Жорий йилнинг 19 август куни Тошкент политехника музейида Ўзбекистон металлургия ва машинасозлик саноати тармоқлари ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши Ёшлар кенгашининг ташкилий йиғилиши ўтказилди.
Унда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Ёшлар кенгаши раиси С.Мамадиев, Республика Кенгаши масъул ходимлари ва тармоқ тизимига кирувчи Тошкент шаҳридаги Турин политехника университети, “Ўзбекистон қаттиқ қотишмалар ва ўтга чидамли металлар комбинати” АЖ, “GM Uzbekistan” АЖ, “Ўзкабель” АЖ, “Ўзметкомбинат” АЖ, “Чирчиқ трансформатор заводи” ҚК, “GM Povertrain – Uzbekistan” ҚК, “Фотон” АЖ, “Ўзэлектроаппарат-Электрощит” АЖ, “Тошкент қишлоқ хўжалик техника заводи” АЖ, “Ўзстандарт” агентлиги, “Сергели Автотеххизмат” АЖ, Тошкент шаҳридаги Турин политехника университети қошидаги Академик лицейи ҳамда “Ўзавтосаноат” акциядорлик компаниясидан вакиллар иштирок этди.
Ушбу йиғилишни Республика Кенгаши раиси Ахмаджон Хакулов очиб берди ҳамда давлатимиз томонидан ёшларга яратиб берилаётган кенг имкониятларга батафсил тўҳталиб ўтди.
Шундан сўнг, йиғилишга таклиф этилган Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Ёшлар кенгашининг раиси Сарварбек Мамадиев мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларда, шунингдек ҳар томонлама соғлом ва баркамол авлодни вояга етказишга қаратилган ёшларга оид давлат сиёсатининг изчил амалга оширилишида барча бўғиндаги касаба уюшмаларининг фаол иштирокини таъминлаш, ушбу йўналишга оид белгиланган чора-тадбирларнинг ҳаётга тадбиқ этилишида яқиндан амалий ёрдам кўрсатиб бориш Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Ёшлар кенгашининг асосий мақсади эканлигини билдирди.
Йиғилиш жараёнида Ёшлар кенгашининг 11 нафар аъзодан иборат янги таркиби тасдиқланди ва ушбу таркиб томонидан Ёшлар кенгаши раиси вазифасига Республика Кенгаши бош юрисконсульти Шавкатжон Хамрақуловнинг номзоди, Ёшлар кенгаши раиси ўринбосари вазифасига “GM Uzbekistan” АЖнинг Тошкент шаҳри вакиллигида стандартлаштириш бўйича мухандиси Акбар Қосимовнинг номзоди ҳамда Ёшлар кенгаши масъул котиби вазифасига “Фотон” АЖнинг ходими Нигора Пўлатованинг номзоди очиқ овоз бериш йўли билан сайланди.
Шундан сўнг, кун тартибидаги Ёшлар кенгаши тўғрисидаги Низом ҳамда Низом ижросини таъминлашга қаратилган 2016 йилнинг 2-ярим йиллиги учун иш режа тасдиқланди.
Ёшлар кенгаши раиси Ш.Хамрақулов ўз сўзида ёшларни ўз касбига бўлган меҳрини янада оширишга кўмаклашиш, меҳнат қонунчилиги бўйича ёшлар учун белгиланган қўшимча кафолатларнинг қўлланилишини таъминлаш, миллий ва халқаро меҳнат стандартларига оид қонун ҳужжатлари, Ўзбекистон томонидан ратификация қилинган халқаро конвенциялар бўйича ёшларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини янада ошириш, ёшлар ўртасида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни кенг тарғиб этишга қаратилган лойиҳа ва акциялар ташкил этиш, уларнинг бу борадаги ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, ёшлар ўртасида турли маданий-маърифий тадбирлар, кўрик-танловлар, фестиваллар, форумлар ўтказиш, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, уларни ичкиликбозлик ва гиёҳвандлик иллатларидан, бошқа турли ҳалокатли таҳдидлар ҳамда ёт ғоялар бўлган диний ва экстремистик таъсирлардан, тубан “оммавий маданият” хуружларидан ҳимоя қилиш бўйича кенг тарғиб этишга доир комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш Ёшлар кенгашининг янги таркиби олдида турган устивор вазифалар эканлигини таъкидлаб ўтди.
Йиғилиш кун тартибига қўйилган барча масалалар кўриб чиқилгач, Ёшлар кенгаши раиси ташкилий йиғилишни ёпиқ деб эълон қилди ва барча иштирокчиларни Тошкент политехника музейи билан таништирди. Ушбу музейнинг кўргазмали экспонатлари ёшларда илиқ таассурот қолдирди.
Сообщить об опечатке
Текст, который будет отправлен нашим редакторам: