“Автоойна” МЧЖ жамоасида байрам шодиёнаси

Наврўз байрами ҳамда Рамазон Ҳайити муносабати билан “Автоойна” МЧЖда кўтаринки руҳда байрам тадбири ташкил этилди. Ушбу тадбир жамоа аъзолари ўртасида ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, миллий қадриятларимизни кенг тарғиб этиш ҳамда байрамона кайфиятни юксалтиришга хизмат қилди.
Байрам арафасида спортнинг шашка, шахмат ва стол тенниси турлари бўйича қизғин ва муросасиз мусобақалар ўтказилди. Унда иштирок этган ходимлар ўз маҳорат ва салоҳиятларини намоён этиб, ғолиблик учун астойдил курашдилар. Тадбир доирасида ушбу мусобақалар ғолиблари муносиб тақдирланиб, эсдалик совғалари ва фахрий ёрлиқлар билан мукофотландилар.
Шунингдек, жамият ёшлари ўртасида интеллектуал салоҳиятни оширишга қаратилган “Заковат” ўйинлари ҳам юқори савияда ўтказилди. Мазкур беллашувда фаол иштирок этган жамоалар ўз билим ва зеҳнини намоён этиб, энг кучли жамоалар байрам тадбирида диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирландилар.
Рамазон ойи давомида эса жамият раҳбарияти ва касаба уюшмаси қўмитаси ҳамкорликда ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар ҳолидан хабар олиб, уларга амалий ёрдам кўрсатди. Жумладан, 130 нафар оилага озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилиб, уларнинг байрамни муносиб кутиб олишларига ҳисса қўшилди.
Ушбу байрам тадбирлари “Автоойна” МЧЖ ишчи-хизматчилари орасида кўтаринки кайфият, ўзаро ҳурмат ва бирдамлик муҳитини янада мустаҳкамлади. Бундай эзгу анъаналар жамоада ижобий руҳни шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади.

Print Friendly, PDF & Email