Болалар – фарзандларимиз, келажагимиз умиди ва эртанги куннинг эгалари!

Маълумки, Халқаро Меҳнат Ташкилотининг (ХМТ) ташаббусига кўра 1997 йилдан буён 12 июнь санаси “Бутунжаҳон болалар меҳнатига қарши кураш куни” деб эътироф этилиб, ушбу санага кўплаб Мамлакатларда, жумладан Ўзбекистонда ҳам алоҳида эътибор берилмоқда ва ҳар йили ўзига хос тарзда тадбирлар ўтказиш орқали кутиб олинади.

Ушбу сана Юртимизда байрам сифатида кенг нишонланмаса-да, болалар меҳнатига нафақат барҳам бериш, балки уни олдини олиш учун муҳим тадбирлардан бири бўлиб хизмат қилади.

Худди шундай тадбирлардан бири Ўзбекистон ва Халқаро Меҳнат Ташкилоти ўртасида имзоланган “2014-2016 йилларда Ўзбекистон Республикасида муносиб меҳнат дастури”га биноан, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, Савдо-саноат палатаси, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Халқаро Меҳнат Ташкилоти ҳамда ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамкорлигида жорий йилнинг 13 июнь куни “Бутунжаҳон болалар меҳнатига қарши кураш куни”га бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.

Давра суҳбатида вазирликлар, давлат муассасалари ва ташкилотлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар ҳамда халқаро ташкилоталарнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси вакиллари иштирок этиб, унда сўзга чиққанлар Ўзбекистонда Президентимиз Ислом Каримов томонидан болаларнинг баркамол ва соғлом вояга етиши учун яратиб берилаётган кенг имкониятлар, шунингдек болалар меҳнатини бартараф этиш ва олдини олиш бўйича давлат сиёсати даражасида амалга оширилган ишлар ва истиқболли режалар, шу билан бирга, мамлакатда Болалар меҳнати масалалари бўйича мувофиқлаштирувчи кенгаш сингари институтлар фаол иш олиб бораётганлиги ҳамда уларнинг фаолияти хусусида алохида тўхталиб ўтдилар.

Таъкидлаб ўтилган масала Женева шаҳрида (Швейцария) жорий йилнинг 30 май куни ўз ишини бошлаган Халқаро Меҳнат Ташкилотининг 105-сессиясида ҳам кўриб чиқилганлиги, унда болалар меҳнатини олдини олиш, унга қарши биргаликда курашиш ва тўлалигича барҳам бериш бўйича истиқболда амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар қўйилганлиги ҳақида Ўзбекистон делегацияси вакиллари томонидан алоҳида қайд этиб ўтилди.

Шу билан бирга, Ўзбекистонда ижтимоий-меҳнат муносабатлари ва кучли ижтимоий ҳимоя соҳаларида улкан ишларнинг амалга оширилганлиги, қолаверса мамлакатимизнинг болалар меҳнатига қарши курашиши ва унга барҳам бериш борасидаги саъй-ҳарактлари ҳамда бу борада сўнги беш йилликда эришилган ютуқлар Халқаро Меҳнат Ташкилотининг бош директори Гай Райдер томонидан ижобий баҳоланганлиги эътироф этилди.

  

Халқаро Меҳнат Ташкилоти Бош Конференциясининг 58-сессиясида қабул қилинган “Энг кичик ёш тўғрисида”ги (26.06.1973 й., Женева)
138-конвенцияси талабларида энг кичик ёш мажбурий мактаб таълимини тугаллаш учун зарур бўлган ёшдан кам бўлмаслиги керак ва ҳар қандай ҳолда ўн беш ёшдан кичик бўлмаслиги зарурат сифатида белгиланган[1].

Бундан ташқари, ўз хусусияти ёки амалга ошириладиган шароитига кўра ўсмир соғлиғи, хавфсизлиги ёки маънавиятига зиён етказиши мумкин бўлган ҳар қандай иш турига ёки ёлланма иш турига қабул қилиш учун энг кичик ёш ўн саккиз ёшдан кам бўлмаслиги, шунингдек иш турлари ёки ёлланма иш турлари миллий қонун ҳужжатлари ёки ваколатли ҳокимият органи томонидан иш берувчилар ва меҳнаткашларнинг тегишли ташкилотлари билан (агар бундай ташкилотлар мавжуд бўлса), маслаҳатлашилгандан сўнг белгиланиши айтиб ўтилган[2].

Ўзбекисатон Республикаси Меҳнат кодесининг 77-моддасида  ишга қабул қилишга ўн олти ёшдан йўл қўйилиши, ёшларни меҳнатга тайёрлаш учун умумтаълим мактаблари, ўрта махсус, касб-ҳунар ўқув юртларининг ўқувчиларини уларнинг соғлиғига ҳамда маънавий ва ахлоқий камол топишига зиён етказмайдиган, таълим олиш жараёнини бузмайдиган енгил ишни ўқишдан бўш вақтида бажариши учун – улар ўн беш ёшга тўлганидан кейин ота-онасидан бирининг ёки ота-онасининг ўрнини босувчи шахслардан бирининг ёзма розилиги билан ишга қабул қилишга йўл қўйилиши белгилинган.

Ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларни ишга қабул қилишда Меҳнат кодексининг 241-моддаси ҳамда Вояга етмаганларнинг меҳнатидан фойдаланишга йўл қўймаслик бўйича талаблар тўғрисидаги низом (рўйхат рақами  2071, 21.01.2010 й.)га мувофиқ, ходимларнинг соғлиғи, хавфсизлиги ёки ахлоқ-одобига зиён етказиши мумкин бўлган меҳнат шароити ноқулай ишларда, ер ости, сув ости, хавфли баландликда ёки ёпиқ муҳитда бажариш, хавфли механизмлар, асбоб ва ускуналар билан боғлиқ бўлган, хавфли буюмлар ёки жараёнлар, ҳарорат, шовқин ёки тўлқинланиш даражасининг юқори таъсирида вояга етмаганларнинг соғлиғига зарар етказишга олиб келадиган зарарли шароитлардаги, оғир меҳнат шароитларида бажариладиган (иш вақтининг давомийлиги узоқ бўлган, тунги ишлар ва бошқалар билан боғлиқ бўлган), ўзининг хусусияти билан бундай тоифадаги ходимларнинг ахлоқ-одобига зарар етказадиган, белгилаб қўйилган нормадан ортиқ оғир юк кўтариши ва ташиш билан боғлиқ бўлган ишларда фойдаланишга йўл қўйилмайди.

Халқаро Меҳнат Ташкилоти Бош Конференциясининг 87-сессиясида қабул қилинган “Болалар меҳнатининг энг ёмон шакллари тўғрисида”ги (17.06.1999 й., Женева) 182-конвенциясига мувофиқ, мазкур Конвенцияни ратификация қиладиган Халқаро Меҳнат Ташкилотининг ҳар бир аъзоси болалар меҳнатини тақиқлаш ва унинг энг ёмон шаклларига барҳам беришни таъминлаш мақсадида дарҳол самарали чора-тадбирлар кўриши назарда тутилган.

Шунингдек, Конвенция мақсадлари учун “болалар меҳнатининг энг ёмон шакллари” атамаси қуйидагиларни ўз ичига қамраб олади, жумладан:

қулликнинг барча шакллари ёки қулликка ўхшаш амалиёт, масалан, болаларни сотиш, қарз асосидаги қарамлик ва тобелик, шунингдек зўраки ёки мажбурий меҳнат, шу жумладан болалардан қуролли можароларда фойдаланиш учун уларни зўрлаб ёки мажбурлаб жалб қилиш;

фоҳишабозлик билан шуғулланиш, порнография маҳсулотлари тайёрлаш ёки порнографик томошаларда иштирок этиш учун боладан фойдаланиш, уни ёллаш ёки уни таклиф қилиш;

қонунга хилоф фаолият билан шуғулланиш учун, хусусан, тегишли халқаро шартномаларда белгилангани каби, наркотиклар тайёрлаш ва сотиш учун боладан фойдаланиш, уни ёллаш ёки уни таклиф қилиш;

бажариш хусусиятлари ёки шароитига кўра болалар соғлиғи, хавфсизлиги ва маънавиятига зиён етказиши мумкин бўлган ишлар.

Муҳтасар қилиб айтганда, “Бутунжаҳон болалар меҳнатига қарши кураш куни”га бағишлаб Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, Савдо-саноат палатаси, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Халқаро Меҳнат Ташкилоти ҳамда ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамкорлигида ўтказилган давра суҳбати Ўзбекистонда болалар меҳнатидан фойдаланиланилиши мумкин бўлган таъминот халқаси (ципочки поставок[3])нинг ҳар қандай шаклини олини олиш ҳамда муҳофаза қилиш учун хизмат қилиши шубҳасиздир.

Давлатимиз томонидан ёшларнинг ҳар томонлама баркамол шахс бўлиб вояга етишлари учун яратиб берилган шарт-шароитларни бирдек қўллаб-қувватлаш, уларнинг маданий ва ахлоқий муҳитини яхшиланиши учун эътиборни янада ошириш, болалар меҳнати билан боғлиқ қонун нормаларини амалиётда тўлиқ ва тўғри тадбиқ этиш чоралари орқали ўз мақсадларимизга эришамиз.

[1] “Энг кичик ёш тўғрисида”ги 138-конвенция (Ўзбекистон Республикаси томонидан 04.04.2008 йил ратификация қилинган) 2-моддаси 3-банди

[2] Ўша норма 3-моддаси 1-2 бандлари.

[3] Ципочки поставок – это последовательность действий (процессов), осуществляемых  при производстве и распределении продукции

Шавкат ХАМРАҚУЛОВ[1]

[1] Ўзбекистон металлургия ва машинасозлик саноати тармоқлари ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгашининг бош юрисконсульти

Print Friendly, PDF & Email