Меҳнат муносабатларининг субъекти сифатида хусусий тадбиркорлар ва ёшлар бандлигини таъминлаш истиқболллари

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 37-моддасида айтилганидек, ҳар бир шахс меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш ва қонунда кўрсатилган тартибда ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқига эгадир. Конституциянинг ушбу норамаси Ўзбекистон Республикасининг қўплаб норматив-ҳуқуқий ҳужжатларида ўз аксини топган. Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси ҳамда Ўзбекистон Республикасининг “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги Қонунлари шулар жумласидандир.

Мамалакатимизда ёшларга оид амалга оширилаётган давлат сиёсатининг асосий мақсади ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, иқтидорли ёшларни шакллантириш, мустақил ҳаётга қадам қўяётган ёш оилаларга зарур шароитлар яратиш, ёшларни фойдали касб-ҳунарга йўналтириш ва иш билан таъминлашдир.

Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигига Ўрта махсус касб-ҳунар таълими маркази томонидан 2015 йил
1 декабрь ҳолатига тақдим қилинган тезкор маълумотларга кўра, 411,1 минг нафар (85,2%) коллеж битирувчиларининг иш билан бандлиги таъминланган, шундан 248,1 минг нафари корхона ва ташкилотларга бириктирилган,
228,5 минг нафари ўз мутахассислиги бўйича ишга жойлашган.[1]

Ушбу кўрсаткични янада ошириш, ёш мутахассисларнинг бандлигини таъминлаш борасида давлатимиз томонидан барча имкониятлар яратилиб, ёшларнинг ҳар томонлама камол топиши, ўз иқтидори ва салоҳиятини тўлиқ намоён этиши учун давлатимиз томонидан улкан имкониятлар яратилмоқда.

Президентимиз раҳнамолигида аҳолини, биринчи навбатда, касб-ҳунар коллежлари ва олий ўқув юртлари битирувчиларининг бандлигини таъминлаш, ёшларнинг тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши учун шарт-шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилаётгани бунга яққол мисолдир.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил
15 майдаги “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги
ПФ–4725-сон Фармони ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 31 июлдаги “Хусусий тадбиркорлар томонидан ходимларни ёллаган ҳолда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 219-сон қарорининг қабул қилиниши Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 15-моддаси (Иш берувчи меҳнатга оид муносабатларнинг субъекти)га қўшимча янги субъект сифатида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда ходимлар ёллайдиган якка тартибдаги тадбиркорларни[2] киритилишига асос бўлди.

Ушбу норманинг киритилиши меҳнат муносабатлари субъектлари доирасини кенгайтириш билан бирга, қўшимча иш ўринларининг яратилиши ҳамда уларнинг ҳуқуқий базасини такомиллаштириш ва тадбиркорлик фаолиятида ёлланма ишчилар фаолиятини қонуний тартибга солиш учун хизмат қилади.

Бу ўз навбатида, якка тартибдаги  тадбиркорга 2015 йилнинг 1 июлидан бошлаб, фаолиятидан келиб чиққан ҳолда, ҳар бир ёлланган ишчи учун бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига энг кам ойлик иш ҳақининг
50 фоизи миқдорида суғурта бадали ва якка тартибдаги иш берувчи тадбиркор учун ўрнатилган ставканинг 30 фоизи миқдорида қатъий белгиланган солиқ тўлаш шарти билан бир нафардан уч нафаргача ишчини ёллаш ҳуқуқини берди[3].

Шунингдек, якка тартибдаги тадбиркорларга имтиёз сифатида касб-ҳунар коллежи битирувчиларини ишга ёллаган (ёзма меҳнат шартномаси билан) ҳолатда коллежни битиргандан бошлаб ўн икки ой мобайнида ёлланма ишчилар учун қатъий белгиланган солиқдан озод этилиши белгилаб қўйилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони[4] ҳамда Ҳукумат қарори билан тасдиқланган Низомнинг[5] қабул қилиниши айниқса, ўрта махсус касб-ҳунар таълими муассасалари битирувчиларига ишга жойлашиш учун янада кенг имкониятларни яратиб берди.

Ушбу Низом[6], хусусий тадбиркорлар томонидан ходимларни ёллаган ҳолларда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш тартибини белгилаб, Низом[7]га илова сифатида хусусий тадбиркор ва хусусий тадбиркорнинг ходими ўртасидаги меҳнат шартномаси, ёлланадиган ходимни ҳисобга қўйиш тўғрисида аризаси ва ёлланган ходимни ҳисобга қўйиш карточкасининг намунавий шакли тасдиқланиб, хусусий тадбиркорларга қулайликлар яратилди.

Шу билан бирга Президентимиз Фармонида хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш бўйича тасдиқланган чора-тадбирлар дастурида қуйидагилар инобатга олинган:

тадбиркорлик фаолиятига ноқонуний аралашиш ва тўсқинлик қилиш, хусусий мулкдорлар ҳуқуқларини бузганлик учун давлат, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат қилувчи органларнинг мансабдор шахслари жавобгарлигини жиноий жавобгарликка тортиш даражасигача ошириш;

хусусий мулкни ҳимоя қилиш кафолатини кучайтириш, тадбиркорлик фаолиятини тартибга соладиган маъмурий ва жиноят қонунчилигини либераллаштириш жараёнини давом эттириш;

барча турдаги рўйхатдан ўтказиш, рухсат бериш ва лицензиялаш, шунингдек, ташқи иқтисодий фаолиятни амалга ошириш билан боғлиқ тартиб-таомилларни янада соддалаштириш;

хусусий мулк ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантириш учун зарур шарт-шароит ва имкониятлар яратиш, уларнинг моддий ва кредит ресурсларидан фойдаланишини кенгайтириш, бизнес муҳитни яхшилаш.[8]

Юқорида келтириб ўтилган норматив ҳужжатлар хусусий тадбиркорларга ўз фаолиятларини қонуний асосларда амалга оширишлари ва шу билан бирга давлатимиз томонидан аҳоли бандлигини таъминлашга оид олиб бораётган саъй-ҳаракатларини тўлақонли ва сифатли қўллаб-қувватлашда, айниқса ёшлар (ўрта махсус касб-ҳунар таълими муассасалари битирувчилари)ни ишга жалб қилишда таянч ҳужжат бўлиб хизмат қилади.

Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигининг
“2016 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури”га (бундан кейинги мантда – Бандлик дастури деб аталади) кўра, ҳар бир туман (шаҳар) кесимида таълим муассасалари битирувчилари, четдан қайтадиган меҳнат мигрантлари, иш қидираётган фуқаролар, шунингдек иқтисодий жараёнлар натижасида иш жойини йўқотадиган ходимларни ҳисобга олган ҳолда ҳудудма-ҳудуд иш ўринларини яратишга доир буюртмалар шакллантирилган.

Бунда, шакллантирилган буюртманомалар асосида Бандлик дастури прогноз параметрлари меҳнат бозоридаги ҳақиқий талаб ва таклиф, хусусан ҳудудлардаги ички имкониятларни ишга солиш ва амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида янгича усул ва ёндашувлар асосида амалиётда синовдан ўтган аҳоли ва ёшларни иш билан таъминлашнинг янги услублари ишлаб чиқилган, жумладан;

— касб-ҳунар коллеж ва академик лицейлари ҳамда олий ўқув юртларининг жами 512 минг битирувчилари;

— четдан қайтадиган 148 минг мигрантлар;

— вақтинча ишсиз ва иш қидираётган 269 минг фуқаролар;

— иқтисодий жараёнларда иш жойини йўқотадиган 119 минг ходимларни ишга жойлаштириш эҳтиёжлари ҳисобга олинганлиги айтиб ўтилган.

Бандлик дастури лойиҳасини тайёрлашда меҳнат бозорига демографик омилларнинг таъсирига алоҳида аҳамият берилиб, нафақат мамлакатимиз балки, дунёдаги жуда кучли иқтисодиётга эга ва замонавий технологиялар бўйича ҳам етакчи мамлакатлар ҳисобланган ҳамда ишсизлик даражаси
6,9 фоизгача бўлган Сингапур, Норвегия, Швейцария, Дания, АҚШ, Канада ва Австралия мамлакатларида аҳоли бандлиги ва ижтимоий ҳимоя қилиниши масалалари ҳам ўрганиб чиқилган.

Шу билан бирга, ишсизлик дараражаси юқори даражада бўлган жаҳоннинг кўплаб мамлакатларида (Испанияда-29%, Грецияда-27%, Португалияда-18%, Словакияда-15%, Ирландияда-14%, Италияда-12%, Латвияда-12%, Францияда-10%) жиддий салбий оқибатлар вужудга келаётганлиги ҳам инобатга олинган.

Мамлакатимизда 2016 йилда ялпи ички маҳсулотнинг 8 фоиздан кам бўлмаган миқдорда ўсишини ҳисобга олган ҳолда ва ишсизликнинг мақбул даражасини 5 фоизда сақлаб қолиш мақсадида 2016 йилги Бандлик дастури лойиҳасига мувофиқ 992,7 минг иш ўринларини ташкил этиш кўзда тутилган.

2016 йил Бандлик дастури хусусиятларидан бири – бу мақсадли дастурларга мувофиқ, янги объектларни ишга туширилиши, ишлаб турган корхоналарни қайта жиҳозлаш ва кенгайтириш натижасида, жами
398 мингта иш ўринлари яратилиши ҳисобланади.

Жумладан, саноатда – 131 мингта, хизмат кўрсатишда – 69 мингта, қишлоқ хўжалигида – 55 мингта, қурилишда – 57 мингта, ижтимоий инфратузилмани ривожлантиришда – 40 мингта, ишламаётган корхоналар фаолиятини тиклаш ҳисобига – 46 мингта иш ўрни яратиш белгиланган.

Мисол учун, 2016 йилда “Ўзбекенгилсаноат” компанияси корхоналарида 12,4 мингта, “Ўзпахтасаноатэкспорт” холдинг компанияси корхоналарида 3 мингдан ортиқ, “Ўзқурилишматериаллари” компанияси тизимидаги корхоналарда 1,2 мингдан ортиқ, Жиззах туманидаги “Орзу текстил” корхонасида (ип-калава) 1100 та иш ўрни, Самарқанд шаҳридаги “Гала Осиё ” (тўқимачилик) корхонасида 800 та, Навоий вилояти Кармана туманида “National Plast” (акфа профил) корхонасида 234 та, Сирдарё туманида “Сирдарё Универсал Ойна” (тиббиёт флаконлари) корхонасида 250 та иш ўринлари ташкил этилиши режалаштирилган.

Шунингдек, 2016 йил Бандлик дастури доирасида яратиладиган иш ўринларининг ҳудудлар кесимида улуши асосан Қорақалпоғистон Республикаси (5,0%), Самарқанд (9,6%), Фарғона (9,4%), Қашқадарё (9,0%), Тошкент (8,8%), Андижон (8,1%), Наманган (7,6%), Бухоро (7,4%), Сурхондарё (6,7%), Хоразм (6,1%), Жиззах (4,4%), Сирдарё (4,0%) ва Навоий (4,0%) вилоятлари ва Тошкент шаҳрига (9,7%) тўғри келади.[9]

Банлик дастурини амалга ошириш доирасида таълим муассасаларининг
512
мингга яқин битирувчиларини ишга жойлаштиришга алоҳида эътибор қаратилганлиги ҳамда 2015 йилда касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб этишда амалий ёрдам кўрсатиш учун Республиканинг 13 та туманидаги 93 та касб-ҳунар коллежи биносида намуна сифатида “Бир дарча сайёр нуқталари” ташкил этилганлиги қувонарли ҳолат, албатта.

Бу сайёр нуқталарга барча мутасадди ташкилот ва корхоналардан масъуллар бириктирилиб, тадбиркор сифатида рўйхатга олиш, кредит ҳужжатларини расмийлаштириш, тадбиркорлик фаолиятини бошловчиларга мини-технологияларни ва бошқа зарур ускуналар, анжомлар, ҳамда чорва ва парранда етказиб берувчи ташкилотлар билан коллеж биносининг ўзида шартномалар тузиш ишлари амалга оширилган.

Мисол учун, Андижон вилояти Пахтаобод Енгил саноат коллежи битирувчиси Санобар Ҳамидуллаевага Микрокредитбанки томонидан тикувчилик цехини ташкил этиш лойиҳасини амалга ошириш учун 25 млн сўм миқдоридаги кредит маблағи уч йилга расмийлаштириб берилган.

Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазири А.А.Абдухакимов ўзининг “2016 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури параметрлари тўғрисида”ги ахборотида бундай ёндашувлар амалиётини 2016 йилда ҳам Ўрта махсус касб-ҳунар таълими маркази ва Марказий банк билан бирга давом эттиришини таъкидлаб, бунда:

биринчидан – битирувчиларнинг ўз тадбиркорлик фаолиятини бошлаш мақсадида оддий тилда ва қулай шаклда тушунтирувчи (аниқ мисоллар билан) икки турдаги ўқув-амалий ўқув курслари коллеж ва академик лицейларнинг ўзида жорий этилиши;

иккинчидан – ҳар бир туман ва шаҳарларда бизнесини ижобий йўлга қўйган, тадбиркорлик соҳасида катта тажрибага эга бўлган ишбилармонлар сифатида ёш ташаббускорларнинг янги ғоялари асосида ўзининг бизнес маҳсулотларини тайёрлаш ва тадбиркорликка интилаётган ёшларга доимий равишда ёрдам кўрсатиб бориш;

учинчидан – ёшларни иш билан таъминлаш ва ўз бизнесини очишга бўлган қизиқишини кучайтириш, бу борадаги жараёнларни кенг оммага етказиш мақсадида касб-ҳунар коллежларини битирган биттадан ёш йигит ва қизлар мисолида ўз бизнесини очишни ёритиб берувчи махсус телекўрсатувларни йўлга қўйиш, шунингдек келгусида республиканинг йирик 20 та шаҳар марказларида ёшлар учун “Микробизнес ва оилавий тадбиркорликни бошлашга кўмаклашиш марказлари” ташкил этиш ва битирувчилар ҳисобига кичик корхоналардаги ходимлар сонини 50 фоизгача ошириш кўзда тутилган.[10]

Эндиликда хусусий тадбиркорлар томонидан ишчи-ходимларни меҳнатга ёллаш қоидаларига қисқача тўхталиб, Меҳнат кодекси[11] ҳамда Низом[12]да белгиланган нормаларнинг қуйидаги айрим жиҳатларини таҳлилий жадвал асосида кўриб чиқамиз, ўрта махсус касб-ҳунар таълими муассасаларининг битирувчилари тадбиркорлик фаолиятига ишчи сифатида жалб қилинар экан, улар бевосита меҳнат муносабатларнинг субъектига айланади ва уларга меҳнат қонунчилиги тўлиқ тадбиқ этилади.

Меҳнат кодекси бўйича Низом бўйича
Меҳнат шартномасининг амал қилиш муддати
1. Меҳнат шартномалари:

номуайян муддатга;

беш йилдан ортиқ бўлмаган муайян муддатга;

муайян ишни бажариш вақтига мўлжаллаб тузилиши мумкин.

Меҳнат шартномасининг муддати хусусий тадбиркорни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилиш муддатидан ошмаслиги керак.
Меҳнат шартномаси тузиш
2. Меҳнат шартномаси бир хил кучга эга бўлган камида икки нусхада тузилади ва биттаси – иш берувчида иккинчиси – ходимда қолади. Меҳнат шартномаси уч нусхада тузилади, улардан биттаси – хусусий тадбиркор солиқ бўйича ҳисобга олинган жойдаги давлат солиқ хизмати органига берилади, иккинчиси – хусусий тадбиркорда, учинчиси – ходимда қолади.
Ишга қабул қилишни расмийлаштириш
3. Меҳнат шартномаси ходим ва ишга қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган мансабдор шахснинг имзолари билан мустаҳкамланиб, ишга қабул қилиш иш берувчининг буйруғи билан расмийлаштирилади. Буйруқ чиқариш учун ходим билан тузилган меҳнат шартномаси асос бўлади. Меҳнат шартномаси хусусий тадбиркорнинг имзосини муҳр билан тасдиқланади, ишга қабул қилиш тўғрисида буйруқ расмийлаштирилиши талаб қилинмайди.
Меҳнат дафтарчаларини юритиш
4. Иш берувчи корхонада беш кундан ортиқ ишлаган барча ходимларга меҳнат дафтарчасини тутиши шарт. Ходимга хусусий тадбиркор томонидан меҳнат дафтарчаси юритилмайди.
Ходимнинг иш стажини ҳисоблаш
5. Меҳнат дафтарчаси ходимнинг меҳнат стажини тасдиқловчи асосий ҳужжатдир. Ходимнинг меҳнат стажини ҳисоблаш унинг учун Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўланганлиги тўғрисидаги маълумотлар асосида амалга оширилади.

Хусусий тадбиркорда ёллаш бўйича ишлаган иш даврлари унинг учун ушбу даврларда Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўланган тақдирда ходимнинг меҳнат стажига қўшилади.

 

Мухтасар айтганда, хусусий тадбиркорлар меҳнат қонунчилигига мувофиқ, ўз ходимларини меҳнат шартномаси асосида ишга қабул қилиши билан бирга, ишга қабул қилишни буйруқ асосида расмийлаштириб, уларга меҳнат дафтарчаси юритишлари мақсадга мувофиқ бўлади. Чунки, меҳнат дафтарчаси ёш мутахассисларга келгусида ўз меҳнат фаолиятларини давлатимизнинг қайси жабҳасида, давом эттиришидан қатъи назар уларнинг иш стажларини ҳисоблашда албатта асосий ҳужжат вазифасини ўтайди.

Қолаверса, мамлакатимизда кадрлар тайёрлаш ва тегишли тармоқ соҳалари бўйича ёш мутахассисларни етказиб беришда шубҳасиз муҳим бўғинни – ўрта махсус касб-ҳунар таълими муассасалари эгаллашини инобатга олиб, ўрта махсус касб-ҳунар таълими муассасаларига:

замонавий техника, технологияларни эгаллаган, бозор иқтисодиёти, ҳуқуқий давлат мазмун-моҳиятини тушунган, ўз ишини севадиган малакали педагог ходимларни жалб қилиш;

у ерда ўқитиладиган “Тадбиркорлик ва бизнес асослари” фани орқали ушбу соҳага ўқувчи-ёшларни янада қизиқтириш;

ўқув машғулотлари учун зарур бўладиган ҳужжатларнинг намуналарини тўлдириш ва тақдим этиш йўли билан назарий билимни амалиёт билан уйғунлаштириш;

меҳнат шартномаси тузиш қўникмаларини ошириш;

улар учун замонавий талаб ва стандартларга жавоб берадиган ўқув адабиётлар, ўқув-методик материаллар яратиш;

“тенгдош-тенгдошга ўрнак” лойиҳалари ишлаб чиқиш ва ёш тадбиркорларни (белгиланган фаолият туридан қатъи назар) ўқув машғулот (мастер класс)ларига жалб қилиш;

ўз бизнес фаолияти билан шуғулланиш истагида бўлган битирувчиларга ва уларнинг ота-оналарига давлатимиз томонидан яратилаётган кенг имкониятлар ҳақида батафсил ахборот бериш лозимлигини даврнинг ўзи талаб қилмоқда.

Зеро, назарий ва амалий билим, таълим ва тарбия каби инсоннинг ажралмас икки қанотидир. Қолаверса меҳнат билан банд бўлиш нафақат ёшлар келажагини таъминлашда, балки юрт равнақида ҳам муҳим аҳамиятга эгадир.

[1] http://mehnat.uz/ сайт маълумотлари 2015 й.

[2] 15-модда Ўзбекистон Республикасининг 2015 йил 20 августдаги ЎРҚ-391-сон Қонунига асосан 4-банд билан тўлдирилган – ЎР ҚҲТ, 2015 й., 33-сон, 439-модда

[3] Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 7 январдаги 6-сон қарори билан тасдиқланган Хусусий тадбиркорлар юридик шахс ташкил этмасдан шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турлари Рўйхатида белгиланган тартибга таяниб, хусусий тадбиркор бин нафардан уч нафаргача ходимларни ёзма меҳнат шартномаси асосида ишга ёллайди.

[4] Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 15 майдаги ПФ–4725-сон Фармони

[5] Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 31 июлдаги 219-сон қарори билан тасдиқланган Хусусий тадбиркорлар томонидан ходимларни ёллаган ҳолда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги Низом

[6] Ушбу Низомнинг 30-31-бандлари

[7] Ушбу Низомга 2-, 3- ва 4-иловалар

[8] Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 15 майдаги ПФ–4725-сон Фармони 1-банди

[9] http://mehnat.uz/ сайт маълумотлари 2015 й.

[10] http://mehnat.uz/ сайт маълумотлари 2015 й.

[11] Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодекси: Тошкент “Адолат” нашриёти, 2014 й.

[12] Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 31 июлдаги 219-сон қарори билан тасдиқланган Низом

Шавкат Хамрақулов

Республика Кенгаши бош юристконсулти

Print Friendly, PDF & Email