Бугун 29 ноябрь куни комбинат касаба уюшмаси қўмитаси ташаббуси билан 100 нафарга яқин комбинатимиз ишчи-ходимлари Ўзбек Миллий Академик драма театрида намойиш этилган «Тоғлардек баланд бўл» номли спектакль томошасига ташриф буюришди.
Драматург Қ.Норқобил асари асосида режиссёр Ғ. Мардонов саҳналаштирган мазкур спектаклда ҳали юртимиз театрлари саҳнасига олиб чиқилмаган мавзу — оғир саноат, кон-металлургия соҳасида узоқ ҳаётий тажриба ва чуқур ҳаётий билимга эга инсон тақдири тўлақонли талқин қилинган.
Мамлакатимизга хорижий инвестиция олиб кириш, кон-металлургия тизимини замонавий технологиялар билан таъминлаш, етук малакали миллий кадрларни шакллантириш масаласи асарда асосий йўналиш қилиб белгиланган.
Асарда энг оғир ҳаётий йўлни босиб ўтиб раҳбар лавозимига эришган инсоннинг поклик, замондошларига нисбатан меҳр-мурравват кўрсатиш, халқ ва юрт бойлигини кўз қорачиғидек асраш, коррупция ва талон-тарожликка йўл қўймаслик учун олчоқлик ва турли зуғумлар олдида иродаси синмасдан жасорат кўрсатиши чуқур таҳлил қилинган.
Асарда оддий юртдошларимиз ҳаёти ва бугунги адолатли раҳбар кадрларимизнинг юрт фаровонлиги йўлидаги фидойилиги таъсирли саҳналар орқали очиб берилган. Драмада бир сўз билан айтганда, замон қаҳрамони образи қиёфаси инсон дарди ва қалб изтироблари орқали акс эттирилган. Асарда инсон қисмати ва матонатли ҳаёт йўли ифодаланган.
Спектаклда асосий ролларни ижро этган таниқли актёрлар Тохир Саидов, Махфуза Боботилаева ёш истеъдодли актёрлар Зилола Гулямова, Наврўз Жумаев, Аброр Сайназаров ижролари томошабинларда катта тассурот қолдирди.
Сообщить об опечатке
Текст, который будет отправлен нашим редакторам: