«Эътибор ва ғамхўрлик — инсоний бурч»

«9 май Хотира ва қадрлаш куни»га бағишлаб, комбинат бирлашган касаба уюшмаси қўмитаси ва Республика кончилик ва металлургия саноати фахрийлар Кенгаши Бекобод филиали билан ҳамкорлигида бугун «Уч авлод учрашуви» номли тадбири бўлиб ўтди. Тадбирда комбинатда кўп йиллар меҳнат қилган фахрийлар, комбинатнинг илғор ишчи-ходимлари ва ёш мутахассислари иштирок этишди.   

Дастлаб, тадбир аввалида Республика кончилик ва металлургия саноати фахрийлар Кенгаши Бекобод филиали раиси Илхом Қурбонов ва бирлашган касаба уюшма қўмитаси раиси Иброҳим Қодиров барча фахрийларини, иштирокчиларини байрам билан қутлаб, самимий тилакларини билдириб ўтишди. 

Тадбирда сўз олганлар, меҳнат фахрийларидан меҳнат шухрати ордени сохиби Вильмс Пётр, Абдусамад Рузикулов, Ўзбекистон қахрамони пўлат эритувчи Олим Тўйчиев 9 май – Хотира ва қадрлаш куни билан йиғилганларни табриклаб, юрт тинчлиги йўлида жон фидо қилган аждодларимиз, ҳозирда умргузаронлик қилаётган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларининг ҳаёт йўли ёш авлодга ибрат эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтишди. Фахрийларни эъзозлаш, ўтганларни порлоқ хотирасини ёд этиш эса эзгу қадриятларимиздан бири эканлиги қайд этилди.

Шунингдек комбинатнинг ёш мутахассисларидан Абдуғаффор Мирзаев, Хуснида Аминжановалар меҳнат фахрийларини байрам билан қутлаб уларни кўп йиллик фидокорона меҳнатлари билан комбинат ишлаб чиқаришига қўшган муносиб хиссаларини эътироф этишиб, ўз самимий эзгу тилакларини билдиришди.

Тадбир давомида маданият саройининг бадиий хаваскорлик жамоалари томонидан мусиқий дастур намойиш этилиб барчага хуш кайфият улашилди. Тадбир якунида таклиф этилган меҳмонларга байрам муносабати билан бирлашган касаба уюшмаси қўмитаси томонидан эсдалик совғалар тақдим этилди.

Print Friendly, PDF & Email