Олий Мажлис Қонунчилик палатаси меҳнат муҳофазаси назоратини кучайтиради

Меҳнат фаолияти жараёнида инсон ҳаёти ва соғлиғини сақлаш, хавфсизлигини таъминлашга қаратилган ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, санитария-гигиена, даволаш-профилактика, реабилитация ҳамда бошқа тадбирларнинг ҳуқуқий асоси сифатида 2016 йилда “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонун янги таҳрирда қабул қилинди. Мазкур қонун ижросига қаратилган бир қатор тадбирлар ўтказилди, Ҳукумат қарорлари, норматив ҳужжатлар қабул қилинди.

Парламент Қонунчилик палатаси депутатлари, қатор вазирликлар мутасаддилари ва масъул раҳбарлари ҳамда журналистлар қатнашган тадбир аввалида дастлаб Президентимизнинг 2018 йил 14 июлдаги «Аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги ишларни такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорининг ижроси юзасидан Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг ахбороти эшитилди.

Қайд этилганидек, давлатимиз раҳбарининг мазкур қарори меҳнат бозоридаги вазиятни яхшилаш, ишсизликни камайтириш учун жуда муҳим, аввалги йилларда бўлмаган имкониятларни берди. Унга кўра, аҳоли бандлигини таъминлашнинг молиявий манбалари шакллантирилди.

Вазир ахборотида таъкидланишича, ана шундай кенг кўламли ишлар натижасида фуқароларни иш билан таъминлаш имконияти ҳам кенгаймоқда. 2018 йилда 585 минг нафардан ортиқ фуқаро бандлиги таъминлангани ҳам бунинг тасдиғидир.

Йиғилишда “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонуннинг ижроси ҳам ана шу нуқтаи назардан кўриб чиқилди ҳамда бу борада ўтказилган ўрганиш якунлари муҳокама этилди. 

Йиғилишда амалга оширилган ижобий ишлар билан бир қаторда, қонун ижроси юзасидан аниқланган қатор муаммо ва камчиликлар ҳам чуқур таҳлил этилди. Жумладан, бевосита маҳаллий давлат ҳокимияти, давлат ва хўжалик бошқаруви, соғлиқни сақлаш соҳалари ваколатли органлари билан қонуннинг 9-, 10-, 11-моддаларида белгиланган меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги ваколатлари юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилмаган. Соҳага кадрлар тайёрлашда ҳам муаммолар мавжуд. Шунингдек, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда иш берувчилар олдига меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича мутахассисларни қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини оширишни таъминлаш белгилангани ҳолда, айрим ташкилот ва корхоналарда мазкур масалага етарлича эътибор қаратилмаган.

Меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги хизматлар бозорининг профессионал иштирокчиларини Ягона реестрга киритиш ишлари амалга оширилмаган.Муҳокамалар давомида мутасадди вазирлик ва идоралар вакиллари, вилоятлар бошқармалари бошлиқларининг ушбу масалаларга доир ахборотлари эшитилди.

Йиғилишда жойларда қонун талабларининг тўла бажарилишини таъминлаш, аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан фтавсиялари ишлаб чиқилиб, тегишли қарори қабул қилинди.

А.Умаралиев,

Олий Мажлис Қонунчилик

 палатаси депутати

Print Friendly, PDF & Email