«Ёшлик» болаларни соғломлаштириш оромгоҳида Ўзбекистон металлургия ва машинасозлик саноати тармоқлари ходимлари касаба уюшмасининг «Саломатлик Спартакиадаси» бўлиб ўтди. Спартакиадада тармоқнинг 8 та вилоятидан 60 нафар спорт ишқибозлари иштирок этишди.
Бу спорт байрамига тармоқ аъзолари ўзгача завқ билан тайёргарлик кўришди. Иштирокчилар шахмат ва шашка, стол тенниси, армрестлинг, сузиш ҳамда арқон тортиш бўйича мусобақаларда ўз кучларини синашди.
Спорт — бу ишлаб чиқаришни янада жадаллаштиришга ёрдам берадиган омилдир. Спорт ва меҳнат жамоалари бирдамлиги бардавом бўлишини тилаган холда, бизнинг спорт мусобақаларимиз мехнат жамоаларини янада жипслаштиришига ишонч билдирамиз — деди Ўзбекистон металлургия ва машинасозлик саноати тармоқлари ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши раиси Ахмаджон Хақулов.
Спартакиада жамоалар паради билан очилди. Ўзбекистон Республикаси давлат гимни янграб, Давлат байроғи кўтарилди ва мусобақаларга старт берилди.
Сузиш бўйича мусобақаларда қаттиқ кураш авжига чиқиб, биринчиликни Тошкент Турин политехника университети йўриқчиси Вангелис Дивин олиб кетди. 2 ва 3-ўрин Тошкент вилояти ҳамда Хоразм вилояти жамоаси иштирокчиларига насиб этди.
Шахмат ва шашка турнирида эса Хоразм вилояти жамоасининг ёшлари етакчиликни қўлга киритиб, биринчи ўринга муносиб бўлишди. Комил Арифжонов ва Шамсиддин Муминов ўз рақибларига хеч қандай имконият қолдиришмади. 2 ва 3-ўрин Жиззах, Фарғона, Самарқанд вилоятлари ҳамда Тошкент шахри вакилларига насиб этди.
Стол тенниси мусобақасининг бошиданоқ Тошкент Турин политехника университети коменданти Алексей Ковергин яхши ўйин кўрсатиб, натижада ғолибликни қўлга киритди. 2 ва 3-ўринга Самарқанд ва Хоразм вилояти жамоалари вакиллари эгалик қилишди.
Йилдан йилга армрестлинг спорт тури ишқибозлари сони ошиб бормоқда. Бу йил хам армрестлинг бўйича мусобақа иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди. Биринчиликни Самарқанд вилояти жамоаси вакили Мухлис Норбеков қўлга киритди. 2 ва 3-ўрин Наманган ҳамда Андижон вилоятидан келган спорт ишқибозларига насиб этди.
Арқон тортиш мусобақаси — спортнинг алоҳида эътиборга эга бўлган туридир. Бу мусобақада спорт жамоасининг барча вакиллари иштирок этиб, энг кучлилари аниқланади. Кучли ҳаяжон ва қизиқиш билан ўтган бу мусобақада Андижон вилояти жамоасига тенг келадигани топилмади. 2 ва 3-ўринларни Жиззах ва Хоразм вилояти жамоалари эгаллашди.
Спорт мусобақалари ниҳоясига етгандан сўнг, йиғилганлар рухини кўтариш мақсадида маданий ва маърифий кўрик-танлов ўтказилди. Иштирокчилар бу танловда Республикамизнинг турли вилоятлари тўғрисида маълумот беришлари, вилоятнинг миллий куй ва қўшиқларидан хиргойи қилшлари ва албатта ўзларининг севимли шоир шеърларидан 1 мисра ўқиб беришлари шарт қилиб белгиланди. Республикамиздаги энг кўзга кўринган оғир саноат корхоналрининг ишчилари бўлган металлург ва машинасозлар ушбу конкурсда ўзларининг нақадар маданият ва санъатга ошно қалб эгалари эканлигини янада ошкор этишди.
Барча иштирокчилар ушбу танловда фаол қатнашиб хакамлар хайъати аъзоларини лол қолдиришди. Иштирокчилар Алишер Навоий, Захириддин Мухаммад Бобур ғазалларини, Умар Хайём рубоиларини ва Александр Пушкин ижодига мансуб шеърларни ёддан ўқиб беришди. Бу танловда барча жамоалар ғолиб, лекин хакамлар хайъати биринчиликни Андижон вилояти жамоасига тақдим этишди.
Спорт байрами ўз атрофида хамкасбларни ва хамфикр инсонларни
бирлаштирди ва йиғилганларга яхши кайфият улашди. Бу мусобақаларда мағлуб жамоалар йўқ. Ҳар бир иштирокчи ўз мукофотига эга бўлди. Республика Кенгаши томонидан иштирокчиларга диплом ва қимматбаҳо совғалар топширилди.
Сообщить об опечатке
Текст, который будет отправлен нашим редакторам: