Наманган шаҳридаги автомобиллар учун ёритиш қисмлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган йирик саноат корхоналаридан бири — «Uz-Chasis» МЧЖда муҳим маърифий тадбир ташкил этилди. Айни пайтда минг нафардан зиёд ишчи-ходим меҳнат қилаётган ушбу корхонада Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлис ва халқимизга йўллаган навбатдаги Мурожаатномасини ўрганиш мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Тадбир “Ўзметмашсаноат” касаба уюшмаси Республика кенгашининг Наманган вилояти кенгаши томонидан ташкил этилди. Давра суҳбати очиқ мулоқот шаклида ўтиб, ишчи-ходимлар учун фикр билдириш ва саволлар бериш имконияти яратилди.
Учрашувда фалсафа фанлари бўйича фалсафа доктори Икромжон Солиев маъруза қилиб, Президент Мурожаатномаси мазмун-моҳиятига атрофлича тўхталди. Унинг таъкидлашича, Мурожаатнома нафақат давлат бошқаруви ёки иқтисодиёт соҳалари, балки жамият ҳаётининг барча йўналишлари қатори касаба уюшмалари фаолияти учун ҳам муҳим дастуриламал вазифасини ўтамоқда.
— Мурожаатномада илгари сурилган ғоялар марказида инсон манфаати турибди. Хусусан, меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, муносиб иш шароитларини яратиш, ижтимоий ҳимояни кучайтириш ва адолат тамойилларини таъминлаш каби масалалар касаба уюшмалари олдига ҳам катта масъулият юклайди, — дея таъкидлади Икромжон Солиев.
Шунингдек, у Мурожаатномада белгиланган вазифаларни амалга оширишда жойлардаги касаба уюшмалари ташкилотларининг фаоллиги, иш берувчи ва ишчи ўртасидаги ижтимоий шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш муҳим аҳамият касб этишини қайд этди.
Давра суҳбати давомида корхона касаба уюшма қўмитаси раиси Улуғбек Каримов сўзга чиқиб, бундай учрашувлар жамоа аъзоларининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, уларни мамлакатда олиб борилаётган ислоҳотлар мазмуни билан яқиндан таништиришда катта ўрин тутишини билдирди.
Тадбирда иштирок этган ишчи-ходимлар ҳам Мурожаатнома юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб, меҳнат шароитларини янада яхшилаш, ижтимоий кафолатларни кенгайтириш ва иш жойларида хавфсизликни кучайтиришга доир таклифларини илгари суришди.
Мазмунли ва очиқ мулоқот руҳида ўтган давра суҳбати иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди ҳамда Президент Мурожаатномасида белгиланган устувор вазифаларни жойларда самарали амалга ошириш йўлида муҳим қадам бўлди.
Мурожаатнома муҳокамаси Инсон манфаати ва меҳнат ҳуқуқлари устувор йўналиш сифатида белгиланди.

Сообщить об опечатке
Текст, который будет отправлен нашим редакторам: