Автомобиль транспорти сохасидаги қонунчиликни такомиллаштириш: ҳолат ва истиқболлар

Мустақиллик йилларида мамлакатимиз Президенти раҳнамолигида изчил олиб борилаётган давлат сиёсати жамиятимизни ислоҳ этиш, демократлаштириш ва либераллаштириш, мамлакатимизни модернизация қилиш ва туб таркибий ўзгаришларни амалга ошириш бўйича пухта ўйланган, узоқ муддатга мўлжалланган, дунёда тараққиётнинг “ўзбек модели” деб тан олинган дастур асосини ташкил этди. Машҳур беш принципга асосланиб танланган моделнинг тўғрилиги биринчи навбатда иқтисодиётнинг барқарор суратларда ривожланиши, мамлакат аҳолиси ҳаётининг сифати ва ўсиш даражасида ўз тасдиғини топмоқда.

Бунинг яна бир тасдиғи мамлакатимиздаги автомобиль транспорти ривожланишининг бугунги кундаги ҳолати ҳисобланади. Соҳа мамлакатимиз иқтисодиётининг энг тез ривожланаётган  тармоқларидан биридир.

Автомобиль транспорти Ўзбекистонда ишлаб чиқариш инфраструктурасининг энг муҳим таркибий қисми бўлиб, унинг барқарор ва самарали фаолияти иқтисодиётнинг юқори суратларда ўсиши, аҳоли ҳаёти сифатининг ошиши, Ўзбекистоннинг жаҳон иқтисодиёти билан интеграциялашуви учун зарур бўлган шарти ҳисобланади.

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, бугунги кунда республикада логистика хизмати бозорининг ўсиши ва яхшиланиши тенденцияси кузатилмоқда, транспорт инфратузилмаси ривожланмоқда, ҳудудий савдо ва транзит ҳажми ортмоқда. Миллий транспорт ва логистика компанияларининг ўз бизнесини ривожлантиришлари, логистик хизмат кўрсатиш даражасини халқаро стандартлар даражасига олиб чиқишлари учун барча имкониятлар яратилган.

Масаланинг долзарблигини эътиборга олган ҳолда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитасининг асосий фаолият йўналишларида режалаштирилган“Автомобиль транспорти сохасидаги қонунчиликни такомиллаштириш: ҳолат ва истиқболлар” мавзусида Ўзбекистон Автомобиль ва дарё транспорти агентлиги билан ҳамкорликда конференция ўтказди.

Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги, ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари, тадбиркорлик субъектлари, шунингдек экспертлар, мутахассислар ва ОАВ иштирок этди.

Тадбирнинг ўтказилишидан асосий мақсад мамлакатимизда автомобиль транспортини ривожлантириш билан боғлиқ бўлган масалаларни ҳар томонлама муҳокама қилиш, ушбу соҳада қонунчилик асосларини такомиллаштириш бўйича таклифларни олишдан иборат бўлди.

Шуни таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда автомобиль транспорти соҳасида ҳуқуқий асослар шакллантирилган. Соҳага оид қонунчиликнинг жойлардаги ижроси, хусусан “Автомобиль транспорти тўғрисида”ги, “Автомобиль йўллар тўғрисида”ги, “Йўл ҳаракати хафсизлиги тўғрисида”ги, “Шаҳар йўловчилар транспортидан бепул фойдаланишни тартибга солиш тўғрисида”ги, “Шаҳар йўловчилар транспорти тўғрисида”ги ҳамда  “Ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида”ги Қонунлар ва қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар автомобиль транспорти соҳасидаги ислоҳотларнинг амалга оширилишида пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда.

Тармоқнинг муваффақиятли такомиллашишига таъсир этувчи асосий омиллардан бири бу мамлакатимизда автомобилсозлик саноатининг ривожланиши ҳисобланади. Ушбу улкан тармоқда “Шевроле” бренди остида енгил автомобиллар, “Исузи” бренди остида автобуслар ва ўртача юк кўтарувчи юк автомобиллар ишлаб чиқарувчи ҳамда оғир юк  ташувчи “МАН” автомобилларини йиғиш билан шуғулланувчи заводлар муваффақиятли фаолият кўрсатмоқда. Шу билан бир қаторда “Дамас” ва “Орландо” автомобилларини ишлаб чиқарувчи янги “Хоразм Авто” заводи ривожланмоқда. Шунингдек, «GM Uzbekistan» корхонасида “Шевроле Лабо”  кичик юк ташувчи автомобилларнинг ишлаб чиқариши йўлга қўйилди.

Бугунги кунда республикамиз транспорт ташувларида юк ташишлар умумий ҳажмининг 91 фоизи ва йўловчи ташишларнинг 99 фоизи автотранспорт ташувлари ҳиссасига тўғри келади. Сўнгги беш йил мобайнида автомобиль транспортидаги юклар ва йўловчилар айланмасининг барқарор доимий ўсиш тенденцияси кузатилди. Ушбу даврда юк айланмаси 20,9 фоизга, йўловчилар айланмаси 30,5 фоизга ўсди. Конференцияда шунингдек, автомобиль транспорти соҳасидаги фаолиятни давлат томонидан тартибга солиш, солиққа оид, сертификация, лицензия, муҳим ижтимоий аҳамиятга эга бўлган юклар ташишдаги тарифларни шакллантириш ва бошқа масалалар муҳокама қилинди.

Тадбирга тайёргарлик кўриш жараёнида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси аъзолари Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорт агентлигининг маъсул мутахассислари билан биргаликда Тошкент шаҳрида автотранспорт хизматини кўрсатувчи корхоналарнинг фаолияти билан танишиш бўйича тадбирлар ўтказилди. Уларда автомобиль транспорти соҳаси билан боғлиқ бўлган масалалар муҳокама қилинди, шунингдек мавжуд муаммоларни қонунчиликка ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш орқали бартараф этиш бўйича таклиф ва тавсиялар билдирилди.

Хусусан, қатнашчилар соҳадаги қонун ҳужжатларини такомиллаштиришнинг истиқболлари, соҳада электрон тижоратни қўллаш ҳисобига логистикани ривожлантириш, автотранспорт инфратузилмаси объектларини янада ривожлантириш, “ижтимоий маршрут” ва “тижорат маршрути” каби атамаларни аниқлаштириш каби масалалар юзасидан фикр-мулоҳазалар билдириб ўтдилар.

А.Умаралиев

Ўзбекистон Республикаси 

Олий Мажлиси Қонунчилик

палатаси депутати,

Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси аъзоси

 

Print Friendly, PDF & Email