“Меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси” мавзусида амалий семинар

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2025-йил 17-октябрь куни касаба уюшмалари фаоллари ва фахрийлари билан бўлиб ўтган учрашувда илгари сурилган ташаббуслар ижросини таъминлаш мақсадида, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Тошкент вилояти кенгаши томонидан 26-ноябрь куни “Ўзметкомбинат” АЖга қарашли “Металлург” маданият саройида “Меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси” мавзусида амалий семинар ўтказилди.
Семинарда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Тошкент вилояти кенгаши раиси ўринбосари Ў.Рашидов, Ўзбекистон металлургия ва машинасозлик саноати тармоқлари ходимлари касаба уюшмаси республика кенгашининг меҳнат муҳофазаси бўйича бош мутахассиси М.Сагдуллаев, Тошкент вилояти бандлик бош бошқармаси меҳнат инспекцияси давлат инспектори Ў.Ўсаров, “Ўзметкомбинат” АЖ саноат хавфсизлиги ва меҳнат муҳофазаси департаменти директори А.Узаков, “Ўзметкомбинат” АЖ касаба уюшмаси қўмитаси раиси Э.Велиуллаева, шунингдек, корхона тизимида фаолият юритувчи меҳнат муҳофазаси бўйича масъул ходимлар, вакиллар ва цех касаба уюшма қўмитаси раислари иштирок этди.
Семинарни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Тошкент вилояти кенгаши раиси ўринбосари Ў.Рашидов кириш сўзи билан очиб, меҳнат жараёнида хавфсизлик, сиҳат-саломатлик ва иш қобилиятини сақлашга қаратилган ижтимоий-иқтисодий, ташкилий, техникавий, санитария-гигиена ва даволаш-профилактика тадбирларини йўлга қўйиш, ишчи-ходимлар учун зарур шарт-шароитлар яратиш ва меҳнат муҳофазасини таъминлаш борасидаги вазифаларга тўхталиб ўтди.
Семинар давомида сўзга чиққанлар иш жойида меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси, ходимлар учун соғлом ва қулай меҳнат шароитлари яратиш, иш жараёнида ходимлар соғлиғига зарар етмаслик, жароҳатланишлардан, касбий касалликлардан ва фавқулодда ҳолатлардан олдин олиш чора-тадбирлари ҳақида фикр билдириб, ўзаро тажриба алмашдилар.
Семинарнинг иккинчи қисмида иштирокчилар “Ўзметкомбинат” АЖ музейи ва меҳнат муҳофазасига оид кўргазмали қуроллар билан танишдилар.

Print Friendly, PDF & Email