Соғлом она ва бола – келажак пойдевори ва гарови

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов таъкидлаганидек, “Ҳар қайси миллатнинг ўзига хос маънавиятини шакллантириш ва юксалтиришда, ҳеч шубҳасиз, оиланинг ўрни ва таъсири беқиёсдир. Чунки, инсоннинг энг соф ва покиза туйғулари, илк ҳаётий тушунча ва тасаввурлари биринчи галда оила бағрида шаклланади.

Бу ёруғ дунёда ҳаёт бор экан, оила бор. Оила бор экан, фарзанд деб аталмиш бебаҳо неъмат бор. Фарзанд бор экан, одамзод ҳамиша эзгу орзу ва интилишлари билан яшайди”.

Шу маънода, Ўзбекистон Республикаси фуқаролик жамияти қуриш йўлидан илдамлик билан қадам ташлаб, давлат сифатида фуқаролар ҳуқуқлари ҳамда манфаатлари ҳақида доимий ғамхўрлик қилиб келмоқда.

Жорий 2016 йил Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан “Соғлом она ва бола йили” деб номланиб, Давлат дастури[1] қабул қилинди ва унга мувофиқ бир қатор устувор вазифалар ва амалга оширилиши лозим бўлган йўналишлар белгилаб олинди, жумладан:

оилани, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, аёллар манфаатларини ҳимоя қилиш, соғлом болани тарбиялашда уларнинг ролини ошириш, кучли, барқарор ва равнақ топаётган давлатнинг негизи сифатида оила институтини мустаҳкамлашга йўналтирилган қонунчилик ва норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш;

олис ва чекка қишлоқ туманларида яшаётган аҳоли, айниқса аёллар учун зарур ижтимоий, маиший ва тиббий нуқтаи назардан зарур шарт-шароитлар яратиш, қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар асосидаги замонавий уй-жойлар, ижтимоий инфратузилма объектларини барпо этиш, қишлоқ аҳолисини тоза ичимлик сув, табиий газ билан таъминлаш, хизматлар кўрсатиш ва сервис даражасини юксалтириш борасидаги ишларни изчил давом эттириш;

тиббиёт муассасаларининг, жумладан перинатал ва скрининг марказларнинг моддий-техника базасини ва кадрлар салоҳиятини янада мустаҳкамлаш, оилавий поликлиникалар ва қишлоқ врачлик пунктларининг иш самарадорлигини ошириш, патронаж тиббиёт ҳамшираларининг сонини кўпайтиришни таъминлаш, акушер-гинекологлар ва болалар шифокорлари малакасини ошириш;

никоҳга кираётган шахсларнинг никоҳдан олдин тўлиқ тиббий кўрикдан ўтишини таъминлаш учун тиббиёт ходимларининг масъулиятини кучайтириш, шу асосда туғма ва ирсий касалликлар сонини камайтириш ҳамда ушбу мақсадларда поликлиникаларни замонавий ташхис ускуналари билан жиҳозлаш, кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини ошириш, мустаҳкам оила қуриш ва соғлом фарзанд туғилиши учун никоҳдан олдин тиббий кўрикдан ўтишнинг муҳимлигини аҳоли кенг қатламлари онгига сингдиришга қаратилган кенг қамровли тушунтириш ишларини олиб бориш;

ёшлар орасида жисмоний тарбия ва спортни кенг оммалаштириш, ёшларни, айниқса қишлоқ жойларда қизларни спорт билан мунтазам шуғулланишга жалб этиш, янги спорт объектларини қуриш, ишлаб турганларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, уларни замонавий спорт ускуналари ва анжомлари билан жиҳозлаш, юқори малакали тренер кадрлар ва мураббийлар билан таъминлаш;

мамлакатимизда тинчлик, осойишталик ва фаровонликни янада мустаҳкамлашнинг муҳим шарти сифатида оилаларда соғлом маънавий муҳитни, хусусан, ўзаро ҳурмат-эҳтиром, эр-хотин ўртасида, ота-оналар билан фарзандлар, қайнона-келин ўртасида, қўни-қўшнилар ўртасида меҳр-оқибат руҳини шакллантириш;

қиз болаларни – бўлажак оналарни – жисмонан соғлом ва интеллектуал ривожланган тарзда вояга етказиш, уларнинг академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежларида албатта таълим олишини, замонавий билимлар ва касб-ҳунарларга эга бўлишларини таъминлаш, уларнинг ҳаётда муносиб ўрин эгаллашларида, келажакда соғлом ва мустаҳкам оила қуришларида асосий шарт ҳисобланган ҳаётга бўлган мустаҳкам нуқтаи назарни ва мустақил фикрлашни шакллантириш;

соғлом болани вояга етказишда таълим тизимининг ролини кучайтириш, мактабгача таълим муассасалари тармоғини янада ривожлантириш, болаларни мактабга тайёрлаш даражасини тубдан ошириш, илғор педагогика ва ахборот-коммуникация технологияларини амалиётга кенг жорий этган ҳолда бошланғич таълимнинг юқори сифатини таъминлаш, соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш тадбирларини амалга ошириш;

касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини, аввало қизларни ишга жойлаштириш, ўз бизнесини йўлга қўйиш иштиёқидаги ёшларга имтиёзли кредитлар, ёш оилаларга уй-жой сотиб олиш ва қуриш учун ипотека кредитлари, узоқ муддат фойдаланиладиган товарлар харид қилиш учун истеъмол кредитлари ажратиш чора-тадбирларини таъминлаш.

Шу боис, юқорида қайд этганимиздек, бугун юртимизда қилинаётган барча ишлар биринчи галда ёшларимизнинг бахту саодати, уларнинг ёруғ келажаги йўлида амалга оширилмоқда.

Одобли ва билимдон, ақлли ва соғлом, меҳрибон ва меҳнатсевар фарзанд нафақат ота-онасининг, балки бутун жамият, давлатимиз ва халқимизнинг битмас-туганмас бойлигидир. Ёшларимизни ҳар томонлама соғлом ва баркамол этиб тарбиялаш, маънавият қўрғони бўлган оилани мустаҳкамлаш барчамизнинг бурчимиз эканлиги ёддан чиқармаслигимиз керак.

Хулоса ўрнида айтиш лозимки, соғлом ва ақл-заковатли баркамол авлодни вояга етказиш, унинг ҳаётда муносиб ўрин эгаллашига эришиш нафақат ота-онанинг орзуси, балки жамиятнинг ҳам мақсад-муддаосидир.

Шундай экан, она ва бола соғлиғини муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштириш, бу борадаги саъй-ҳаракатларни янада кучайтириш бугуннинг долзарб вазифалари сирасига киради. Зеро, ҳам жисмоний, ҳам маънавий жиҳатдан етук авлодгина Ватан тақдирига дахлдорлик масъулиятини ҳис этиб, келажаги буюк давлат барпо этишга қодир бўлади.

[1] Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 9 февралдаги ““Соғлом она ва бола йили” Давлат дастури тўғрисида”ги ПҚ–2487-сон қарори

Шавкат ХАМРАҚУЛОВ[1]

[1] Ўзбекистон металлургия ва машинасозлик саноати тармоқлари ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгашининг бош юрисконсульти

Print Friendly, PDF & Email