Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси томонидан 2018 йилдаги фаолият якунларига бағишланган матбуот анжумани ташкил этилди.
Унда парламент қуйи палатаси депутатлари, мазкур қўмита ҳузурида тузилган экспертлар гуруҳи аъзолари ҳамда журналистлар қатнашди.
Матбуот анжуманида Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурида ҳамда Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида белгиланган устувор вазифалар доирасида парламент аъзолари ўз фаолиятини олиб боргани қайд этилди. Бунда халқимизнинг таклиф ва тавсиялари, шунингдек, жойларда депутатлар томонидан ўтказилган ўрганишлар натижалари муҳим манба бўлиб хизмат қилди.
Бинобарин, ҳисобот даврида қўмита томонидан мазкур ўрганишлар ва тизимли фаолият натижасида бир қатор қонун ҳужжатлари ишлаб чиқилди, тегишли ҳужжатларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Хусусан, «Автомобиль йўллари тўғрисида»ги ҳамда «Ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни назарда тутган қонуннинг қабул қилиниши йўл хўжалигини бошқаришнинг самарали тизимини шакллантириш, уларни молиялаштириш тизимини, ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурталаш механизмини такомиллаштириш, мазкур соҳада ташувчиларга янада қулай шарт-шароитлар яратиш ҳамда йўловчиларнинг қонуний манфаатларини муҳофазалашни кучайтиришга хизмат қилади.
Қўмита 2018 йилда қонун ижодкорлиги самарадорлигини ошириш, тайёрланаётган қонун лойиҳалари сифатини яхшилаш, уларни тайёрлашда мутахассислар, олимлар, амалиётчилар ва кенг жамоатчиликни жалб этган ҳолда муҳокама қилиш, парламент назоратининг муҳим шакллари – парламент сўрови, депутатлик сўрови, парламент эшитувларини ўтказиш, соҳадаги қонун ҳужжатлари ва Давлат дастурининг ижросини назорат қилиш каби масалаларга ҳам алоҳида эътибор қаратди.
Қўмита 16 та қонун лойиҳасини ва 1 та Палата қарорини Қонунчилик палатаси муҳокамасига киритди. Шулардан 3 таси бевосита қўмита аъзоларининг қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида тайёрланган.
Ҳисобот даврида қонун лойиҳалари муҳокамасига қаратилган 54 та ишчи гуруҳ йиғилиши ўтказилди. Уларда экспертларнинг иштироки таъминлангани қонун лойиҳаларининг пишиқ-пухта тайёрланишида муҳим омил бўлди.
“Парламент назорати тўғрисида”ги қонунга биноан, 2018 йил давомида давлат органи раҳбарларининг 8 та эшитуви ҳамда қонун талаблари, қонуности ҳужжатларининг ижроси бўйича 6 та назорат-таҳлил тадбири ташкил этилди. Хусусан, қўмитада «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурларининг Навоий вилоятида амалга оширилиши, “Ҳар бир оила – тадбиркор” давлат дастурининг Хоразм вилоятидаги ижроси юзасидан ҳамда «Ўзбекнефтгаз» АЖ раиси ўринбосарининг «Табиий ва суюлтирилган газдан оқилона ҳамда самарали фойдаланишнинг ҳолати ва истиқболлари тўғрисида»ги ахборотлар эшитилиши жойларда мавжуд муаммоларнинг ечимини таъминлаш мақсадида қонун ҳужжатларига, қолаверса, Ҳукумат қарорларига тегишли ўзгартишлар киритишга эришилди.
Хусусан, қўмита ташаббуси билан Бош вазир ўринбосарига «Аҳолини газ ва электр энергияси билан таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ва бу соҳадаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича кўрилаётган чоралар тўғрисида»ги юборилган парламент сўровига берилган жавобда кўтарилган муаммолар Ҳукумат томонидан бартараф қилиш чоралари белгилангани эътироф этилди.
Бундан ташқари, ўтган даврда қўмита аъзолари томонидан давлат бошқаруви органлари ва хўжалик органлари мансабдор шахсларига 45 та депутат сўрови ҳам юборилди. Улар орқали фуқароларни ўйлантириб келаётган бир қатор масалаларга ечим топилди.
Қўмита 2018 йилда соҳанинг ҳуқуқий базасини такомиллаштириш, ваколатлари ва самарали фаолият юритиши механизмларини кенгайтиришга қаратилган ишлар таъсирчанлигини ошириш мақсадида марказда ва жойларда турли тадбирлар, туркум конференциялар, давра суҳбатлари ва семинарлар ўтказишга алоҳида эътибор қаратди. Шу мақсадда 45 та давра суҳбати, 17 та семинар ҳамда 2 та конференция ташкил этилди. Шунингдек, қўмитанинг иш режасига киритилмаган бошқа 48 та ташкилий-амалий тадбирда иштирок этилди.
Йил давомида қўмита аъзолари томонидан долзарб аҳамиятга эга масалалар юзасидан оммавий ахборот воситаларида 1713 маротаба чиқиш қилинди.
Шунингдек, қўмита аъзолари ўз фаолияти давомида саноат ва ишлаб чиқариш корхоналарига ташриф буюриб, уларнинг эришган натижалари билан бирга, мавжуд муаммоларни аниқлаш, уларнинг ечими юзасидан қонунчиликка тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш амалиётини йўлга қўйдилар. Ҳисобот даврида қўмита аъзоларининг 25 та саноат ва ишлаб чиқариш корхоналарига ана шундай ташрифи ташкил этилди.
Қўмита фуқаролар мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича фаолиятга ҳам жиддий эътибор қаратди. Қўмитага келиб тушган 703 та мурожаат атрофлича кўриб чиқилиб, уларда кўтарилган муаммоларни ҳал этиш учун тегишли давлат органлари, ташкилотлар, муассасалар ва мансабдор шахсларга юборилди.
Жойларда қўмита аъзолари иштирокида 65 маротаба фуқаролар қабули ташкил қилинди.
Матбуот анжуманида қўмита аъзолари журналистларни қизиқтирган саволларга батафсил ва тўлиқ жавоб қайтардилар.
Акмалжон Умаралиев,
Олий Мажлис Қонунчилик
палатаси депутати
Сообщить об опечатке
Текст, который будет отправлен нашим редакторам: