5 МАРТ БИРИНЧИ ЎЗБЕК ПЎЛАТИ ОЛИНГАНЛИГИГА 75 ЙИЛ ТЎЛДИ

          2019 йил 5 март «Ўзбекистон Металлургия Комбинати» ташкил этилганлигига ҳамда Ўзбекистонда биринчи маротаба пўлат қуйилганлигига 75 йил тўлди!

          “Ўзметкомбинат” АЖ тарихи музейида корхонанинг 75 йиллигига бағишланган байрам тантаналари ўтказилди. Тадбирда корхона раҳбарияти, шахар ҳокимлиги, фахрий металлурглар, меҳмонлар иштирок этдилар. Комбинатнинг 75 йиллик тўйи олдидан улкан шодиёналар дебочасида мамлакатимизнинг турли бурчакларидан меҳмонлар ҳам ташриф буюришди.          Тадбирда “Ўзметкомбинат” АЖ бошқаруви раиси Тоҳиржон Азаматов, корхонанинг меҳнат фахрийси Рихсивой Юсупов, 1944 йил 5 март куни биринчи пўлат эритилишида иштирок этган, Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг фахрий профессори Абдураҳим Ортиқов сўзга чиқдилар. Улар корхонанинг босиб ўтган 75 йиллик йўлини ва бугунги тараққиёт сари дадил олға қадам босаётганлигини яна бир бор ёдга олишди.

          Комбинатнинг 75 йиллик юбилейига тўпланганлар биринчи ўзбек пўлати эритмасини олганлар номини яна бир бор фахр ва ифтихор ила тилга олдилар. Соат миллари 11 га яқинлашганда барча электрда пўлат эритиш цехи томон ошиқди. Электрда пўлат эритиш цехида барча цех печида юбилей эритмаси олинишини кузатишди. Соат 11 дан 22 дақиқа ўтганда печда юбилей пўлат эритмаси олинди. Қайноқ металл ярқираб оқиб чиқиши билан гулдурос қарсаклар янгради. 4-бригада смена бошлиғи Илҳом Қурбонов, уста Низом Ҳосилов, пўлат эритувчи Ойбек Тўрақулов, пульт бошқарувчиси Гулбаҳор Мирзаева, пўлат эритувчи ёрдамчилари Аваз Дадабоев, Адҳам Бургутбоев, Рустам Жамолиддинов, Шукурилло Маматмуродов тайёрлаган 1911429-сонли юбилей пўлат эритмаси цех гудоги остида пўлат ковшга худди сувдек қуйилди.          Шундан сўнг байрам  тадбирига таклиф этилганлар ”Орзу” тантаналар уйида  байрам дастурхони устида суҳбатларини давом эттирдилар. Бир пиёла чой устида комбинат тарихи фахр билан ёдга олинди. Ўзбекистон металлургия комбинатига бағишланган ўзбек ва рус тилларида намойиш этилган фильмларни йиғилганлар қизиқиш билан тамоша қилдилар. Шу куни металлурглар маданият саройи бадиий ҳаваскорлари байрам қатнашчиларига концерт дастурлари билан хизмат қилдилар.

Print Friendly, PDF & Email