Форум иштирокчилари “UZSUNGWOO” Ўзбекистон-Корея  қўшма корхонаси фаолияти билан танишди.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Фарғона вилояти Кенгаши ташаббуси билан “Ёш касаба уюшмалари раисларининг I минтақавий форуми” бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Давлат Мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан “Янги Ўзбекистон — янги касаба уюшмалари!” шиори остида ташкил этилган мазкур Форумда Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларидан жами 90 нафар ёш касаба уюшмалари раислари иштирок этдилар.
Тадбир Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси ўринбосари Бахтиёр Махмадалиев иштирок этиб, касаба уюшмалари нуфузини янада ошириш, аъзоларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини самарали ҳимоя қилиш, ёшларнинг меҳнат ва ижтимоий масалаларини ҳал этишда янги сайланган ёш раисларнинг ўрни беқиёс эканини қайд этди.
Ушбу форум бошланғич касаба уюшмаси ташкилотлари раҳбарларининг замонавий билим ва кўникмаларини ошириш, уларни бошқарувнинг янги усуллари билан таништириш, рақамли технологиялар ва инновацион ёндашувларни касаба уюшмалари фаолиятига кенг татбиқ этиш бўйича амалий тажриба алмашиш майдонига айланди.
Ёш раислар Форум доирасида “Uzsangwoo” масъулияти чекланган жамияти қўшма корхонаси фаолияти билан танишдилар.
Айтиш керакки, “UZSUNGWOO” Ўзбекистон-Корея  қўшма корхонаси  2012 йилда ўз иш фаолиятини бошлаган бўлиб, Фарғона вилоятидаги етакчи корхоналардан бири саналади. Аҳамиятли жиҳати, корхона томонидан ишлаб чиқарилаётган автомобиллар учун бутловчи қисмлар дунёнинг қатор давлатларига экспорт қилинмоқда.
Ҳозирда бу ерда мингдан ортиқ ишчи-ходимлар меҳнат қилмоқда. Уларнинг хавфсиз меҳнат қилишлари учун корхонада барча шароитлар яратилган. Қолаверса, ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий манфаатлари касаба уюшмалари томонидан муносиб ҳимоя қилиб келинмоқда.
Корхонанинг иш фаолияти ва бошланғич касаба уюшма қўмитаси томонидан амалга оширилаётган ишлар форум иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди.
— Корхонада ходимлар учун яратилган хавфсиз меҳнат шароитлари, очиғи, ҳавасимни келтирди, — дейди Намагандан келган форум иштирокчиси Исломжон Самиев. — Бу ерда инсон ҳаёти ва саломатлиги, меҳнат хавфсизлиги биринчи ўринга қўйилганига гувоҳ бўлдик. Ходимлар учун яратилган шароитлар, хавфсизлик қоидаларига қатъий риоя этилиши ва иш жараёнининг тўғри ташкил қилингани бизда катта таассурот қолдирди.
Форум иштирокчиларига корхона томонидан бугунги кунга қадар эришилган муҳим ютуқлар, ишлаб чиқариш жараёнида жорий этилган замонавий ёндашувлар, меҳнат унумдорлигини ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида атрофлича маълумот берилди. Шунингдек, корхонанинг келгусидаги ривожланиш стратегияси, ишлаб чиқариш қувватларини янада кенгайтириш, янги лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда замонавий технологияларни жорий этиш бўйича истиқболдаги режалари тўғрисидаги маълумотлар ҳам форум иштирокчиларига қизиқарли бўлди.

Print Friendly, PDF & Email