Бугун Металлурглар маданият саройида Ўзбекистон металлургия ва машинасозлик тармоқлари ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши
раиси Аҳмаджон Хакулов, Тошкент вилояти касаба уюшмалари бирлашмаси кенгаши раиси Муроджон Носиров ҳамда «Ўзметкомбинат» АЖ бошқарув раиси – бош директор Рашид Пирматов иштирокида комбинат ёшлари билан «Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик» шиори остида учрашув бўлиб ўтди.
Очиқ мулоқат тарзида ўтказилган мазкур тадбирда дастлаб меҳмонлар сўзга чиқишиб, бугунги кунда юртимизда амалга оширилаётган ишлар, эришилаётган ютуқлар ва бунда ёшларнинг ўрни ҳақида алоҳида таъкидлаб ўтишди. Шундан сўнг комбинат бошқарув раисининг ёшлар сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси Абдуғаффор Мирзаевнинг 2022 йилнинг биринчи ярим йиллигида ёшларга оид давлат сиёсатининг комбинатда амалга оширилиши юзасидан ҳисоботи тингланди.
Самимий суҳбат тарзида ўтказилган йиғилиш давомида ёшлар комбинат ёшлари кенгаши фаолиятини яна қандай ривожлантириш юзасидан ҳамда бошқа ўзларини қизиқтирган савол ва таклифларини билдириб ўтишди.
Тадбир якунида яқинда Россия Федерациясининг Владивосток шаҳрида ўтказилган “7-Осиё болалари” спорт ўйинларида 58 кг. вазнда спортнинг самбо тури бўйича 1-ўринни эгаллаган Ислом Абдузокиров ҳамда Болгариянинг София шаҳрида таэквондо ВТ бўйича ўсмирлар ўртасида ўтказилган жаҳон чемпионатида 52 кг. вазн тоифасида 2-ўринни қўлга киритган Маржона Худойқулова комбинат касаба уюшмаси қўмитаси томонидан ташаккурнома ва қимматбаҳо эсдалик совғалар билан тақдирланишди.
Сообщить об опечатке
Текст, который будет отправлен нашим редакторам: