Бугун Касаба уюшмаси қўмитаси томонидан Республика Кончилик ва металлургия саноати фахрийлари Кенгаши Бекобод шахар худудий филиали билан ҳамкорликда бир гуруҳ комбинатимиз фахрийларининг Тошкент шаҳрида бунёд этилган «Ғалаба боғи» мажмуасига ва «Шон-шараф» давлат музейига сайёҳатлари ташкил этилди.
Дастлаб фахрий металлурглар танишувни “Ғалаба боғи”дан бошлашди. Боғда уруш ва унинг оқибатлари, уруш даври манзаралари, жумладан окоп ва блиндажлар, палаткалар ва бошқа лавҳалар акс этган мажмуада ўша даврдаги ҳарбий техника ва қурол-яроғлар, Ўзбекистон халқининг фронт ва фронт ортида кўрсатган жасорати, машаққатли меҳнати, қайғу-алами, шунингдек, эришилган буюк ғалабага қўшган улкан ҳиссаси ифодаланган. Айниқса, боғ ҳудудида янграб турган Иккинчи жаҳон уруши даврига хос мусиқа ва қўшиқлар бу масканга ташриф буюрувчиларга ўзгача кайфият бағишлайди.
Шундан сўнг фахрийларимиз боғдаги «Матонат мадҳияси» мажмуасида бўлишиб, бутун ўзбек аёлларининг садоқати рамзига айланган зангиоталик Зулфия Зокирова ва унинг урушда ҳалок бўлган беш ўғлининг вафодор рафиқалари хақида маълумот олишди.
Сайёхат давомида фахрий металлурглар «Шон-шараф» давлат музейида ҳам бўлишди. Музей айлана шаклда бўлиб, уни 1941 йилидан кириб, 1945 йилида – даврлар оша кезиб чиқасиз. Жанговар қурол-аслаҳалар, техникалар, ўша даврдаги ватанпарварларнинг ҳам, душманларнинг ҳам сиймолари кўринади. Музей икки қават, олтита бўлимдан иборат унда 20 мингга яқин экспонатлар жой олган. Музейнинг юқори қисмида Иккинчи жаҳон урушида қатнашган 301 нафар қаҳрамонларимиз шарафига экилган дарахтлар, шунингдек «Мангу жасорат» деб номланган мажмуада афсонавий ўзбек генерали Собир Раҳимов ва барча ўзбекистонлик ботир жангчиларнинг сўнмас хотираси ифодаланган. Музейда урушга дахдор буюмлар, либослар, ўша вақтдаги ҳарбий қисмлар жанговар байроқлари, ҳайкаллар, автомобиллар, уруш қатнашчиларига оид қуроллар, медаль ва ҳужжатлар ўрин олган.
«Ғалаба боғи» мажмуаси ва «Шон-шараф» давлат музейига ташриф буюрган фахрийларимиз бу масканни катта қизиқиш билан томоша қилишиб, унутилмас ёрқин таассуротларга эга бўлишди. Ҳамда ушбу сайёхатни ташкил этган касаба уюшмаси қўмитасига ўз миннатдорчиликларини билдиришди.
Сообщить об опечатке
Текст, который будет отправлен нашим редакторам: