2019 йил 19 март куни Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси “Ўзбекистонда транспорт-логистика инфратузилмалари имкониятларини оширишнинг долзарб масалалари” мавзусидаги давра суҳбатини ташкил этди.
Унда парламент қуйи палатаси депутатлари, вазирлик ва идора раҳбарлари, соҳага тааллуқли компаниялари раҳбарлари, экспертлар ҳамда ОАВ вакиллари қатнашди.
Мазкур тадбирдан кўзланган мақсад Ўзбекистонда транспорт-логистика инфратузилмалари имкониятларини оширишнинг ҳолати ва истиқболдаги режаларини тегишли соҳа мутахассислари ва экспертлари иштирокида муҳокама этиш, соҳани тартибга солувчи қонунчиликни янада такомиллаштириш ва тегишли таклиф ҳамда тавсиялар ишлаб чиқишдан иборатдир.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномасида юртимизда транспорт-логистика тизимини такомиллаштириш долзарб масала эканлиги, денгизга чиқиш имкониятимиз чеклангани учун маҳсулотни экспорт қилишда қийинчиликларнинг мавжудлиги, товарларимизни экспорт қилиш бўйича замонавий логистика йўналишларини яратишлари зарурлиги, Вазирлар Маҳкамаси эса экспорт юкларини қўшни давлатлардан имтиёзли нархларда ўтказиш бўйича музокаралар олиб бориши кераклиги, шу билан бирга, Жаҳон банкининг «Логистика самарадорлиги индекси»даги ўрнимизни камида 20 позиция юқорига кўтариш чораларини кўриш масалалари кўтарилган эди.
Депутатлар Мурожаатномада белгиланган вазифаларнинг ижросини таъминлашда парламент назорати механизмларидан самарали фойдаланиш доирасида мамлакатимиздаги транспорт логистика компаниялар мазкур соҳада олиб борилаётган ишлар билан бирга бугунги куннинг долзарб масалалари хусусида ҳам фикр-мулоҳазалар билдирдилар.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йилнинг 6 март куни “ЮК ВА ЙЎЛОВЧИ ТАШИШ ТИЗИМИНИ ТУБДАН ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА”ги ПҚ-4230-сон қарори билан транспорт логистика соҳасини янги босқичга олиб чиқиш белгиланган.
Бу эса яна бир тасдиғи мамлакатимиздаги автомобиль транспорти ривожланишининг бугунги кундаги ҳолати ҳисобланади. Соҳа мамлакатимиз иқтисодиётининг энг тез ривожланаётган тармоқларидан биридир.
Автомобиль транспорти Ўзбекистонда ишлаб чиқариш инфраструктурасининг энг муҳим таркибий қисми бўлиб, унинг барқарор ва самарали фаолияти иқтисодиётнинг юқори суратларда ўсиши, аҳоли ҳаёти сифатининг ошиши, Ўзбекистоннинг жаҳон иқтисодиёти билан интеграциялашуви учун зарур бўлган шарти ҳисобланади.
Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, бугунги кунда республикада логистика хизмати бозорининг ўсиши ва яхшиланиши тенденцияси кузатилмоқда, транспорт инфратузилмаси ривожланмоқда, ҳудудий савдо ва транзит ҳажми ортмоқда. Миллий транспорт ва логистика компанияларининг ўз бизнесини ривожлантиришлари, логистик хизмат кўрсатиш даражасини халқаро стандартлар даражасига олиб чиқишлари учун барча имкониятлар яратилган.
2018 йилда барча транспорт воситалари орқали ташишлар хажми 1 136,6 млн.тонн ташкил этган, хусусан, автомобиль транспортида – 1068,2 млн.тонн, лицензияланган юк ташувчи автмобиллар сони- 42 270 та, шулардан 6 600 таси халқаро юк ташувчилар хисобланади. Бугунги кунда республикамизда 7 та логистик марказ, 325 та божхона омборхоналар, 29 та транспорт маҳсулот- базаси фаолият юритади.
2017- 2018 йилларда 3264 та замонавий юк ташиш тягач ва 3642 та прицеп ҳамда ярим прицеплар харид қилинган. Миллий автокомпаниялар томонидан 2018 йилда юкларни экспорт йиллик хажми 2017 йилга нисбатан 33% ошган, импорт қилинаётган юклар хажми эса 2 баробар ошган.
Тадбир давомида иштирокчилар томонидан экспорт юкларини қўшни давлатлардан имтиёзли нархларда ўтказиш ва Жаҳон банкининг «Логистика самарадорлиги индекси»даги мамлакатимиз ўрнини юқори позицияларга кўтариш, ривожланган давлатларнинг логистика марказлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш тажрибасини таҳлил қилиш, тизимга хорижий инвестицияларни кенг жалб қилиш, замонавий транспорт тармоқлари, транспорт воситалари ва транспорт компанияларини ўз ичига олган транспорт логистика марказларини барпо этиш масалаларига эътибор қаратиш зарурлигига алоҳида урғу берилди.
Шу билан бирга, қўмита аъзолари томонидан автотранспорт хизматлари соҳасини жадал ривожлантиришнинг мавжуд имкониятлари ва захираларидан тўлиқ фойдаланилмаётгани, автотранспорт ҳўжаликларини модернизация қилиш замонавий талаблар даражасида эмаслиги, соҳада илғор ахборот-коммуникация технологиялари ва интеллектуал транспорт тизимлари етарли даражада жорий этилмаётганлиги, оғир юк ташувчи автотранспорт воситаларининг ҳаракатдаги таркиби паркининг эскирганлиги юқорилигича қолмоқда.
Шунингдек, автотранспорт хизматлари экспорти ва транзитини ошириш салоҳиятидан тўлақонли фойдаланилмаётганлиги, соҳа мутахассисларини қайта тайёрлаш ва соҳада рақобатни ривожлантиришга етарли эътибор берилмаётганлиги масалалари муҳокамалар марказида бўлди.
Бу вазифаларни амалга оширишда биринчи навбатда, барча даражадаги раҳбарлар ўз фаолиятини танқидий таҳлил, қатъий тартиб-интизом ва шахсий жавобгарлик асосида ташкил этишлари зарурлиги алоҳида таъкидланди.
Парламент аъзолари тадбирда билдирилган таклифлар асосида иқтисодиётимизни ривожлантиришда замонавий логистика йўналишларини кенгайтириш борасида мавжуд қонунчиликни такомиллаштириш, парламент назорати механизмларидан самарали фойдаланиш бўйича келгусида олиб бориладиган ишларни белгилаб олдилар.
Қўмита аъзолари йиғилиш кун тартибидаги масалани атрофлича муҳокама қилиб тегишли Қарорни қабул қилдилар.
А.Умаралиев
Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, ЎзХДП фракцияси аъзоси,
Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси аъзоси
Сообщить об опечатке
Текст, который будет отправлен нашим редакторам: