Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан Хоразм вилоятининг Хонқа туманида барпо этилган замонавий “Хонқа” санаторийси фойдаланишга топширилди.

Замонавий архитектура ютуқлари асосида барпо этилган ва бальнеологик курорт ҳисобланган мазкур “Хонқа” санаторийсида дам олиб, саломатлигини мустаҳкамлаш учун ташриф буюрган даволанувчиларга барча зарур шарт-шароит ва қулайликлар яратилган. Янги сиҳатгоҳ жойлашган ҳудуди, иқлими, табиатининг шифобахш хусусиятига кўра асаб, юрак, қон-томир тизими, гинекологик, таянч-ҳаракат тизими касалликларини даволашга ихтисослаштирилган.

Умумий майдони қарийб 3 гектар бўлган санаторийга 5,7 километр олисдаги масофадан махсус қувурлар орқали табиий газ тармоғи, 5 километр масофадан заҳира электр тармоғи тортиб келинди. Шунингдек, оқава ва чиқинди сувларни тозаловчи иншоот қурилди. Қарийб 800 метр чуқурликдан шифобахш маъданли сув қазиб чиқарилди.

200 ўринга мўлжалланган мазкур сиҳатгоҳда яратилган шарт-шароитлар ҳар йили 7000 нафарга яқин аҳоли саломатлигини тиклаш ва соғломлаштириш имконини беради. Аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатишни таъминлаш мақсадида “Хонқа” санаторийсида даволанувчиларга 115 нафарга яқин малакали тиббиёт ходимлари хизмат кўрсатадилар.

Print Friendly, PDF & Email