Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномасида шунингдек, Ҳаракатлар стратегиясининг “Фаол инвестиция ва ижтимоий ривожланиш йили” Давлат дастури доирасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар қаторида йўл, транспорт ва транспорт коммуникациялари соҳасини жадал ривожлантириш, ушбу соҳадаги бошқарув тизимини такомиллаштириш ҳамда малакали кадрлар тайёрлашга катта эътибор қаратилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 1 февралдаги “Транспорт соҳасида давлат бошқарув тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги Қарори қабул қилинди. Шу билан бирга, юртимизда транспорт соҳасидаги давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республика Транспорт вазирлиги ташкил этилди ва вазирлик тизимида Йўл-қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш инспекциясининг ҳуқуқий асослари яратилди.
Таъкидлаш жоизки, куни кеча Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси томонидан “Автомобиль йўллари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг Жиззах вилоятидаги ижроси назорат-таҳлил тартибида ўрганилди.
Парламент қуйи палатаси депутатларининг ҳудудларда аҳоли билан бевосита мулоқотлари жараёнида энг кўп кўтарилган масалалардан бири бу ички автомобиль йўллари носозлиги, таъмирталаблиги, жойларда фуқаролар томонидан ички автомобиль йўлларининг ўзбошимчалик билан қазиш, уни қайта тикламасдан бузиш масалалари кўтарилган.
Яқинда парламент қуйи палатасида Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси раҳбарининг “Хўжаликлараро қишлоқ автомобиль йўллари ҳамда шаҳарлар, шаҳар посёлкалари, қишлоқлар ва овуллар кўчалари мавжуд тармоқларининг бугунги ҳолати, уларни яхшилаш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида”ги “Ҳукумат соати”да ҳам мазкур масаланинг нақадар долзарблиги кўринди.
Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси аъзолари томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси тайёрланди.
Шундан келиб чиқиб, Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси қонун лойиҳасини депутатлар, Вазирлар Маҳкамаси вакиллари, вазирликлар, мутассадди ташкилотларнинг масъул ходимлари, соҳанинг мутахассислари ва экспертлари иштирокида муҳокама қилдилар.
Қонун лойиҳасининг мақсади Йўл-қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш инспекциясига берилган ваколатлар билан йўл-қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш, муҳандислик коммуникацияси тармоқларини қуриш ва таъмирлашда шаҳар кўчалари ва бошқа аҳоли пунктларининг йўл қопламасини демонтаж қилиш ҳамда тиклаш бўйича ишларни назорат қилиш функциялари, ишлар сифатини бузганлик ва ишларни тегишли рухсатларсиз бажарганлик учун маъмурий жавобгарлик қўллаш тартибларини белгилашдан иборатдир.
“Автомобиль йўллари тўғрисида”ги Қонунда белгиланган норма талабларидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 147 ва 245-моддаларига тегишли қўшимчалар таклифи киритилмоқда. Унга кўра автомобиль йўлларини ўзбошимчалик билан қазиш, уларда сунъий нотекисликлар ва тўсиқлар яратиш, ишлар олиб бориш учун берилган рухсатнома талабларини бажармаслик ҳамда сақлаш қоидаларини бузганлик учун нафақат мансабдор шахсларга балки фуқароларга ҳам жарима солиш таклиф этилмоқда.
Шунингдек, Йўл-қурилиш ишларининг сифати устидан назорат олиб борадиган инспекцияси йўл қурилиши ишларида, унда фойдаланиладиган материаллар ишлаб чиқаришда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабига риоя этилиши самарадорлигини ошириш ва бажарилаётган ишларнинг мукамаллигини таъминлашда долзарб ўрин тутади.
Қонун лойиҳасини тайёрлаш жараёнида дунёнинг бир қатор давлатлари йўл хўжалигини бошқариш тизими тўғрисидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари ўрганилди.
Шулардан келиб чиққан ҳолда, келажакда автомобиль йўлларининг сифати ва самарадорлигини янада ошириш, уларни лойиҳалаштиришда илмий ёндашувларни амалиётга изчил жорий этиш, пировардида халқаро стандартлар даражасидаги транспорт инфратузилмасини шаклланади, соҳага ёндашувни тубдан ўзгартиришга олиб келади.
Хулоса сифадида, айтиш мумкинки, қонуннинг қабул қилиниши мамлакатимиз иқтисодиёти ривожига, шаҳар ва қишлоқларимиз йўлларининг янада равон, обод бўлишига, аҳоли ҳаёт даражаси ҳамда сифатининг юксалишига ҳамда халқимизнинг рози бўлиб яшаши учун янада қулай шароит яратилишига хизмат қилади.
Акмал Умаралиев,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси аъзоси
Сообщить об опечатке
Текст, который будет отправлен нашим редакторам: