Депутатлар энергиядан оқилона фойдаланиш масаласини муҳокама қилишди

  Мамлакатимизда иқтисодиёт барқарор ўсишини таъминлашга ва аҳолининг фаровонлик даражасини оширишга, ёқилғи-энергетика ресурсларига бўлган талаб-эҳтиёжни узлуксиз қаноатлантиришга қаратилган нефть-газ, электр энергетика, кўмир, кимё, қурилиш индустриясини ривожлантиришнинг узоқ муддатли стратегияси амалга оширилмоқда. Боиси, энергия ресурсларига талаб-эҳтиёж кун сайин ортиб бормоқда, мамлакатимиз иқтисодиётининг энергия сарфи ҳажми ривожланган давлатларнинг ўртача кўрсаткичидан анча юқори ҳисобланади.

   Шу муносабат билан, иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳанинг энергия самарадорлигини ошириш, энергия тежовчи технологиялар ва қайта тикланувчи энергия манбаларини кенг жорий этиш давлат сиёсати устувор йўналишларидан бирига айланмоқда.

  Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси томонидан мавжуд ресурсларни ва ишга солинмаган салоҳиятни жалб этиш орқали энергия самарадорлигини ошириш, илғор хорижий тажрибани инобатга олиб, энергия тежовчи технологиялар, қайта тикланувчи энергия манбаларини кенг жорий этиш, бу борадаги қонунчиликни янада такомиллаштириш мақсадида “Энергиядан оқилона фойдаланиш тўғрисида”ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси тайёрланди.

  Парламент қуйи палатасида депутатлар, соҳа мутахассислари иштирокида мазкур қонун лойиҳасининг муҳокамасига бағишланган давра суҳбати ўтказилди. Таъкидланганидек, лойиҳанинг асосий мақсади энергетика тармоқларида ҳосил қилинаётган электр ва иссиқлик энергияси, ёқилғи ҳамда бошқа ноанъанавий энергия ресурсларидан иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳада оқилона фойдаланиш, энергия ресурслари истеъмоли самарадорлигини таъминлаш, замонавий энергия тежайдиган технологияларни жорий этиш хизматларини кўрсатишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш ҳисобланади.

   Тегишли вазирликлар, идоралар, корхоналар, муассасалар вакиллари, экспертлар, мутахассислар ҳамда журналистлар қатнашган тадбирда масала атрофлича таҳлил қилинди.

   Қайд этилганидек, иқтисодиётда энергия ва ресурслар сарфини камайтириш, ишлаб чиқаришга энергия тежайдиган технологияларни кенг жорий этиш, қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтириш, иқтисодиёт тармоқларида меҳнат унумдорлигини ошириш масалалари Ҳаракатлар стратегиясида ўз аксини топган. Бу масаланинг нақадар муҳим аҳамиятга эга эканини кўрсатади.

    Тадбирда депутатлар томонидан “Энергиядан оқилона фойдаланиш тўғрисида”ги қонуни ижроси бўйича ҳудудлардаги иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳаларда ўтказилган назорат-таҳлиллар ҳамда сайловчилар билан жойлардаги учрашувларда энергия ресурслари истеъмоли самарадорлигини мониторинг қилишнинг таъсирчан тизими, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, муассасалар ва ташкилотларда замонавий энергия тежайдиган технологияларни жорий этиш бўйича хизматларнинг мавжуд эмаслиги, ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ишларининг сустлиги, энергия ресурслари харажатларини мақбуллаштириш имконини бермаётганини кўрсатаётгани қайд этилди.

    Соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар натижадорлигини таъминлаш мақсадида олиб борилган ўрганишлар якуни бўйича 2018 йил ноябрь ойида Иқтисодиёт вазирига «Ўзбекистонда энергия ресурсларидан самарали фойдаланиш ва энергия тежовчи инновацион технологияларни қўллаш истиқболлари тўғрисида»ги масала юзасидан парламент сўрови юборилган эди.

   Ўтказилган тадбирлар ва ўрганишлар якунига кўра, соҳани тартибга солувчи амалдаги қонунни такомиллаштириш зарурати мавжудлигини кўрсатди. Шу боис мазкур қонун лойиҳасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг соҳага доир қарорларида белгиланган ҳуқуқий нормалар билан ёқилғи-энергетика ресурсларидан самарали фойдаланишни таъминлаш, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада энергия сарфи ҳажмини кескин камайтиришни назарда тутган комплекс чора-тадбирлар белгилаш кўзда тутилган.

    Қонун лойиҳасида Вазирлар Маҳкамаси, Энергетика вазирлиги, давлат назорати ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ваколатлари аниқ белгилаб берилди. Жумладан, кўп квартирали уйларда энергия самарадорлиги тоифаларини аниқлаш қоидаларини белгилаш, товарлар (ишлар, хизматлар), иншоотлар, бинолар ва қурилмаларга энергия самарадорлиги талабларини белгилаш, энергия самарадорлиги паст бўлган маҳсулотларни мамлакатда ишлаб чиқарилишини ёки импортини чеклаш, давлат органлари ва ташкилотларига энергия ресурсларини иқтисод қилиш, ундан оқилона фойдаланиш ҳамда энергия самарадорлигини ошириш юзасидан қонунчилик талабларига риоя этилиши бўйича давлат назорати тартибини белгилаш каби қўшимча нормалар киритилмоқда.

    Эътиборли жиҳати, қонун лойиҳасини тайёрлашда дунёнинг ривожланган давлатлари тажрибаси, уларнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари қиёсий ўрганилди. Хусусан, АҚШда энергия тежаш ва энергиядан самарали фойдаланиш бўйича бюджет соҳасида 2007-2017 йилларга мўлжалланган 10 йиллик дастури ишлаб амалга оширилган. Бунда энергия тежаш ва энергиядан самарали фойдаланиш бўйича асосий функциялар ҳудудий ва федерал ҳукумат зиммасига юклатилган ҳолда, уларнинг энергия сарфини камайтириш бўйича саноат корхоналари билан ихтиёрий битимлар тузиш, уни ҳамкорликда молиялаштириш тажрибаси кенг қўлланилмоқда. Шунингдек, қонун лойиҳасида Буюк Британия, Япония, Франция, Германия, Украина, Россия ва Қозоғистон давлатларидаги энергия тежаш ва энергиядан самарали фойдаланиш, энергия сарфини меъёрлаштириш, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа йўналишлари бўйича тегишли талаблар ишлаб чиқиш тажрибаси, уларнинг ижроси бўйича жавобгарлик масалалари эътиборга олинди.

   Давра суҳбатида қайд этилганидек, Қонун лойиҳасида таклиф этилаётган нормалар энергия ресурслари харажатларини оптималлаштиришга, энергия ресурслари истеъмолининг самарадорлигини тизимли мониторингини амалга оширишга, истеъмол қилинаётган энергия ресурслари ҳажмини камайтиришга қаратилган чора-тадбирларни белгилашга, мамлакатда барқарорлик ва иқтисодий ўсишни мустаҳкамлашга, бюджетга тушумларни кўпайтиришга ҳамда аҳолининг реал даромадларини оширишга хизмат қилади.

Тадбир якунида муҳокама этилган масалалар юзасидан қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.

       А.Умаралиев

Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, ЎзХДП фракцияси аъзоси,

Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси аъзоси

Print Friendly, PDF & Email