Мамлакатимизда мустақиллик байрамининг 25 йиллик шодиёналари арафасида ўтган даврга бир назар ташлаган ҳар бир инсон мустақил тараққиёт йилларида иқтисодиётни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар самарасида Ўзбекистон аграр ўлкадан саноати ривожланган мамлакатга айланганига гувоҳ бўлади. Сўнгги йилларда республикамиз иқтисодий ўсиш суръатлари 8 фоиздан кам бўлмай келаётгани юртимизда барча соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар натижасидир.
Бунда иқтисодиётни таркибий ўзгартириш ва саноатни диверсификация қилиш ҳисобидан иқтисодиётимизнинг рақобатдошлигини оширишни таъминлаш энг устувор вазифа сифатида эътибор қаратилмоқда. Айниқса саноат соҳасини ривожлантириш борасидаги саъй-ҳаракатлар, жумладан йирик лойиҳалар ҳамда дастурлар амалиётга татбиқ этилмоқда.
Давлатимиз раҳбари раҳнамолигида саноат тармоқларини диверсификациялашга қаратилган изчил ислоҳотлар мамлакатимизда электротехника соҳасининг дунё иқтисодиётида шиддат билан ривожланаётган йўналишларини амалиётга муваффақиятли татбиқ этилишини таъминлади. Натижада замонавий маиший техника, жумладан телевизорлар, кир ювиш машиналари, электр печ ва плиталар, светодиод лампалар ва турли хил ёритгичлар, шунингдек, кондиционер, совуткич, газ ва электр плиталарнинг янги моделлари сингари йигирмадан зиёд қўшимча қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи ўнлаб янги корхоналар ташкил этилди.
Жорий йилнинг 22 июль куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси томонидан “Ўзбекистонда электротехника саноатининг ривожланиши: ҳолати ва истиқболлари” мавзусида конференцияўтказилди.
Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, вазирликлар, идоралар вакиллари, “Ўзэлтехсаноат” АК таркибига кирувчи корхоналар раҳбарлари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этдилар.
Конференцияда Ўзбекистонда мустақиллик йилларида электротехника саноатининг вужудга келиши ва шаклланиши босқичлари, тармоқнинг бугунги кундаги ҳолати ва муаммолари ҳамда республикада электротехника саноатини ривожлантиришнинг истиқболлари муҳокамалар марказида бўлди.
Қайд этилганидек, электротехника саноати республикада жадал ривожланаётган тармоқлардан бири ҳисобланади. 2005 йилда тармоқда маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 80 млрд. сўмни ташкил этган бўлса, 2015 йилда бу кўрсаткич 1 триллион 300 млрд. сўмни ташкил этди. 2015 йилда ва 2016 йилнинг биринчи ярмида тармоқ корхоналари томонидан 1,5 трлн. сўмдан ортиқ ишлаб чиқарилган маҳсулот республиканинг турли тармоқларига, жумладан, энергетика, нефт ва газ, тоғ-кон саноатларига, ижтимоий соҳа объектларга етказиб берилди.
Бугунги кунда компания тизимида 50 га яқин корхоналар турли йўналишларда яъни, кабел, электротехника, маиший техника маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва уларга техник хизмат кўрсатиш корхоналарифаолият юритади.Компания таркибидаги 27 та корхона томонидан ишлаб чиқарилаётган рақобатбардош маҳсулотлар Марказий Осиё, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ва бошқа хорижий мамлакатларга экспорт қилинмоқда.
Конференцияда 2005-2015 йилларда ишлаб чиқаришни диверсификация қилиш натижасида маҳсулот тайёрлаш сезиларли ўсиб бораётгани қайд этилди. Хусусан, маиший техника маҳсулотларининг улуши 2005 йилда 3,7 фоиз бўлган бўлса, бу кўрсаткич 2015 йилга келиб 29 фоизни ташкил қилган.
Тадбирда электротехника саноатини ривожлантиришнинг истиқболларига алоҳида эътибор қаратилди. Қайд этилганидек, ҳозирда тармоқни ривожлантириш дастури ишлаб чиқилган бўлиб, унга кўра 2030 йилгача соҳада 1 млрд. долларга яқин сармоя ўзлаштирилиб, 22 турдаги янги маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади ва барча корхоналарни модернизациялаш ҳисобига маҳсулот тайёрлаш ҳажми 5,1 баробарга ортиши кутилмоқда. Ҳозирда Компания томонидан 2016-2019 йиллар давомида худудларни иқтисодий ривожлантириш ва қишлоққа саноатни олиб киришни жадаллаштиришга қаратилган қиймати 295 миллион доллар бўлган 95 та инвестициявий лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилган. Мазкур лойиҳаларни тадбиқ этиш натижасида 5 мингга яқин янги иш ўринлари яратилиши назарда тутилган.
Муҳокамалар давомида тармоқда таркибий ўзгаришларни янада чуқурлаштириш, саноат ишлаб чиқаришини модернизациялаш ва диверсификациялаш, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмлари ва турларини кенгайтириш, янги ташқи бозорларни аниқлаш, ички ва ташқи бозорда рақобатбардош, замонавий электротехника маҳсулотларини ишлаб чиқаришни кўпайтириш борасидаги саъй-ҳаракатларни изчил давом эттириш лозимлиги, бу борада ҳали фойдаланилмаётган захиралар ва имкониятлар мавжудлиги таъкидланди.
Иштирокчилар томонидан электротехника саноатини ташкил этишга доир қонунчилик базаси ва тармоқ учун кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, тармоққа замонавий корпоратив бошқарув усулларини жорий этишни жадаллаштиришгадоир фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Тадбир доирасида «Ўзэлтехсаноат» АК тизимида амалга оширилаётган инвестицион лойиҳаларнинг тақдимотлари ташкил этилиб, иштирокчилар маиший техника маҳсулотлари ишлаб чиқараётган корхоналар фаолияти билан ҳам танишдилар.
Конференция якунлари бўйича республикада электротехника саноатини янада ривожлантиришга оид таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.
Акмал Умаралиев,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси аъзоси
Сообщить об опечатке
Текст, который будет отправлен нашим редакторам: