Ўзбекистон давлат улуши ва россиялик тадбиркорлар инвестицияси ҳисобига 2002 йилда ташкил этилган қўшма корхонада айни кунда махсус техникалар, автомобиль саноати, халқ хўжалиги тармоқлари учун рангли симлар, кабеллар, махсус изоляцияланган ва турли кучланишли электр токига мўлжалланган, шунингдек, телефонлар учун сим ва кабеллар ишлаб чиқарилади.
– Маҳсулотларимиз сифати жаҳон стандартларига тўла жавоб беради, – дейди корхона бош директорининг ишлаб чиқариш бўйича ўринбосари Дилшодбек Ҳасанов. – Ишлаб чиқаришнинг барча босқичларида маҳсулот сифатли бўлишига алоҳида эътибор қаратилади. Фойдаланилаётган асосий хомашё, яъни мис, алюминнинг сифати жуда юқори, изоляция ва кабеллар тайёрлашда ишлатиладиган полиэтилен эса, Швециядан келтирилади. Шу боис, маҳсулотларимиз кўплаб халқаро сифат сертификатларига сазовор бўлган. Ишлаб чиқаришга Германия, Финляндия, Швейцария сингари давлатларнинг ҳам илғор технологиялари жорий этилган.
Қўшма корхонада жорий йилнинг ўтган 9 ойида 272 миллиард сўмликдан зиёд маҳсулот ишлаб чиқарилди. Қарийб 11 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маҳсулот Россия, Қозоғистон, Қирғизистон ва бошқа давлатларга экспорт қилинди.
Корхонада асосан импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар тайёрланади. Шу боис маҳсулотларнинг асосий қисми ички бозорда сотилади. Айни пайтда юртимизда, шунингдек, Қозоғистоннинг Олмаота, Остона, Қирғизистоннинг Бишкек ҳамда Россия Федерациясининг бир қатор шаҳарларида корхонанинг савдо ва диллерлик ваколатхоналари фаолият юритмоқда.
Бугунги кунда корхонада меҳнат қилаётган 1 минг 500 га яқин ишчи-хизматчининг самарали ишлаши учун барча шароит яратилган. Айниқса, уларни ижтимоий муҳофаза қилиш, саломатлигини тиклаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилади. Турли маданий-маърифий тадбирлар, спорт беллашувлари мунтазам ўтказиб турилади.
– Ишчи-хизматчилар ўртасида маданий-маърифий тадбирлар, турли танловлар, спорт мусобақалари ўтказиш мунтазам йўлга қўйилган, – дейди корхона касаба уюшма қўмитаси раиси Азизулло Нуриллаев. – Бу уларнинг билими, малакаси ва маҳоратини ошириш, саломатлигини назорат қилиш, бинобарин, иш самарадорлигига эришиш имконини беради. Касаба уюшма қўмитаси томонидан ишчи-хизматчилар юртимизнинг турли ҳудудларидаги тиббий муассасалар ва сиҳатгоҳларга мунтазам юборилади. Корхона тасарруфида бўлган Асака туманидаги “Машъал” болалар дам олиш оромгоҳида эса ишчи-хизматчиларнинг юзлаб фарзандлари дам олади.
Сообщить об опечатке
Текст, который будет отправлен нашим редакторам: