Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг саккизинчи ялпи мажлиси тўғрисида АХБОРОТ 2020 йил 21 октябрь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг саккизинчи ялпи мажлиси бўлиб ўтди.
Видеоконференцалоқа тарзида ўтказилган ялпи мажлисда ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Ялпи мажлисни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева олиб борди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг айрим қўмиталари аъзолари тўғрисидаги масала ҳам кўриб чиқилди.
Сўнгра “Қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 18 майдаги “Ўзбекистон Республикасида заргарлик тармоғини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони мазкур қонунни тайёрлашга асос бўлган.
Мажлисда ушбу қонун Сенат қўмитаси, тегишли вазирлик ва идоралар мутахассислари ҳамда экспертлар томонидан кўриб чиқилиши жараёнида унинг айрим моддалари қўйиладиган талабларга жавоб бермаслиги аниқланганлиги қайд этилди.
Хусусан, Қонуннинг 12-моддасининг бешинчи ва 25-моддасининг олтинчи хатбошиларини “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 5-моддасига мувофиқлаштириш мақсадга мувофиқлиги билдирилди.
Давлатнинг қимматбаҳо металларни саноат усулида қазиб олишни амалга оширувчи корхоналар фаолиятига аралашувини камайтириш мақсадида Қонуннинг тегишли моддалари нормаларини қайта кўриб чиқиш ва 15-моддаси талабларини амалдаги қонунчилик ҳужжатлари нормаси билан мувофиқлаштириш зарурлиги таъкидланди.
Шунингдек, Қонуннинг 22-моддаси бешинчи қисмида назарда тутилган нормани Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 августдаги ПФ-6044-сонли Фармони, яъни мазкур йўналишдаги фаолият лицензияланадиган фаолият турларига кирмаслиги тўғрисидаги талабга мувофиқлаштириш кераклиги ҳам қайд этилди.
Сенаторлар мазкур Қонунни рад этиш бўйича қарор қабул қилди.
Сообщить об опечатке
Текст, который будет отправлен нашим редакторам: