшид Иноятходжаев.
Сообщить об опечатке
Текст, который будет отправлен нашим редакторам: