General Motors Ўзбекистонда қолишини таъкидламоқда. Корпорация «Ўзавтосаноат» билан янги «GM—Ўзбекистон альянси»ни тузди

     «Ўзавтосаноат» акциядорлик жамияти ҳамда General Motors компанияси янги «GM—Ўзбекистон альянси»ни ташкил этиш бўйича қарор қабул қилди. GM Uzbekistan ахборотига кўра, бу Ўзбекистоннинг ўсиб бораётган автомобиль саноати талабларига жавоб берадиган янги ҳамкорлик платформаси саналади.

   «Ўзавтосаноат» ва General Motors ўзбек автосаноатини ривожлантириш мақсадида ташкил этилаётган янги Альянс доирасида ҳамкорликдаги фаолиятини амалга оширади. «GM—Ўзбекистон альянси» мамлакат автосаноатини мустақил равишда фаолият юритишига ўз ҳиссасини қўшади.

  «GM—Ўзбекистон альянси» доирасида «Ўзавтосаноат» ҳамда General Motors Ўзбекистонда автомобиллар ва двигателларини ишлаб чиқариш, ички ва ташқи бозорда Chevrolet ва Ravon брендлари остида автомобиль савдоси бўйича ҳамкорликни давом эттиради.

       2007 йилдан буён «Ўзавтосаноат» ва General Motors компаниясининг ўзаро ҳамкорлиги Ўзбекистонда автомобиль ишлаб чиқариш ҳажмини икки баробарга ошишини таъминлади. Ҳамкорлик доирасида маҳаллий етказиб берувчилар тармоғини кенгайтириш, маҳаллий ходимларнинг салоҳиятини ошириш, ички ва ташқи бозорлардаги мижозларга юқори сифатли автомобиллар етказиб бериш бўйича кенг кўламдаги ишлар амалга оширилди.

    «Ўзавтосаноат» ва General Motors’нинг фикрча, муносабатларнинг янги шаклига ўтиш сўнгги 10 йил давомида соҳанинг ривожи ва унинг салоҳиятини ошганлигини акс эттиради. Ўзаро муносабатларнинг қўшма корхона шаклидан «GM—Ўзбекистон альянси» сифатида қайта тузилиши Ўзбекистон миллий автосаноатининг мустақил равишда фаолият юритишини таъминлайди.

     Томонлар янги турдаги маҳсулотларни ўзлаштириш бўйича тасдиқланган лойиҳалар устида ишлашда давом этади. «GM—Ўзбекистон альянси» доирасида томонлар МДҲ ва янги бозорларда экспортни кенгайтириш масалаларини ўрганишади. Альянс, шунингдек, GM компаниясининг автомобиль технологиялари ва ноу-хауларидан фойдаланишни таъминлайди.

  Альянс доирасида «Ўзавтосаноат» автомобиль ва двигателларни ишлаб чиқариш бўйича операцион фаолият, шу жумладан, ташқи бозорда GM маҳсулотлари учун Ravon брендини дунёга танитиш бўйича назоратни тўлиқ ўз зиммасига олади. «Ўзавтосаноат» ҳамкорликдаги фаолият асоси бўладиган Chevrolet автомобилларини ишлаб чиқариш ва ички бозорда сотишни давом этади, Ravon брендини ташқи бозорга етказиб бериш эса кенгайтирилади.

  «Соҳанинг мустаҳкамланаётганини инобатга олган ҳолда, ҳозир Альянсга ўтишнинг айни вақти. GM компанияси Ўзбекистонда қолади ва мамлакатдаги автомобиль саноати ривожига ўз ҳиссасини қўшишда давом этади», — дейди GM Operations Uzbekistan раҳбари жаноб Ҳектор Вильярреал.

   Икки томон Альянсга ўтиш бандлик даражасига ёки автомобиль ва двигателлар ишлаб чиқариш ҳажмига таъсир қилмаслигини тасдиқлади. GM компанияси Ўзбекистонда автомобиль ва двигателлар ишлаб чиқариш учун бутловчи қисмларни етказиб беришни ҳамда Ўзбекистон автосаноатини консултатив ҳамда техник кўмак беришга йўналтирилган янги ташкил топаётган GM Advisory Services компанияси орқали қўллаб-қувватлашда давом этади.

Print Friendly, PDF & Email