Сизнинг адвокатингиз
Гапни гапир уққанга …
Раҳбарнинг салоҳияти унинг ҳуқуқий билими даражаси, ходимларга муносабатида акс этади. Ҳар ишни қонун доирасида амалга оширадиган, кўпчилик фикри билан ҳисоблашадиган бошлиқнинг жамоасидан “гап” чиқмайди.
“Қизилқум-Серғайраткорлар” ёпиқ аксиядорлик жамияти раҳбарияти жорий йил бошида корхонанинг моддий аҳволидан келиб чиқиб, ходимлар иш ҳақини қисқартиришига мажбур бўлди. Корхона бош ҳисобчиси Леля Сергевна Цой ҳам ўзининг меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисида жамият бошқарувчисига ариза билан мурожаат этганида, унинг 2009 йил 6 июнидан то 2014 йил 17 февралига қадар иш даври учун фойдаланилмаган меҳнат таътилари учун компенсация тўланиши масаласида тушунмовчилик келиб чиқди.
Гап компенсация янги белгиланган – камайтирилган иш ҳақи бўйичами ёки аввалги – кўпроқ ҳисобланган маош билан белгиланадими, деган савол устида борарди. Охир-оқибат тўлов корхона раҳбарининг 2014 йил 20 январдаги буйруғига асосан, қисқатирилган миқдорда ҳисобланадиган бўлди.
Натижада фуқаро Ўзбекистон металлургия ва машинасозлик саноати тармоқлари ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгашига мурожаат қилиб, компенсация пулини бошқатдан ҳисоблашда амалий кўмак беришини сўради.
Шунда ходимлар иш ҳақининг қисқаритирилиши ҳақидаги корхона раҳбарининг буйруғи Ўзбекистон Республикаса Меҳнат кодексининг 156-моддаси талаби даражасидан четлаб ўтиб, яъни, икки ой олдин ходимлар огоҳланирилмай амалга оширилганлиги маълум бўлиб қолди. Касаба уюшма ҳуқуқшунослари томонидан масала атрофлича ўрганилиб, йўл қўйилган камчиликлар тўғрисида иш берувчига Тақдимнома киритилди.
Хатони тан олиш марднинг иши. Ёпиқ аксиядорлик жамияти тақдимномада кўрсатилган талаблар мамлакатимиздаги юқоридаги қонун ҳужжатларига тўла мос келишини англаб, камчилигини ўз вақтида тузатишга киришди. Фуқаро Л.Цойнинг бузилган хақ-ҳуқуқи тикланиб, унга қўшимча 4.434.336 сўм миқдордаги маблағ тўлиғича тўлаб берилди.
Энди қўйидаги ҳолатга эътибор қаратсак. Республика Кенгашига Чирчиқ шаҳридан фуқаро Хабибулло Юнусов 2012 йил 28 октябрдан имтиёзли пенсияга чиққан бўлиб, пенсия жамғармасининг Чирчиқ шаҳар бўлими томонидан жорий йилнинг 18 апрелидан бошлаб олиб турган пенсияси тўхтатилганлигидан нарози бўлиб шикоят қилади. Фуқаронинг ушбу мурожаати мамлакатимизда амалдаги пенсия таъминоти ва меҳнат қонунчилигига доир ҳужжатлар асосида ўрганиб чиқилди. Натижада, пенсия жамғармаси Чирчиқ шаҳар бўлимининг хатти-ҳаракатларида қонун бўзилиш ҳолатлари аниқланиб, камчиликларни зудлик билан бартараф қилиш тўғрисида кўрсатма берилди. Бироқ, жамғарма ходимлари ўз билганидан қолмай, ҳатто фуқаро Х.Юнусовга олиб келаётган пенсиясидан катта миқдорда пул ҳам қайтариш кераклиги ҳақида огохлантириш беришгани яра устига чипқон бўлди.
Вазият жиддий тус олгач, касаба уюшма мутахассислари Фуқаролик ишлари бўйича Чирчиқ туманлараро судига даъво аризаси киритишди. Суд ишни мазмунан кўриб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Чирчиқ шаҳар бўлимининг хатти-ҳаракатларини ғайриқонуний деб топди. Бўлим фуқаро Хабибулло Юнусовнинг “Ўзбекистон қаттиқ қотишма ва ўтга чидамли металлар комбинати”да ишлаган даврини имтиёзли иш стажи сифатида ҳисоблаб, ёшга доир пенсия тайинлаш мажбуриятини юклади. Жамғарма мутасадилари йўл қўйган хатолари туфайли бармоғларини тишлаб қолишди.
Дарвоқе, фуқароларнинг топталган ҳуқуқини тиклаш бурчимиз, аммо, унинг бузилишига йўл қўймаслик муқаддас вазифамиздир.
Маъмуржон Қиёмов,
Республика Кенгаши бош ҳуқуқшуноси
Сообщить об опечатке
Текст, который будет отправлен нашим редакторам: