Тошкент вилоятида VII тармоқ спартакиадасининг ҳудудий босқичи ўтказилди.

Ўзбекистон металлургия ва машинасозлик саноати тармоқлари ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгашининг “VII тармоқ спартакиадаси” доирасида ташкил этилган спорт мусобақаларининг Тошкент вилояти босқичи ўтказилди.
Мусобақалар ишчи-ходимлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, жисмоний тарбия ва спортга қизиқишни ошириш, шунингдек, меҳнат жамоалари ўртасида дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга қаратилди.
Спартакиаданинг тантанали очилиш маросимида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Тошкент вилояти Кенгаши раиси ўринбосари Л. Холмуминова ҳамда Ўзбекистон металлургия ва машинасозлик саноати тармоқлари ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши раиси ўринбосари Ш. Исроилов иштирок этдилар.
Тадбирда сўзга чиққанлар мусобақа иштирокчиларини қутлаб, барча спортчиларга омад ва муваффақият тиладилар. Таъкидланганидек, бундай спорт тадбирлари ишчи-ходимларни оммавий спортга кенг жалб этиш, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш ҳамда жамоаларда соғлом ижтимоий муҳитни шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади.
Шундан сўнг спорт мусобақалари қизғин ва муросасиз баҳслар асосида давом этди. Иштирокчилар спортнинг турли турлари бўйича ўз маҳоратларини намойиш этиб, ғолиблик учун муносиб рақобат олиб бордилар.
Мусобақалар якунида ғолиб ва совриндорлар муносиб равишда тақдирланиб, Тошкент вилояти босқичида юқори натижаларни қайд этган иштирокчилар спартакиаданинг республика босқичида вилоят шарафини ҳимоя қилиш ҳуқуқини қўлга киритдилар.

Print Friendly, PDF & Email