GM Uzbekistan янги автомобилларга кафолатли хизмат кўрсатиш муддатини 3 йилгача узайтирди

  GM Uzbekistan янги автомобилларга кафолатли хизмат кўрсатиш муддатини узайтирди.

  2019 йил 1 февралидан ушбу муддат 3 йил ёки 100 000 километрга тенг бўлади. Олдинлари бу хизмат бир йил ёки 20 000 километрни ташкил этган.

  Узайтирилган кафолат муддати компаниянинг расмий дилерларидан 2019 йилнинг 1 февралидан бошлаб харид қилинадиган автомобилларга тегишли. Кафолат муддати автомобилнинг эгаси билан боғлиқ эмас — ушбу вақт мобайнида автомобиль эгаси ўзгарса, унинг янги эгаси ҳам кафолатдан фойдалана олади.

  Автомобильдан нотўғри фойдаланиш, авария, автомобилнинг конструкцияси ва модификациясига ўзгартириш киритиш, ишлаб чиқарувчи томонидан тавсия этилмайдиган қўшимчалар ёки жиҳозланиш туфайли носозликлар кафолат чекланишига олиб келади.

  Кафолат даври давомида ишлаб чиқарувчининг айби билан автомобилда кузатилган нуқсон ва носозликлар бепул бартараф этилади. Бунинг учун автомобиль эгалари томонидан машинадан фойдаланиш ва техник қаровнинг барча қоидаларига риоя этилган бўлиши лозим.

Print Friendly, PDF & Email