Меҳнат шартномаси ходимнинг ташаббусига кўра, икки хафталик огоҳлантириш муддати тугагунга қадар ҳам иш берувчи билан ходимнинг келишувига кўра бекор қилиниши мумкин. Қонунда белгиланган ёки тарафлар келишувига кўра қисқартирилган огоҳлантириш муддати ўтмасдан ходимнинг розилигисиз меҳнат муносабатларини бекор қилиш ушбу меҳнат шартномаси бекор қилинганлигини ғайриқонуний деб топишга ва ходимни аввалги ишига тиклаш ҳақидаги талабини қаноатлантиришга асос бўлади. Ходимни огоҳлантириш муддати ўтмасдан ўзбошимчалик билан ишни ташлаши у томонидан меҳнат мажбуритини бузиш деб баҳоланади.
Ходимлар билан меҳнат муносабатининг ходимлар сони (штати) ёки иш хусусиятиниг ўзгариши сабабли бекор қилиниши ишда қолдириш учун имтиёзли ҳуқуқи тўғрисидаги Меҳнат кодексининг (бундан кейинги ўринларда МК деб юритилади) 103-моддаси талабларига хилоф равишда амалга оширилганлиги аниқланса, суд меҳнат шартномаси бундай асослар бўйича бекор қилинишини ғайриқонуний деб топиб, ходимнинг аввалги ишига тиклаш ҳақидаги талабини қаноатлантиради.
Суд ходимга нисбатан интизомий жазо чораси қўлланишини, жумладан Меҳнат кодекси 100-моддаси 2-қисмининг 3 ва 4-бандлари бўйича меҳнат шартномасини бекор қилиниши нафақат иш берувчи томонидан интизомий жазо чораси қўлланиш муддати ва тартибларига риоя қилинмаган ҳолларда, балки ножўя хатти-ҳаракатлар ҳақиқатдан ҳам собир этилган, аммо содир этилган ножўя хатти-ҳаракатнинг оғирлик даражаси, хатти-ҳаракат содир этилган, ходимнинг олдинги ҳулқ-автори ва уни ишга бўлган муносабати ҳисобга олинмаган ҳолда (МКнинг 184-моддаси 3-қисми) бекор қилинган, деган хулосага келган тақдирда ҳам меҳнат шартномасини бекор қилиш ғайриқонуний деб топишга ҳақли.
Ходимнинг иш вақтида корхона ҳудудидан ёки унга берилган вазифаларни бажариши лозим бўлган объект ҳудудидан ташқарида бўлиши иш жойида бўлмаслик деб тушунилади. Шунга кўра, ишда ҳар қандай бўлмаслик эмас, балки фақатгина узрсиз сабаблар билан иш жойида бўлмаслик прогул деб ҳисобланиши мумкинлигини инобатга олиш, бунинг учун ходимнинг иш жойида бўлмаганлигининг ҳақиқий сабаблари аниқланмоғи лозим. Ходим узрли сабабларга кўра бўлмаган деб топилса, МКнинг 100-моддаси 4-бандига кўра, меҳнат шартномасининг бекор қилинши ғайриқонуний деб топилади ва ходимнинг ишга тиклаш ҳақидаги талаби қаноатлантирилади.
Ўриндошлик билан меҳнат шартномаси юқорида кўрсатилган асосга кўра бекор қилингач, унинг ўрнига бошқа ўриндош ишга қабул қилинган ҳолда ёхуд бу ходимнинг эгаллаб келган лавозими (бажараётган иши) бўш қолиб кетса (вакант), МКнинг 100-моддаси 2-қисми 5-бандига биноан меҳнат шартномасининг бекор қилиниши ғайриқонуний деб топилиши лозим.
Меҳнат шартларига кўра, ўриндошлик иши чекланиши сабабли ўриндошлик бўйича ишловчи ходимлар билан меҳнат шартномасининг бекор қилиниши кўрсатилган. Шартнома қуйидаги ҳолларда қонуний бекор қилинган деб ҳисобланади:
мазкур корхонада ўриндошлик асосида ишлашнинг чекланиши назарда тутилган бўлиши керак;
бундай чеклашлар киритишнинг қонунларда ўрнатилган тартибига риоя этилган бўлиши керак;
корхонага киритилаётган чеклашлар, қўшимча ишлар ходимлар соғлиғига ва ишлаб чиқариш хавфсизлигига таъсир этувчи оқибатларга олиб келадиган меҳнатнинг алоҳида шартлари ва режими билан боғлиқ бўлиши шарт. Ўзбекистон Республикаси Олий суди пленумининг 1998 йил
17 апрелдаги 12-сон “Судлар томонидан меҳнат шартномаси (контракти)ни бекор қилишни тартибга солувчи қонунларнинг қўлланилиши ҳақида”ги қарорида (бундан кейинги ўринларда Олий суд пленумининг 12-сон қарори деб юритилади) кўрсатилишича, ўриндошлик асосида ишловчи ходим корхонада ўриндошлик бўйича ишлашни чеклаш киритилгунга қадар ишга қабул қилинган бўлиши лозим. Агар ўриндошлик асосида ишловчи ходим корхонага бундай чеклаш киритилгандан сўнг ишга қабул қилинган бўлса, у билан меҳнат шартномаси МКнинг 106-моддасининг 4-бандига кўра белгиланган тегишли тартибларга риоя қилинган ҳолда мазкур асослар бўйича бекор қилиниши мумкин.
Қайд этилган шартларга риоя этилмаслик ўриндошлик асосида ишловчи шахс билан меҳнат шартномаси МКнинг 100-моддаси 2-қисми
5-бандига асосан бекор қилинишини ғайриқонуний деб топиш учун асос бўлиши мумкин.
Меҳнат шартномаси ғайриқонуний равишда бекор қилинган ходимни суднинг ҳал қилувчи қарори, юқори турувчи орган, иш берувчининг қарори, шунингдек меҳнат ҳақидаги қонунларга риоя қилиш устидан назорат олиб борувчи (масалан, прокурор протести, меҳнат ҳуқуқ инспектори ёзишмаси) органлар талаби бўйича аввалги ишига тиклаш мумкин.
Юқорида қайд этилган органлар қарори ҳамда меҳнат низолари комиссиясининг қарори билан ғайриқонуний равишда бошқа ишга ўтказилган ходимнинг аввалги ишига тикланиши таъминланади.
Қонунда кўрсатилганидек, агар йўл қўйилган қоидабузарликни бартараф этишнинг имкони бўлмаса ва у ишни давом эттиришга тўсқинлик қилса, шартнома ушбу асосга биноан бекор қилинади.
Олий суд пленумининг 12-сон қарорида кўрсатилишича, меҳнат шартномаси МКнинг 97-моддасининг 5-банди асосида бекор қилинган шахсларни ишга тиклаш ҳақидаги низоларни кўришда умумий қоидаларга кўра, ходимлар билан тузилган меҳнат шартномаларида меҳнат шартларини қонунда белгиланмаган қўшимча асослари қайд этилиши мумкин эмаслигини назарда тутишлари керак. Агар бундай шарт меҳнат шартномасига киритилган бўлса, у МКнинг 5-моддасига биноан ҳақиқий эмас деб топилади, ходим билан меҳнат шартномасини МКнинг 97-моддаси 5-банди бўйича бекор қилиш ғайриқонунийдир.
Меҳнат дафтарчасини бериш кечиктирилса, МКнинг 188-моддасида кўрсатилган ҳуқуқий оқибатлар келиб чиқади, яъни ғайриқонуний равишда меҳнат қилиш имкониятидан маҳрум этилиши туфайли ололмай қолган иш ҳақи иш берувчи томонидан тўланади.
Меҳнат шартномаси ғайриқонуний равишда бекор қилинган ёки ғайриқонуний равишда ходим бошқа ишга ўтказилган ҳолларда, у иш берувчининг ўзи, суд ёки бошқа ваколатли орган томонидан аввалги ишига тикланади.
МКнинг 112-моддасида меҳнат шартномасини ғайриқонуний равишда бекор қилганлик ва ходимни ғайриқонуний равишда бошқа ишга ўтказганлик учун иш берувчининг жавобгарлиги назарда тутилган. Мазкур моддага биноан, ишга тикланганда иш берувчига ходимга етказилган зарарни қоплаш мажбурияти юклатилади.
Шавкат ХАМРАҚУЛОВ
Ўзбекистон металлургия ва машинасозлик саноати тармоқлари ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгашининг бош юрисконсульти
Сообщить об опечатке
Текст, который будет отправлен нашим редакторам: