“UzeraeAlternator” МЧЖда “Хавфсиз меҳнат асослари” мавзусида навбатдаги семинар ўтказилди.

“UzeraeAlternator” МЧЖда меҳнат муҳофазаси ва ишлаб чиқариш хавфсизлигини таъминлашга қаратилган навбатдаги семинар ташкил этилди. “Хавфсиз меҳнат асослари” мавзусида ўтказилган мазкур тадбирда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг масъул ходимлари, Металлургия ва машинасозлик ташкилотлари касаба уюшмаси Республика Кенгашининг Навоий вилоятидаги масъул ташкилотчиси Алишер Бахронов, корхона раҳбарияти, муҳандис-техник ходимлар, меҳнат муҳофазаси бўйича мутахассислар ҳамда ишчи-ходимлар иштирок этдилар.
Семинарнинг асосий мақсади иш  жойларида хавфсиз меҳнат муҳитини шакллантириш, ишлаб чиқариш жараёнида юзага келиши мумкин бўлган хавф-хатарларнинг олдини олиш ва ходимларнинг меҳнат муҳофазаси соҳасидаги билим ҳамда кўникмаларини янада мустаҳкамлашдан иборат бўлди.
Тадбир давомида иштирокчиларга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 24 декабрлаги 819-сонли қарори билан тасдиқланган тўрттала Низомнинг мазмун-моҳияти, меҳнат қонунчилиги талаблари, ишлаб чиқаришда хавфсизлик техникаси қоидалари, шахсий ҳимоя воситаларидан тўғри фойдаланиш, фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилиш тартиби ҳамда бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш бўйича муҳим маълумотлар етказилди. Шунингдек, амалий мисоллар асосида хавфсиз меҳнат маданиятини шакллантириш ва ҳар бир ходимнинг шахсий масъулиятини ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Семинарда сўзга чиққан мутахассислар меҳнат муҳофазаси талабларига қатъий риоя қилиш ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш, ходимлар саломатлигини муҳофаза қилиш ва корхонада хавфсиз иш муҳитини таъминлашнинг муҳим омили эканлигини таъкидладилар.
Тадбир якунида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар ҳамда хавфсиз меҳнатни таъминлаш бўйича амалий тавсиялар билан танишдилар.
“UzeraeAlternator” МЧЖда меҳнат муҳофазаси ва саноат хавфсизлиги соҳасида тизимли ишлар изчил давом эттирилиб, ходимларнинг билим ва малакасини оширишга қаратилган бундай ўқув-семинарлари мунтазам ташкил этиб келинмоқда. Бу эса корхонада хавфсиз меҳнат маданиятини янада юксалтириш ва ишлаб чиқариш жараёнларининг барқарорлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.

Print Friendly, PDF & Email