Ўзбекистон ва Қирғизистон касаба уюшмалари фаоллари иштирокидаги халқаро семинар

Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида турли сохаларда олиб борилаётган ўзаро манфаатли алоқалар сифат жихатидан янги босқичга кўтарилмоқда. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ташаббуси билан Андижонда ўтказилган “Саноат корхоналарида ижтимоий шериклик” мавзусидаги халқаро семинар ана шу саъй-харакатларнинг амалий ифодаси бўлди. Унга Фарғона водийси ҳамда Қирғизистон Республикасининг Боткен, Жалолобод, Ўш вилоятларидан касаба уюшма фаоллари таклиф этилди.

Мазкур анжуманнинг айнан Андижонда ташкил этилганлиги бежиз эмас. Ҳудудда саноат корхоналарининг сони салмоғи йил сайин ортиб бораётир. Биргина мамлакат автомобилсозликни “юраги” хисобланмиш “GM Uzbekiston” акциядорлик жамияти ҳамда унга бутловчи қисмлар етказиб беришга ихтисослашган субъектларда ўн минглаб ишчи-хизматчилар фаолият кўрсатмоқда. Демакки, шунга мос равишда иш берувчи ва касаба уюшмалари ҳамкорликда ишчи-ходимларни жалб этиш, уларнинг ижтимоий –иқтисодий муҳофазаси, хавфсиз шарт-шароитлар яратиш, белгиланган режаларини ўз муддатида адо борасида ўрганишга арзигулик тажрибалар тўпланган.

Меҳмонлар учун дастлаб “GM Uzbekiston”  акциядорлик жамияти цехларига экскурсия уюштирилди. Делегация аьзолари автомобиль ишлаб чиқариш жараёни, мавжуд тартиб-тамойиллар, ишчи-ходимлар учун йўлга қўйилган қулайликлар билан яқиндан танишдилар.

Семинарнинг очилишида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раисининг ўринбосари Бахтиёр Маҳамадалиев, Металлургия ва машинасозлик саноати тармоқлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши раиси Ахмаджон Хакулов, вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси раиси Шокиржон Болтабоев ва бошқалар қирғизистонлик хамкасбларини ташриф билан қутлаб, ўзаро тажриба алмашиш ҳамкорликни мутахкамлашга тайёр эканликларини таъкидладилар.

Қайд этилганидек, бозор муносабатларига ўтиш ва иқтисодий ислоҳатларни чуқурлаштириш жараёнида корхоналарда ходимлар билан иш берувчилар ўртасида меҳнатга оид муносабатларни тартибга солиш, ижтимоий шериклик тамойилини ривожлантиришда жамоа шартномасини ва келишувлари муҳум аҳамятга эга. Металлургия ва машинасозлик саноати тармоқлари касаба уюшмаси тизимидаги корхона ва ташкилотларда рўёбга чиқарилаётган устивор вазифалар жамоа шартномалариниг йилдан-йилга тўлдириб, мукаммаллаштирилиб борилаётганидан далолат. Ҳар бир ходимга одилоа муносабат шакилланган муҳитда эса ишга бўлган қизиқиш ортиб бораверади.

Иш берувчи ва ходимлар вакиллари ҳамфикр бўлган жойда ҳеч қандай муаммо юзага келмайди, дейди Қирғизистон тоғ-металлургия касаба уюшмаси марказий кенгаши раиси Эльдар Тажибаев. Ходим, энг аввало, оиласидан, кундалик маиший муаммолардан кўнгли тўқ бўлсагина, ишга меҳр беради. Мутахассис иш жойини иккинчи уй сифатида қабул қилиши, бир жойда муҳим, ҳатто пенсияга чиққунга қадар фаолият кўрсатиши учун маъмурият ва касаба уюшмаси доимий равишда қўллаб-қувватлаши зарур. Айтайлик, бир корхонада узоқ ишлаган ишчига пенсия даврида маьлум миқдорда қўшимча маблағ беришни жамоа шартномаларига киритиш мумкин. Ўзбекистон корхоналарида тўпланган тажрибалар хусусида автозавод мисолида кўплаб маьлумотлар олдик. Ўрнак олишимиз ва кези келганда, биз ҳам ўрганишимиз зарур бўлган жиҳатлар хусусида фикр алмашдик.

Баҳс-мунозараларга бой  бўлган семинарда Ўзбекистон ва Қирғизистон касаба уюшмалари Федерациялари ўртасида ҳамкорликда амалга оширилиши кўзда тутилган вазифалар юзасидан имзоланган 2018-2020 йилларга мўлжалланган Битим ҳамда шу асосда тайёрланган “йўл харитаси ” хусусида мулохазалар билдирилди.

Ташриф доирасида меҳмонлар Андижон вилоятининг диққатга сазовор масканларига саёҳат қилдилар.

Print Friendly, PDF & Email