Ўзбекистон металлургия ва машинасозлик саноати тармоқлари ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгашининг “Ижроия қўмитанинг навбатдаги йиғилишига тайёргарлик кўриш” ҳақида ги йиғилиши бўлиб ўтди.

Республика Кенгаши томонидан ўтказилган йиғилишда ташкилий, ижтимоий-иқтисодий ҳамда ҳуқуқий аҳамиятга эга бўлган бир қатор долзарб масалалар атрофлича муҳокама қилинди. Йиғилишда асосий эътибор Республика Кенгаши Ижроия қўмитаси йиғилишига пухта тайёргарлик кўриш, жойларда касаба уюшмалари фаолиятини янада такомиллаштириш, жамоа шартномаларининг ижросини таъминлаш ва ижро интизомини мустаҳкамлашга қаратилди.
Йиғилиш аввалида ташкилий ишлар бўлими томонидан Республика Кенгаши Ижроия қўмитаси йиғилишига тайёргарлик жараёнлари, кун тартибига киритилган масалаларнинг мазмун-моҳияти ҳамда уларнинг аҳамияти юзасидан батафсил маълумот берилди. Унда жойларда топшириқларни ўз вақтида ва сифатли бажариш, улар ижросини доимий назорат қилиш, шунингдек, амалга оширилган ишлар юзасидан аниқ ва тизимли ҳисоботларни шакллантириш муҳимлиги алоҳида таъкидланди. Шу билан бирга, ҳудудлар кесимида олиб борилаётган ишлар самарадорлигини ошириш, маълумотларни умумлаштириш ва раҳбариятга киритиш жараёнларини такомиллаштириш зарурлиги қайд этилди.
Йиғилишда корхона ва ташкилотларни касаба уюшмасига жалб қилиш ишларини янада жадаллаштириш, янги аъзолар сонини ошириш, бу борада манзилли ва тизимли ёндашувни йўлга қўйиш масалалари ҳам кенг муҳокама қилинди. Хусусан, янги ташкил этилган ва фаолият юритаётган корхоналар билан ҳамкорликни кучайтириш, уларда касаба уюшма ташкилотларини тузиш ҳамда бу жараённи доимий равишда мониторинг қилиш муҳим вазифалардан бири сифатида белгиланди.
Ижтимоий ҳимоя йўналишида жамоа шартномаларининг ўрни ва аҳамиятига алоҳида эътибор қаратилди. Таъкидланганидек, жамоа шартномалари меҳнат жамоаларида барқарор ижтимоий-меҳнат муносабатларини шакллантириш, ходимларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, иш берувчи ва ходимлар ўртасидаги ўзаро ишонч ва ҳамкорликни мустаҳкамлашда муҳим ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланади. Шу муносабат билан, 2025 йил давомида жамоа шартномаларининг бажарилиши юзасидан жойларда ўтказилаётган умумий мажлисларнинг аҳволи таҳлил қилинди.
Шунингдек, 2026 йилда амал қилиш муддати тугайдиган жамоа шартномалари мавжуд корхона ва ташкилотларни аниқлаш, улар бўйича тўлиқ ва ишончли маълумотлар базасини шакллантириш, янги жамоа шартномаларини ўз вақтида ишлаб чиқиш ва қабул қилиш бўйича тизимли ишларни ташкил этиш зарурлиги таъкидланди. Бу жараёнда ҳудудий ташкилотлар, масъул ходимлар ва касаба уюшмаси фаоллари ўртасида самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш, жойларда тушунтириш ишларини кучайтириш ҳамда илғор тажрибаларни оммалаштириш муҳим аҳамият касб этиши қайд этилди.
Йиғилишда олиб борилаётган ишлар ҳақида жамоатчиликни кенг хабардор қилиш, жумладан, оммавий ахборот воситалари орқали ёритиш масалаларига ҳам эътибор қаратилди. Бу эса касаба уюшмалари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, аҳоли ўртасида уларнинг нуфузини оширишга хизмат қилиши таъкидланди.
Шу билан бирга, ижро интизомини таъминлаш масаласи йиғилишнинг муҳим йўналишларидан бири бўлди. Хусусан, жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушаётган мурожаатларни ўз вақтида кўриб чиқиш, улар юзасидан қонуний ва асосли чоралар кўриш, сайёр қабулларни тизимли ташкил этиш ҳамда бу жараёнларнинг самарадорлигини ошириш зарурлиги қайд этилди. Масъул ходимлар томонидан белгиланган вазифалар ижросини кечиктирмасдан бажариш, ҳисоботларни ўз вақтида тақдим этиш ва ижро интизомига қатъий риоя қилиш талаб этилиши алоҳида урғуланди.
Йиғилиш якунида барча кўриб чиқилган масалалар касаба уюшмалари фаолиятини янада ривожлантириш, ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, ташкилотларда соғлом меҳнат муҳитини шакллантириш ҳамда белгиланган вазифалар ижросини самарали ташкил этишга қаратилгани билан аҳамиятли эканлиги қайд этилди.
Йиғилиш сўнгида Ўзбекистон металлургия ва машинасозлик саноати тармоқлари ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши раиси маслаҳатчиси Хакулов Ахмаджан Махмудовичнинг тармоқдаги кўп йиллик самарали меҳнати ва фидокорона хизмати юксак баҳоланиб, Унга халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга қўшган муносиб ҳиссаси учун Профцентр «Союзметал»нинг “За укрепление международной солидарности” кўкрак нишони ҳамда МОП «Союзметалл»нинг фахрий грамоталари тантанали равишда топширилди.
Мазкур мукофотлар унинг тармоқ ривожига қўшган салмоқли ҳиссаси, касаба уюшмалари ҳаракатини ривожлантиришдаги фаол иштироки ҳамда халқаро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш борасидаги хизматларининг эътирофи сифатида қайд этилди.

Print Friendly, PDF & Email