Ўзбекистонда биринчи автомобиль ишлаб чиқарилганига 20 йил тўлди

Бундан йигирма йил аввал, 1996 йил 19 июль куни Асакада «ЎзДЭУавто» қўшма корхонасининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтган эди.
Президентимиз Ислом Каримов ўша тантанали маросимда шундай деган эдилар: «Ўзимизнинг юртимизда ҳам, узоқ ва яқин қўшниларимиз ҳам яхши тушунадики, бундай улкан заводни қуриш учун нафақат иқтисодий ва молиявий имкониятларга, балки катта маънавий қудратга, қолаверса, катта юракка ҳам эга бўлиш керак».
Дарҳақиқат Автомобилсозлик дунё саноатининг энг пешқадам тармоқларидан бири ҳисобланади. Маълумотларга кўра, жаҳон ялпи ички маҳсулотининг қарийб ўн фоизини шакллантираётган ушбу тармоқ иқтисодиётни чуқур таркибий ўзгартиришга қодир. Бинобарин, автомобилсозлик ишлаб чиқаришга энг илғор ва мураккаб технологияларнинг кенг жалб этилиши, маҳсулотларнинг улкан қўшимча қийматга эга бўлишини таъминлайдиган қайта ишлаш тармоқларининг вужудга келишини рағбатлантириш орқали иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини таъминлашга хизмат қилади.

Асака автомобиль заводи ўз фаолияти кўламини йил сайин кенгайтириб борди. Миллий автомобилсозликда янги русумлар пайдо бўлди. 2001 йилнинг август ойида «Matiz» хэтчбеки, 2002 йилнинг сентябрида янги русумдаги «Nexia DOHC» седани тақдим этилди.
Компания деярли ҳар йили харидорларни янгиликлар билан хушнуд этиб келмоқда. 2003 йилда автомобиль саноатимиз «Lacetti» русумидаги автомашина ишлаб чиқаришни ўзлаштирди. 2004 йилнинг декабрь ойида бир литр ҳажмли двигатель ва автомат узатмалар қутисига эга «Matiz Best», 2006 йилнинг февраль ойидан янги «Damas II» автомашиналари ишлаб чиқарила бошланди.
2008 йилда тармоқдаги тўнғич корхона – Асака автомобиль заводи ҳаётида янги давр бошланди. Унинг негизида «Ўзавтосаноат» акциядорлик компанияси ҳамда «General Motors» компанияси таъсисчилигида «GM Uzbekistаn» қўшма корхонаси ташкил этилди. Ўзбек автомобиллари сафи янги, замонавий ва сифатли автомобиллар ҳисобига янада кенгая бошлади. 2010 йилда анча такомиллаштирилган ва технологик ихчамлаштирилган «Chevrolet Spark», 2011 йилда модернизация қилинган «Chevrolet Captiva», 2012 йилда «Chevrolet Malibu», 2013 йилда «Chevrolet Cobalt» автомобили ишлаб чиқарила бошланди. Сўнгги йилларда миллий автосаноатимиз автомобиллари қаторига янги русумдаги машиналар қўшилди. Хусусан, янгиланган «Lacetti», 2014 йил бошида «Orlando» оилавий автомобили намойиш этилди.
Айни вақтда 52 автомобиль ишлаб чиқарувчи давлатдан бири бўлган мамлакатимиз ишлаб чиқариш қувватлари бўйича биринчи ўттизталикдан жой олгани миллий автосаноатнинг халқаро нуфузи тобора ортаётганидан далолат беради. Буларнинг барчаси истиқлолимизнинг илк кунларида Президентимиз томонидан илгари сурилган Ўзбекистон – келажаги буюк давлат, деган ғоя – олий орзуимизнинг руёбга чиқаётганининг амалий тасдиғидир.

 

Print Friendly, PDF & Email