“Уз – Корам Ко” масъулияти чекланган жамиятида ўтказилган тадбирда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Мурожаатномаси мазмун ва мохияти бўйича касаба уюшма қўмитаси раиси Ж.Худайбердиев маъруза қилди. У ўз маърузасида Юртбошимиз ташаббуси билан жорий йилнинг 15-16 июль кунлари Тошкент шаҳрида “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусида ташкил этилган анжуманда халқаро ташкилот делегациялари, нуфузли хорижий илмий-тадқиқот ва таҳлил марказларининг раҳбарлари иштирок этгани, Давлатимиз раҳбари конференциянининг минтақа мамлакатлари учун муҳим аҳамият касб этиши, минтақалараро ҳамкорликни янада кучайтириш, ҳозирги кундаги долзарб муаммолар ва уларни ҳал этиш юзасидан бир қатор таклифларини билдириб ўтгани тўғрисида айтиб ўтди.
Бугунги глобаллашув асрида нафақат мамлакатлар, балки минтақалараро чегаралар очилиб, иқтисодий, ижтимоий, маданий, илм-фан, хавфсизлик ва бошқа соҳаларда кучли ҳамкорликка эҳтиёж пайдо бўлмоқда. Шундай экан мавжуд муаммоларни ҳал қилиш ва тараққиётга эришиш учун Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатлари ҳамкорликни янада кучайтириши зарурати пайдо бўлмоқда. Чунки, Президентимиз таъкидлаганидек, “шундай мураккаб шароитда қарийб икки миллиард аҳоли яшайдиган Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро алоқаларни қайта тиклаш муҳим ҳаётий зарурат ва табиий жараёнга айланмоқда”.
Шунингдек, конференцияда давлатимиз раҳбари қатор таклифларни билдирди. Жумладан, “Яшил” иқтисодиётни ривожлантиришни рағбатлантириш ва экология масалалари, айниқса, бугунги кунда глобал муаммога айланиб бораётган Орол денгизининг қуриши билан боғлиқ вазият ва унинг оқибатларини юмшатиш чораларини кўриш кераклигига тўхталди. Президентимиз Орол фожеасига Бирлашган Миллатлар Ташкилотида ва бошқа халқаро анжуманларда ҳар доим дунё ҳамжамиятининг эътиборини қаратиб келмоқда. Конференцияда Президентимиз туризм масаласида “Марказий ва Жанубий Осиёнинг улкан сайёҳлик салоҳиятини тўлиқ ишга солиш тарафдори” эканлигини алоҳида қайд этди.
Коронавирус пандемияси даври жамиятнинг барча соҳалари, шу жумладан, туризм соҳасига ҳам салбий таъсирини қўрсатди. Энг катта зарарни ушбу соҳа кўрди, десак янглишмаган бўламиз. Чунки касаллик тарқалишининг олдини олиш мақсадида деярли барча давлатлар ўз чегараларини ёпиб, давлатлараро транспортнинг барча турлари тўхтатилди.
Бу эса бутун дунё давлатлари ўртасидаги интеграция жараёнларига салбий таъсир қилиб, биринчи навбатда дунё бўйлаб туристлар оқимини кескин камайтирди. Энди эса, мазкур соҳани қайта тиклаш ва янада ривожлантириш учун давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “вакцинация бўйича ўзаро тан олинган сертификатлар асосида “Янги шароитдаги туризм” концепциясини кенг жорий этиш зарур”.
Туризм – иқтисодиётнинг ривожланиш жараёнини янада тезлаштирувчи омил сифатида муҳим ўрин тутади. Қўшимча иш ўринлари яратилишига, иқтисодий фаол аҳолининг бандлигини оширишга, миллат фаровонлигини юксалтиришга, миллий, маданий ва маънавий қадриятларимизни дунёга тарғиб қилишга хизмат қилади.
Конференциянинг аҳамияти ва унда билдирилган таклифларнинг долзарблиги тўғрисида конференция иштирокчилари ҳам алоҳида таъкидлади. Чунки Президентимиз айтиб ўтганидек, “ўзаро алоқаларни ва минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамламасдан туриб, бугунги кунда мамлакатларимиз дуч келаётган хавф-хатар ва таҳдидларни енгиб бўлмаслигини чуқур англаш вақти келди”. Демак, ҳамкорликни кучайтириш борасида бу каби анжуманлар, учрашувлар тез-тез ўтказиб турилиши керак.
Андижон вилояти бўлинма Кенгаши
Сообщить об опечатке
Текст, который будет отправлен нашим редакторам: